КИРИШ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни ташаббуси ва раҳбарлигида, инвестицияларни жалб қилиб пахта хом-ашёсини ҳосилдорлигини ошириш, пахтани қайта ишлаш, тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарини яратиш ва модернизациялаштириш йўли билан пахта толасини чуқур қайта ишлаб тайёр пахта маҳсулотларини сотишга эришиш мақсадида, пахтани етиштирувчи фермер хўжаликлари, пахтани қайта ишлаш корхоналари, ёғ мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхоналари, тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналардан ташкил этилган, Пахта — тўқимачилик кластерлар тизимини тадбиқ этилиши натижасида, республикада етиштирилаётган пахта хом-ашёсини тўлиқлигича чуқурроқ қайта ишлаб, эндиликда пахта толасини эмас, тайёр пахта маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти яратилди.
Ҳозирги вақтда Пахта-тўқимачилик кластерлари сони 134 тага етган бўлиб улар республикадаги мавжуд 1034,2 минг га пахта майдонларини қамраб олган. Кластерлар томонидан 2016—2021 йилларда 21400 та юқори унумдорли техникалар ва агрегатлар харид қилиниб қишлоқ хўжалигини техника парки янгиланиши, 73,2 минг км ирригация-мелиорация тармоқларини тозаланиши, 213 та насос агрегатлари ўрнатилиши ва қишлоқ хўжалиги соҳасига фан ютуқлари, инновациялар ҳамда илғор технологияларни тадбиқ этиш ва бошқа ишлар натижасида 2022 йилда кластерлар томонидан 3 млн. 800 минг тонна пахта хом-ашёси етиштирилиб 1,3 млн. тонна тола ишлаб чиқарилган ва пахта хом-ашёсини ҳосилдорлиги 36,74 ц/га етказилган. Ҳозирги кунда кластерларни тола бўйича 1,9 млн. тонна ишлаб чиқариш қувватига эгалиги эътиборга олинса, улар хом-ашё бўйича 68,4% таъминланганлиги, яна 31,6%, яъни 1,2 млн тонна пахта хом-ашёси бўйича бўш қувватга эгалиги билинади.
Қисқа вақт мобайнида мамлакатда пахта хом-ашёсини етиштиришдан тайёр пахта маҳсулотлари ишлаб чиқаришгача бўлган барча босқичларни қамраб оладиган тўлиқ даврли 125 дан ортиқ янги ишлаб чиқариш корхоналарини яратилиши, экспортбоп товарлар ишлаб чиқаришга ва пахтани чуқур қайта ишлаш натижасидаги тайёр маҳсулотлар экспорт ҳажмини 3,2 млд. доллардан оширишга ҳамда бу лойиҳалар доирасида 150 мингдан ортиқ доимий иш ўринларини яратиш имкониятига эришилди. Келгуси беш йил мобайнида ҳосилдорликни ошириш, хом-ашёни чуқур қайта ишлашни таъминлаш, калава ип ишлаб чиқарилишини 50% дан 70% га ва ундан кўпга, экспортдан олинадиган валюта миқдорини 7 млд. долларга етказиш назарда тутилаётганлиги, кластерлар тизими аҳоли бандлигини, даромадларини ҳамда мамлакат салоҳиятини ошириш ва мустақиллигини хавфсизлигини таминлашни манбаи, республикада олиб борилаётган инқилобий ислоҳатларнинг ажралмас қисмига айланганлигидан далолат беради.
Пахта — тўқимачилик кластерларининг мақсади пахта хом-ашёсини чуқур қайта ишлаш натижасида олинаётган экспортбоп тайёр пахта маҳсулотларини чет мамлакатларга сотишдан кўпроқ фойда олиш бўлса, пахта тозалаш корхоналари худди шу мақсадга эришиш учун сифатли йигирилувчан тола, техник чигитлар ва бошқа толали маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек сара уруғлик чигитлар тайёрлашни юқори унумдорликда, камхарж ва хавфсиз таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўяди.
Пахта тозалаш корхоналарини иқтисодий самарадорлигини ошириш, барқарор ва узликсиз ривожлантиришга меҳнат жамоаси барча аъзоларининг фаол меҳнат қилиши ва уларни ҳаёт фаолиятини хавфсизлигини таъминланиши, барча хавф-хатарлар таъсирини бартараф этилиши, ресурслар ва тадбиркорлик имкониятларидан, фан-техника тараққиёти ва унинг янгиликларидан самарали фойдаланилиши ҳамда ижтимоий ривожлантиришга кафиллик берилиб эришилади.
Пахта тозалаш саноати соҳасидаги фаолият тажрибаси пахта тозалаш корхоналари иш фаолияти турларининг ҳеч бирини бажарилиши хавфсиз бўлмаслигини кўрсатди. Ҳақиқатдан ҳам, ҳозирги замон ишловчиси табиий, техноген, ижтимоий ва бошқа хавфлар дунёсида яшайди. Шунинг учун, ер юзидаги инсонлар ҳаёт-фаолияти муҳитидаги энг ўткир — халқаро терроризмга қарши кураш, ҳарбий-сиёсий ва ижтимоий-диний низолар каби глобал муаммолар билан бир қаторда ишловчиларни ишлаб чиқариш билан боғлиқ ночор кун кечиришлар, касалланишлар ва жароҳатланишлардан ҳимоялаш муаммоси ўта муҳим аҳамият ҳосил қилади.
Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқаришдаги барча нохуш ҳолатлар бартараф этилиши мумкин бўлган сабаблар оқибатида пайдо бўлади. Шунинг учун, корхоналар иш берувчиларидан мавжуд қонунларни бузилишига ва меҳнат жамоаси манфаатларини суистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларига, технология ва меҳнат интизомига риоя қилиш ҳамда ночор кун кечиришлар оқибатидаги бефарқликлар, бахтсиз ҳодисалар ва касалликлар туфайли ишга чиқмасликлар, ишчи кучининг қўнимсизлиги корхона ва унинг жамоаси учун кўп миқдордаги иқтисодий йўқотишларга сабаб бўлишини эсда тутишлари талаб этилади.
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқаришидаги авариялар ва бахтсиз ҳодисалар тахлили ишлаб чиқариш жароҳатланишлари ва касб касалликларига чалинишнинг асосий сабаблари меҳнат ва технология интизомини бузилиши, персоналнинг касбий тайёргарлик даражасининг пастлиги, хавфсизлик соҳасида унинг малакасизлиги, техноген хавфлар ва улардан ҳимояланиш методларини билмаслиги, яъни, кўпчиллик ҳолларда, инсон омили нохуш оқибатларнинг бош сабабчиси бўлишини кўрсатади. Шунинг учун пахта тозалаш корхоналаридаги замонавий ишлаб чиқаришнинг хавфлари ва зарарларини ўрганиш турли даражадаги мутахассисларни касбий тайёрлашни таркибий қисмларидан бири бўлади.
Бозор иқтисодиёти шароитида ишловчиларни яшаш шароитларини яхшиланиши, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари сонини камайиши, хавфсизликни ошиши ва меҳнат гигиенасини яхшиланишига олиб келувчи энг муҳим омил — қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда иш берувчиларни иқтисодий рағбатлантириш принципидан кенг фойдаланишдир. Иқтисодий рағбатлантириш, шароитларни яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилишга воситалар сарфлашни жарималар, оширилган суғурта бадаллари, ноқулай шароитларда ишлаганлик учун компенсация тўловлари ва меҳнат қобилияти йўқотилганда зарарларни қоплаш сарфларига нисбатан, моддий манфаатлилигини назарда тутади.
Мутахассисларнинг фикрича, ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ имтиёзлар тўлови харажатлари меҳнат шароитларини яхшилаш воситалари харажатларидан икки баробар кўпни ташкил қилади. Бунда иқтисодий самарадорликка жароҳатланиш, умумий ва касбий касалланиш оқибати харажатларини камайиши, иш вақти йўқотилишини камайиши эвазига меҳнат унумдорлигини ошиши, оғир ва зарарли меҳнат шароитлари бўйича имтиёзлар ва компенсациялар харажатлари ҳамда авариялар моддий зарарларини камайиши эвазига эришилади.
Пахта хом-ашёсини тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларида ишлатилаётган машина ва механизмлар, технологик ускуналарни ҳаракатга келтирувчи кучи — электр энергияси билан узликсиз таъминлаш, пахта заводининг самарали фаолияти гарови бўлганлигидан, ўқув қўлланмасида электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилишини таъминлаш масаласига жиддий этибор берилганлиги ўзини оқлайди.
Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилишни вазифаси меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, ишловчиларни ҳаётини ва соғлиғини сақлаш, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар сонини камайтириб ишловчиларни жароҳатланиш ёки касалланиш эҳтимолини минималлаштириш билан биргаликда максимал меҳнат унумдорлигида соғлом ва қулай меҳнат шароитларини яратишдан иборат.
Пахта тозалаш корхоналарида фан ва техника тараққиёти натижалари асосида, замонавий техникалардан фойдаланиб пахтани чуқур қайта ишлаш технологияларини жорий қилиш, машиналар комплексларининг «одам-машина» тизимини мураккаблашувига, меҳнат хусусиятларини ўзгаришига, меҳнат жараёнида янги хавф-хатарларни вужудга келишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида хавфсизликни таъминлаш масалаларига жиддий эътибор берилишини, меҳнат жараёнида аввал сезилмаган ва пахтани чуқур қайта ишлаш машиналар тизимини тадбиқ этилишидан янгидан вужудга келган хавф-хатарларни доимий равишда ўрганилиши, уларни бартараф этишни машиналар тизимини самарадорлигини таъминлаш муаммолари билан уйғунликда ечиш эса, жуда кўп капитал маблағлар ва юқори даражадаги ишлаб чиқариш маданиятини талаб қилади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш вазифаларини ечмасдан туриб юқори ишлаб чиқариш маданиятига эришиш ва капитал маблағларни камайтириш мумкин эмаслиги келиб чиқади.
Юқоридагиларни инобатга олиб, пахта тозалаш корхоналари технологик жараёнлари ва ускуналари хавфсизлиги, электр қурилмаларидан хавфсиз фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш масалалари кучайтириб ёритилган, пахта тозалаш корхоналарининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш муаммоси илк бор илмий асосланган нуқтаи назардан келтирилган «Пахта-тўқимачилик кластерлари пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш» ўқув қўлланмасининг яратилиши ва чоп этилиши, бизнинг фикримизча, ўз вақтида бўлган ва замонавий талабларга жавоб беради.
Ўқув қўлланмасида: меҳнатни мухофаза қилишнинг умумий, ҳуқуқий ва ташкилий масалалари; ишлаб чиқариш муҳити ноқулай омиллари ва уларнинг таъсиридан ҳимоялаш; пахта тозалаш корхоналари жараёнлари ва уларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари; пахтани қайта ишлаш ускуналари, хавфсизлик воситалари ва иш жойларини ташкиллаштиришга умумий хавфсизлик талаблари; ишлаб чиқаришда микроиқлим; иш жойларига қўйиладиган меҳнат гигиенаси талаблари ва иш ўринларини аттестациялаш; ишлаб чиқариш цехлари, бино ва иншоотларига қўйиладиган санитария-гигиена талаблари; корхоналарда меҳнат хавфсизлиги ва шароитларини баҳолаш, етарли таваккал концепцияси; пахта тозалаш корхоналарида электр хавфсизлигини таъминлаш; корхоналарда электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилишини ташкиллаштириш; пахта тозалаш корхоналарида экология хавфсизлигини, иқтисодий хавфсизликни, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш; ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни текшириш; бахтсиз ҳодисалар туфайли жабрланганларга шифокор келгунча дастлабки ёрдам кўрсатиш; пахта тозалаш корхоналари ишловчиларини жамоа ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш; меҳнат хавфсизлигини психофизиологик ва эргономик асослари ҳамда меҳнатни мухофаза қилишнинг кўпчиллик бошқа саволлари ёритилган.
Қўлланма корхоналар рахбарлари, мутахассислари, турли касб ишчилари ҳамда олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари талабалари учун мўжалланган бўлиб, муаллифнинг пахта тозалаш саноати соҳасидаги илмий ишлари ҳамда меҳнат фаолияти тажрибаси асосида яратилди.
Муаллиф, 1994- йилда уни Тошкент вилояти «Пахтасаноат» бирлашмасига ишга қабул қилиб саноатга ишлашга тайёрлашни ташкиллаштирган бирлашма раиси Раҳим Аҳмедович Бўриевни, 1995-йилда Эрқул Зикриёев раҳбарлик қилаётган «Ўздавпахтасаноатсотиш» уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўлимига бош мутахассис лавозимига ишга олиб устозлик қилган Қодир Орзиқулович Ярқуловни миннатдорчилик билан эслаб ўтишни ўз бурчи, ўғиллари Музаффар ва Равшанларнинг китобни яратилишидаги беминнат хизматларини таъкидлаш жоиз деб ҳисоблайди.
Ушбу ўқув қўлланма тўғрисидаги танқидий мулоҳазалар, мутахассислар фикрлари муаллиф томонидан миннатдорчилик билан қабул қилинади ва қўлланмани янада жонли ҳамда таъсирчанлигини ошириб уни такомиллаштиришда фойдаланилади.
1. МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШНИНГ УМУМИЙ МАСАЛАЛАРИ
1.1. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича асосий тушунчалар ва таърифлар
Меҳнатни мухофаза қилиш — бу тегишли қонун ва меъёрий ҳужжатларга биноан амал қилувчи, инсоннинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика ва реабилитация қилиш тадбирлари ва воситалари тизимидир.
Техника хавфсизлиги — ташкилий, техник тадбирлар ва воситалар тизими бўлиб, жароҳатланишга олиб келувчи ишлаб чиқариш омилларининг ишловчиларга таъсирини бартараф қилишга йўналтирилган.
Ишлаб чиқариш санитарияси — ташкилий тадбирлар ва техник воситалар тизими бўлиб, ишловчиларга зарарли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки уларни олдини олишга йўналтирилган.
Меҳнат гигиенаси — профилактик медицина сифатида тавсифланади, меҳнат шароитларини ва меҳнат характерини ўрганувчи, уларни соғлиққа ва инсонни функционал ҳолатига таъсирини ва ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнларини зарарли ва хавфли омилларини ишловчиларга таъсирини олдини олишга йўналтирилган илмий асослар ва амалий чораларни ишлаб чиқади.
Электр хавфсизлиги — электр токи, электр ёйи, электр магнит майдони ва статик электрнинг хавфли ва зарарли таъсиридан ишловчининг ҳимояланиш ҳолатини билдиради.
Ёнғин хавфсизлиги — шахсни, мол-мулкни, жамиятни, давлатни ёнғинлардан ҳимояланиш ҳолати. Ёнғин хавфсизлиги Меҳнат вазирлиги ваколатига кирмайди. Бу ФВВ (фавқулодда вазиятлар вазирлиги) соҳасидир. ФВВ бу соҳадаги ишларни меъёрлаштиради, назорат қилади ва текширади.
Ҳаёт фаолиятини хавфсизлиги — инсонни техносфера билан комфорт ва хавфсиз узвий боғлиқликдаги ҳаракати тўғрисидаги фан.
Меҳнат хавфсизлигини бошқариш — меҳнатни хавфсиз ва зарарсиз шароитларини яратиш мажмуи вазифалари ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонуний норматив ҳужжатларни қўллаш асосида, хавфсизликни таъминлаш, жароҳатланиш, авариялар, касбий касалланишларни камайтириш ва меҳнат шароитларини яхшилаш ишларини ташкиллаштириш.
Касбий тавакалчилик — ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсири натижасида, меҳнат шартномаси бўйича ишловчини ўз мажбуриятларини бажариш чоғида ёки меҳнат кодекси томонидан ўрнатилган ёхуд бошқа ҳолларда соғлиққа зарар келтириш эҳтимоли. Касбий таваккалчиликларни бошқариш — ўз ичига касбий таваккалчиликлар даражасини аниқлаш, баҳолаш ва камайтириш бўйича комплекс чораларни қамраб олган узвий боғланган тадбирлар мажмуини олади. Касбий таваккалчиликларни бошқариш тўғрисидаги Низом, меҳнат соҳасида давлат сиёсатини олиб борувчи ва шу соҳадаги меёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни мувофиқлаштириб борувчи Меҳнат вазирлиги билан меҳнат соҳасидаги ижтимоий-меҳнат қилишни мақбуллаштириш бўйича уч томонлами комиссиянинг хулосасини инобатга олган ҳолда, ҳукуматни бажарувчи органи томонидан тасдиқланади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида қўлланиладиган асосий атамаларни келтирамиз.
Саноат хавфсизлиги (Меҳнатни муҳофаза қилиш ўз ичига саноат хавфсизлигини олмайди) — шахс ва жамиятни хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги авариялар ва уларни оқибатларидан ҳаётий муҳим манфаатларини ҳимояланганлик ҳолати.
Меҳнат шароитлари — ишловчини ишлаш қобилияти ва саломатлигига таъсир этувчи ишлаб чиқариш муҳити ва меҳнат жараёнининг омиллари тўплами.
Ишловчи (ходим) — иш берувчи билан меҳнат муносабатларига кирган жисмоний шахс.
Иш берувчи — ташкилот рахбари (ҳуқуқий шахс) номидан иш юритадиган (нотариус далолатномаси бўйича расмийлаштирилган) ёхуд ишловчи меҳнат муносабатларида бўладиган жисмоний шахс.
Ташкилот — корхона, муассаса ёки мулк шакли ва бўйсинишидан қатъий назар бошқа ҳуқуқий шахс.
Зарарли ишлаб чиқариш омили — таъсири ишловчини касал бўлишига олиб келувчи ишлаб чиқариш омили.
Хавфли ишлаб чиқариш омили — таъсири ишловчини жароҳатланишига олиб келувчи ишлаб чиқариш омили.
Иш жойи (ўрни) — ишловчи туриши керак бўладиган жой ёки иши туфайли бориб турадиган жой ва бевосита ёки билвосита иш берувчининг назорати остида турадиган жой.
Иш зонаси — пол сиртидан 2 метргача баландликда жойлашган фазовий ҳудуд ёки ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида вақтинчалик ва доимий келиб турадиган майдонча шаклидаги иш жойи.
Ишловчиларни шахсий ва жамоавий ҳимояловчи воситалари — ишловчиларга зарарли ёки хавфли ишлаб чиқариш омиллари таъсирини камайтириш ёки бартараф этиш ҳамда уларни ифлосланишдан ҳимоялаш учун фойдаланиладиган техник воситалар тўплами.
Ишлаб чиқариш фаолияти — ресурсларни тайёр маҳсулотларга айлантириш учун, турли хил хом-ашё, қурилиш, турли-туман хизматларни бажаришни ўз ичига олган, меҳнат қуролларини қўллаб одамларни бажарадиган ҳаракатлари тўплами.
Авария — иншоотлар, ускуналар, техник қурилмаларни синиши, одамларни соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдириши мумкин бўлган назоратсиз портлаш ва хавфли моддаларни чиқариб ташланиши.
Авария ҳолати — ишловчиларни жароҳатланишга, деталларни синишига ва бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёнғин ва моддий бойликларни ҳимоясизлигини таъминловчи ҳолат.
Хавфсизлик — бу шундай ҳолатки, бунда персоналнинг соғлиғи ва хавфсизлигига тавакалчилик етарли даражада бўлади.
Ишлаб чиқариш ускунасининг хавфсизлиги — меёрий ҳужжатлар билан ўрнатилган, ишлаб чиқариш ускуналарининг монтаж (демонтаж) ва фойдаланиш жараёнларида меҳнат хавфсизлиги талабларига мос бўлиш хоссаси.
Меҳнат хавфсизлиги — ишловчиларга ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари таъсир кўрсатмайдиган меҳнат шароитлари.
Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса — ишловчи томонидан ўз меҳнат мажбуриятларини ёки иш берувчининг топшириғини бажараётганда ишлаб чиқаришнинг хавфли ёки зарарли омилининг таъсири натижасида содир бўлган ҳодиса.
Меҳнат хавфсизлиги шароитлари — меҳнат шароитларининг ҳолати, бунда ишловчига ишлаб чиқаришни зарарли ва хавфли омиллари таъсирлари бўлмайди, ёхуд уларни таъсир этиш даражаси ўрнатилган меъёрий даражадан анча паст бўлади.
Меҳнат хавфсизлиги талаблари — бажарилиши ишловчиларни хавфсизлигини таъминлайдиган қонунчилик ҳужжатлари, норматив-техник ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларда ўрнатилган талаблар.
1.2. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қонунчилик
Меҳнат ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунлари асосини конституцияга асосланган меҳнат кодекси, меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонун ва ҳукумат қарорлари ташкил қилади. Буларда меҳнаткашларнинг ҳаёти ва соғлигини ҳимоя қилиш давлатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг таркибий қисми ва иқтисодий ислоҳатларни амалга оширишнинг муҳим омили ҳисобланади.
Ўзбекистон республикасининг 2023 йил 30 апрелда ўтказилган референдумда қабул қилган конституциясида: Ўзбекистон халқи инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни барпо этиш, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилиб мазкур конституцияни қабул қилганликлари (муқаддима); ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш (42-модда); ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш (46-модда); ҳар ким соғлиғини сақлаш ва малакали тиббий хизматдан фойдаланиш (48-модда), бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланганлиги ва ҳар ким таълим олиш (50-модда) ҳуқуқига эгалиги, шунингдек хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқга эгалиги (58-модда) келтирилган.
«Меҳнатни мухофаза қилиш» тушунчаси ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш тизимини фаолият юритишини асосий йўналишларини акс эттиради. Бу тизим ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий-техникавий, санитария-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация қилиш ва ишловчиларга, уларни меҳнат жараёнида ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига жавоб берадиган, меҳнат шароитларини яратишга йўналтирилган бошқа тадбирларни ҳам ўз ичига олади. Шунинг учун «Меҳнатни мухофаза қилиш» тушунчасини техника хавфсизлиги ва меҳнат гигиенаси билан алмаштириш мумкин эмас, улар меҳнатни мухофаза қилишни таркибига кирувчи элементлар бўлади. Бундан, меҳнатни мухофаза қилиш бу тизим, меҳнат шароитлари, техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва ш.ў. -лар унинг таркибий қисмлари эканлиги келиб чиқади.
Бундан кейин ажратиш учун, матнда Ўзбекистон республикаси меҳнат кодексининг (29.10.2022 й.) меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги моддалари уч хонали сонлар билан белгиланганлигини, Ўзбекистон республикасининг меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонуни (23.09.2016 й.) моддалари эса бир ёки икки хонали сонлар белгиланганлигини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон республикасининг янги таҳрирдаги меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг мақсади (1-модда) меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат, унда назарда тутилган нормалар, барча хўжалик субъектлари учун риоя қилиниши шарт бўлган, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишловчиларни ҳуқуқ ва кафолатларини қонуний ўрнатади ва республиканинг барча ҳудудлари корхоналарида иш берувчилар ва ишловчилар орасида меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни мувофиқлаштиришни ягона тартибини таъминлайди.
Қонуннинг 5-моддасида ишлаб чиқаришда ёки бошқа фаолият соҳасида банд бўлган одамларнинг ҳаёти ва соғлигини сақлаш ишлаб чиқариш натижаларига нисбатан устиворлигидан келиб чиқиб давлат ва ижрочи ҳокимият органларининг фаолият йўналишлари аниқланилган бўлса, 6…11- модаларида Ўзбекистон республикасида меҳнатни муҳофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши вазирлар маҳкамаси, меҳнат вазирлиги, соғлиқни сақлаш вазирлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат томонидан ваколат берилган органлар томонидан амалга оширилиши ҳамда уларнинг кўпчиллигини меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари келтирилган.
Ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши, шунингдек элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилиши ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши қонунлаштирилган (12-модда).
Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсинишлари ҳамда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифалари меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан (13-модда) шартнома асосида амалга оширилиши ҳам мумкинлиги таъкидланган.
Меҳнатни мухофаза қилишни давлат томонидан бошқарилиши доирасида қонун билан вазирликлар, концернлар ва бошқа корхоналар бирлашмаларида ҳам мажбурий тартибда меҳнатни мухофаза қилиш хизмати тузилиши қонуний ўрнатилган. Агар бундай хизматлар тузилмаса, буни қонунчилик талаблари бузилиши деб эътироф этилади.
Меҳнатни мухофаза қилишга доир талаблар (352-модда) меҳнат фаолияти жараёнида ходимнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлашга қаратилган қоидаларни, тартиб-таомилларни ва мезонларни белгилайди.
Иш берувчилар хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини таъминлаши, ходимларнинг шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари меҳнатни мухофаза қилишга доир талабларга мос келиши ҳамда мувофиқлик сертификатига эга бўлиши шарт.
Иш берувчи меҳнатни мухофаза қилишга зарур маблағлар ажратади ва меҳнатни мухофаза қилиш фондини ташкил этишга ҳақли (353-модда). Бу маблағлар ва материалларни бошқа мақсадларга сарфлаш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси қонунларига кўра (359- модда, 23-модда) хавфсиз шароитларни таъминлаш ва меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар иш берувчининг, аниқроғи — корхонанинг биринчи шахси (раҳбари) зиммасига юкланади.
Ҳар бир ишловчи қуйидагиларга риоя қилишга мажбур (355- модда, 22-модда):
меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилиши;
жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларидан тўғри фойдаланиши;
ишларни бажаришни хавфсиз методлари ва усулларидан ўқитилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқ олиши;
дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан мажбурий ўтиши.
Мажбуриятлардан ташқари, ҳар бир ишловчи Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатларга, хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқига эга. Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилишлари учун, ишловчиларга бериладиган ҳуқуқий кафолатларга қуйидагилар киради:
давлат ишловчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб берадиган шароитда меҳнат қилиш ҳуқуқини ҳимоялашни кафолатлайди;
меҳнат шартномаси бўйича меҳнат шароитлари меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига жавоб бериши керак;
ишловчини айбисиз меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилиши оқибатида ишлар тўхтатиб қўйилган вақт учун ишловчига иш ўрни ва ўртача иш ҳақи сақланади;
меҳнат мажбуриятларини бажараётганда ишловчини ҳаёти ва соғлиғига зарар етказилса кўрсатилган зарар амалдаги қонунларга кўра қопланади.
Қонун билан иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестацияси иш берувчи томонидан ўтказилиши, ўтказиш даврийлиги беш йилда камида бир марталиги (14-модда), ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизимининг аудити иш берувчининг қарорига биноан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозорининг профессионал иштирокчилари томонидан шартнома асосида амалга оширилиши (15-модда) белгиланган.
Меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текшируви (28-модда) ҳамда меҳнат шароитларининг давлат экспертизаси (29-модда) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг меҳнат бўйича давлат техник инспекторлари ҳамда шу вазирликнинг меҳнат шароитлари бўйича давлат экспертлари томонидан амалга оширилиши ва уларга меҳнат хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ҳамда ходимларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирадиган ташкилотларнинг фаолиятини ёки асбоб-ускуналардан фойдаланишни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб қўйиш ҳуқуқи берилган.
Меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонунда (18-модда) келтирилиб меҳнат кодексида (363-модда) мустаҳкамланган талабларга кўра, меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши, ходимларнинг шахсий ҳимоя воситаларини олиш, сақлаш, ювиш, тозалаш, таъмирлаш, дезинфекция қилиш ва зарарсизлантириш иш берувчининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши ўрнатилган.
Ўзбекистон республикасининг меҳнат кодексининг 364-моддаси билан, иш берувчи соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳоли бўлган ишга ўтказишга мухтож ходимни унинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламаган ҳолда, шундай ишга ўтказиши шартлиги, меҳнатда майиб бўлганлиги ёки иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга уларнинғ соғлиғи шикастланганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлаши қонунлаштирилган.
1.3. Меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ҳудуд нормативлари
Меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида ҳуқуқий ҳудуд узвий боғланган тўрт даражали ҳуқуқий нормативлардан: ягона, тармоқлараро; тармоқлар учун ва корхоналар нормативларидан ташкил топган.
Ягона ҳуқуқий нормативлар меҳнатни мухофаза қилиш соҳасида давлатни устивор принципларини ўрнатадиган асосий давлат ҳужжатларини: Ўзбекистон республикасининг конституцияси, меҳнат кодекси ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунини ўз ичига олади.
Тармоқлараро ҳуқуқий нормативлар — меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги давлат ҳужжатлари бўлиб, уларда тармоқ белгилари бўлмаганлиги учун, иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўлланилади. Уларга электр хавфсизлиги қоидалари, қурилиш ва таъмирлаш ишларини хавфсиз бажариш қоидалари, меҳнат хавфсизлиги тизимига киритилган меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ), айрим хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари билан ишлаш санитар қоидалари ва нормалари (СҚваН) ва б.қ. киради.
Тармоқ ҳуқуқий нормативлари — мамлакатнинг у ёки бу иқтисодиёт тармоғи хусусиятларига мос хавфсизлик талабларини аниқлайди: кимё, металлургия, тўқимачилик ва саноатнинг бошқа турлари хавфсизлиги қоидалари; пахта тозалаш саноати хавфсизлиги қоидалари ва б. қ. Бу ҳуқуқий нормативлар фақат муайян иқтисодиёт тармоғига мўлжалланган ва бошқа тармоқларда юридик кучга эга бўлмайди.
Меҳнатни муҳофаза қилишнинг тармоқлараро қоидалари Меҳнат вазирлиги томонидан, алоҳида тармоқ учун қоидалар эса тегишли тармоқ бошқарув органи томонидан тақдим этилиб Меҳнат вазирлиги томонидан тасдиқланилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари маълум муддат давомида фойдаланиш учун ёки чекланмаган муддатга тасдиқланади.
1.4. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар — меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича талаблар ўрнатадиган ва ишлаб чиқариш жараёнларини лойиҳалашда, ташкиллаштириш ва амалга оширишда, алоҳида иш турларини, ишлаб чиқариш ускуналари, қурилмалари, агрегатлари, машиналари, аппаратларидан фойдаланишда, шунингдек бошланғич материалларни, тайёр маҳсулотларни, моддаларни, ишлаб чиқариш чиқиндиларини ва б.қ. ташишда, сақлашда, қўллашда бажарилиши мажбурий бўлган меъёрий ҳужжатдир.
Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимини (МХСТ) ҳаракатда бўлишини инкор этмайди, ҳамда қуйидагиларга қурилиш ва санитар меъёрлари ва қоидалари, шунингдек Ўзбекистон республикаси назорат органлари билан тасдиқланган қоидалар, хавфсизлик меъёрлари ва ҳужжатларга зид бўлмаслиги керак.
1.5. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича корхоналар нормативлари
Корхоналар нормативлари — фақат шу корхонада амалда бўлган меҳнатни мухофаза қилиш бўйича норматив ҳужжатлар (буйруқлар, қарорлар, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар) ни ўз ичига олади.
Битта ҳуқуқий ҳудудга киритилган нормативларнинг ҳар бири бир хил ҳуқуқий кучга эга, яъни корхонани иш жойини меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномасидаги меҳнат хавфсизлиги талабларини бажарилиши ишловчилар ва иш берувчилар учун Ўзбекистон республикаси конституцияси моддалари ёки тармоқ меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалари талабларини бажариш билан бирдай мажбурийдир. Ҳуқуқий ҳудудга кирган ҳар бир норматив ҳужжат талабларини бузилганлиги учун бирдай жавобгарлик шакли назарда тутилади.
Давлат ва тегишли ижрочи органларни ҳуқуқий норматив ҳужжатлари асосида, корхоналар меҳнатни мухофаза қилиш бўйича корхоналар стандартларини, ишловчилар касблари ва алоҳида иш турлари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар.
Касаба уюшмалари қўмиталарининг ёки ишловчиларнинг бошқа вакиллик органлари меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ҳуқуқий норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва келишишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Амалдаги меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими меҳнат хавфсизлигини стандартлаштириш масалаларини ечишга ва меҳнат хавфсизлиги талабларини стандартлар ва техник шартларга киритишга мўлжалланган.
Ўз таркиби бўйича меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими (МХСТ- ГОСТлар) бешта тизим ости стандартларидан тузилган, уларга: 12.0; 12.1; 12.2; 12.3; 12.4 тартиб рақамлари тақдим этилган.
Ташкилий-методик стандартлар (12.0). Бу стандартлар меҳнат хавфсизлигини баҳолаш методларини, хавфли ва зарарли омилларнинг синфланишини, меҳнат хавфсизлиги соҳасида мақсадлар, масалалар ва тузилишларни ўрнатади.
Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш турлари бўйича нормалар ва талаблар стандартлари (12.1). Бу стандартлар кўриниш, таъсир тавсифи, қийматни рухсатли чегараси ва назорат методларига ҳамда зарарли моддалар билан ишлашда хавфсизлик талабларини ўрнатади. Улар яна, ёнғин- ва портлаш хавфсизлиги, электр хавфсизлиги, радиация, титраш ва биология хавфсизлиги, шунингдек шовқиндан, инфра- ва ультратовушдан, электр магнити майдонидан, зарарли моддалардан ҳимояланиш талаблари, ёруғликка ва муҳит ҳавосига талабларни ўрнатади.
Ишлаб чиқариш ускуналари хавфсизлигига талаблар (12.2). Уларда бутунлай ускунани конструкциясига ва унинг алоҳида компонентларига, шунингдек хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш методларига талаблар ўрнатилган.
Ишлаб чиқариш жараёнлари хавфсизлигига талаблар стандартлари (12.3). Уларга ускуналарни жойлаштириш ва иш жойларини ташкиллаштириш, технология ускуналарини ишлаш тартиблари, иш жойлари ва меҳнат тартиби, бошқарув системаларига талаблар ҳамда хавфсизлик талаблари бажарилишини назорат қилиш киритилган.
Ишловчиларни ҳимоя воситаларига талаблар стандартлари (12.4). Бу стандартлар ҳимоя воситаларини синфлайди ва алоҳида синфлар ва ҳимоя қурилмалари турларини фойдаланиш, конструкцияси ва гигиенаси кўрсаткичларига, шунингдек уларнинг ёрдамчи ускуналари, ҳимояловчи ва сақловчи чегараловчилари, тўсқичлагичлари, сигналлаштиргичлари, ишончлилик ва мустаҳкамлигига, қўллар, бошни, нафас олиш ва эшитиш органлари ҳимоя воситаларига ва б.қ. га талабларни киритиб назорат ва ҳимояни баҳолаш методларини ўрнатади.
Меҳнатни мухофаза қилишнинг техник ва санитар нормалари ҳамда меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими талаблари алоҳида ишлар ва ишлаб чиқариш жараёнлари учун «Нормалар ва қоидалар» орқали халқ хўжалиги тармоқларига тадбиқ қилинади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича давлат томонидан қўйиладиган меъёрий талабларга биноан, меҳнатни муҳофаза қилишдан меъёрий ҳужжатлар, қоидалар ва йўриқномаларни ишлаб чиқиш тартиби, келишуви, тасдиқланиши, ҳисобга олиниши, чоп этилиши, тарқатилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидалари ва йўриқномаларни бекор килиниши, уларни тузилишига қўйиладиган талаблар, мазмуни, расмийлаштирилиши ва белгиланиши, уларни текшириш тартиби, кўриб чиқилиши ва улар билан корхоналарни таъминланиши ҳамда уларга риоя этилишини назорат қилиш ва текшириб туриш тартиби ўрнатилган.
1.6. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома — ишлаб чиқариш участкаларида, корхонани ҳудудида, қурилиш майдончаларида ва бошқа ишларни бажаришда ва хизматлар кўрсатишда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ўрнатиладиган меъёрий ҳужжатдир.
Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари намунавий (тармоқники ёки тармоқлараро) ва корхоналар ишловчилари учун бўлади (алоҳида лавозимлар, касблар ва иш турлари учун).
Намунавий йўриқномалар хўжалик юритувчи органлар томонидан, тегишли касаба уюшмалари билан келишилиб, тасдиқланилади.
Тармоқда намунавий йўриқнома сифатида бошқа тармоқни намунавий йўриқномаси ҳам қабул қилиниши мумкин, бунда шу йўриқномани тасдиқлаган хўжалик юритиш органи билан келишиш керак бўлади.
Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар лавозимлар бўйича (Бошқарув раиси, бош мухандис, бош бухгалтер ва ҳ.к.), алоҳида касблар бўйича (электрпайвандчи, электромонтёр, лаборантлар, чилангарлар ва ҳ.к.), алоҳида ишлар учун (баландликда ишлайдиган ишчилар учун, таъмирлаш ишлари, тажриба-синов ишларини ўтказиш ва ҳ.к.) ишлаб чиқилади. Меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномаларини штат жадвалига биноан ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Ишловчилар учун намунавий йўриқномалар қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:
умумий хавфсизлик талаблари;
ишни бошлашдан олдинги хавфсизлик талаблари;
ишни бажаришда хавфсизлик талаблари;
авария ҳолатларда хавфсизлик талаблари;
иш бажарилгандан кейин хавфсизлик талаблари.
Керак бўлганда йўриқномаларга янги, қўшимча бўлимлар киритилади.
Киритилаётган янги ишлаб чиқариш корхоналари ишловчилари учун вақтинчалик йўриқномалар ишлаб чиқилишига рухсат берилади. Вақтинчалик йўриқномалар теҳнологик жараёнларни хавфсиз бажарилишини ва ускуналарни хавфсиз ишлатилишини таъминлаши керак.
Барча лавозимли шахслар учун йўриқномалар, тегишли касаба уюшмалари ва меҳнатни мухофаза қилиш хизмати, керак бўлганда бошқа хизматлар билан келишилиб, корхона раҳбари томонидан тасдиқланилади.
Йўриқномалардан ишга қабул қилинаётган барча ишловчиларга кириш йўл-йўриғини, иш жойидаги дастлабки ва кейинчалик ҳар чоракда ўтказиладиган даврий йўл-йўриқларини, меҳнат қилиш хусусиятлари ўзгарганда навбатдан ташқари ҳамда бевосита мутахассислик бўйича мажбуриятлар билан боғланмаган бир маротабалик ишларни бажаришда (юклаш, тушириш, ҳудудларни тозалаш, наряд — рухсат расмийлаштирилиши керак бўлган ишларни бажариш ва ҳ.к.) ўтказиладиган мақсадли йўл-йўриқларни беришда фойдаланилади. Ишловчилар учун йўриқномалар дастлабки йўл-йўриқ ўтказишда, йўл-йўриқ шахсий карточкасига қўл қўйдирилиб, ишловчиларга берилиши ёки иш жойлари, ёхуд участкаларда осиб қўйилиши, ишловчилар фойдалана олиши мумкин бўлган жойда сақланиши керак.
Йўриқномаларни ишловчилар томонидан ўрганилишини иш берувчи таъминлайди.
Ишловчилар учун йўриқнома талабларини бажариш мажбурийдир.
Бу талабларни бажармаслик меҳнат интизомига риоя этмаслик даражасида тушунилади, ва тегишли чора кўрилади.
Персонал билан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ишлаш ишлаб чиқариш фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир. Ушбу фаолият хавфсизликни, ишончлиликни ва корхонани ишини самародорлигини таъминлайди, ва қуйидаги асосий вазифаларни бажаришга:
ишга қабул қилинаётган шахсларни малакасини иш ўрни тавсифига ва ишлаб чиқариш шароитларига мослигини таъминлаш;
ишни мустақил бошлашдан олдин ишловчиларда, шунингдек, махсус билимлар талаб қилинадиган, тегишли назорат органларининг рухсати бўлиши лозим бўлган ишларни бажаришда ҳам, керакли билимлар ва тажриба орттирилишини таъминлаш;
меҳнат фаолияти жараёнида керакли билимлар ва малакани сақланиши, ишлаб чиқариш малакасини ривожлантириб борилиши;
ишлаб чиқариш шароитлари ўзгарганда билимларни ва малакани такомиллаштириш;
ишловчиларни меҳнат фаолияти жараёнида касбий билимлари ва малакасини доимий ва систематик равишда назорат қилиш;
ишларни хавфсиз бажаришни илғор усулларини ўрганиш ва қўллаш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қоидалар, меъёрлар ва йўриқномаларни персонал томонидан риоя қилинишини мажбурийлик ҳиссида тарбиялашга йўналтирилган бўлади.
1.7. Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлашнинг стандартларини ишлаб чиқиш
Корхоналарда асосан меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизимининг ташкилий-методик стандартлари ишлаб чиқилиб, қуйидагилар стандартлаштириш объектлари бўлади: корхонада меҳнат хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш, режалаштириш ва рағбатлантириш тартиби; ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитишни ва йўл-йуриқ беришни ташкиллаштириш; хавфи юқори бўлган объектларни назорат қилиш; меҳнат хавфсизлигини назоратини ташкиллаштириш; хавфи юқори даражада бўлган объектларга хизмат кўрсатувчи шахсларни аттестация қилиш; корхона бўлинмалари ва хизматларида меҳнат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишларни баҳолаш методикаси; корхонада ишлаб чиқаришда олинган тан жароҳатланишлари ва касб касалликлари сабабларини тахлил қилиш тартиби; корхонани конструкциявий ва технологик ҳужжатларига хавфсизлик талабларини киритиш тартиби; корхонада ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ишларини ташкиллаштириш; меҳнат хавфсизлигини баҳолаш учун ўлчашлар ўтказиш тартиби ва методлари; МХСТ ни тадбиқ қилиш ва унга риоя этиш назоратини ташкиллаштириш; ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ундан фойдаланиш ва сақлашда хизмат кўрсатиш талаблари ва бошқалар.
Меҳнатни мухофаза қилиш йўриқномаси маълум иш жойида муайян ишни бажараётган ишчига мўлжалланган бўлса, корхона стандартлари йўриқномалар ишлаб чиқувчи шахсларга йўналтирилган бўлади.
Корхонада ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати бош инженер тасдиқлайдиган рўйхат асосида олиб борилади. Ишлаб чиқилиши керак бўлган стандартлар рўйхати асосида корхонада буйруқ чиқарилади ва стандартларни тадбиқ этиш ташкилий-техник тадбирлари режаси тасдиқланади.
МХСТ-ни корхонани таркибий бўлинмалари ва хизматларида тадбиқ этилишини назоратини корхонани меҳнатни мухофаза қилиш хизмати олиб боради.
Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қуйидаги ҳужжатлар:
меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнатни мухофаза қилиш, санитар-соғломлаштириш тадбирлари бўлими бўлган жамоа шартномаси;
иш жойларини аттестациялаш ҳаритаси;
меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг чораклик иш режаси;
ишлаб чиқаришга стандартларни тадбиқ этиш далолатномалари;
ишчилар ва инженер-техник ходимларни меҳнат хавфсизлигидан ўқитиш, йўл-йурик бериш ва билимларни текшириш дастурлари;
корхона раҳбарлари ва инженер-техник ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича лавозим мажбуриятлари;
корхонани барча касб ишловчилари учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маҳаллий йўриқномалар ва бошқалар ишлаб чиқилади ва юритилади.
1.8. Меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиш
Меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳолати ва ишлаб чиқаришда хавфсизлик нормалари ва қоидаларига риоя қилиниши устидан давлат, тармоқ ва жамоа назорати ўрнатилган.
Ўзбекистонда меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари риоя қилиниши устидан давлат текшируви ва назоратини, корхона маъмурияти фаолиятига боғлиқ бўлмаган, давлат органлари: Меҳнат вазирлиги меҳнат қонунларини, меҳнатни муҳофаза қилишни барча нормалари ва қоидаларини бажарилишини назоратини олиб боради. Давлат санитар-эпидемиологик назоратини Соғлиқни сақлаш вазирлиги органлари олиб боради. Бунда корхоналар томонидан санитар-гигиена ва санитар-эпидемияга қарши нормалар ва қоидаларни бажарилишини назорати олиб борилади. Энергетика вазирлиги қошидаги Давлат энергия назорати ускуналарни тўғри ўрнатиш ва электр ускуналардан тўғри фойдаланиш устидан назорат олиб боради. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғиндан сақлаш бошқармаси бино-иншоотларни қуриш, технология жараёнларини бажариш, технологик ускуналардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириб, технологик жараёнларни бажаришда, шунингдек, ускуналар, бино ва иншоотлардан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларини бажарилиши устидан назоратни олиб боради.
Ундан ташқари республика прокуратураси, адлия вазирлиги ҳамда тоғ-кон ва саноат назорати, йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат инспекциялари, табиатни мухофаза қилиш қўмиталари давлат назоратини олиб борадилар.
Тармоқ назоратини тегишли вазирлик, уюшма, концерн, корпорация амалга оширади.
Жамоа назоратини (меҳнатни мухофаза қилиш қонунларининг бажарилиши устидан) касаба уюшмалари, экологик хавсизликни таъминлаш ва санитар-соғломлаштириш тадбирларини назоратини халқаро «ЭКОСАН» жамғармаси олиб борадилар.
Меҳнатни мухофаза қилишнинг асосий вазифаси ҳозирда мавжуд ва янгидан вужудга келаётган нохуш омилларни доимий равишда ўрганиш, хавфсиз ва зарарсиз меҳнат қилишни таъминлайдиган тадбирларни ишлаб чиқиш ва бажаришдан иборат.
Меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаган айбдор шахслар, шартномалар ва келишувларда, меҳнат шартномаларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятларни бажармаганлар ёки меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини риоя қилинишига масъул давлат назорат ва текширув органларига қаршилик кўрсатганлар ҳамда жамоа назоратини олиб борувчиларга тўсқинлик қилганларга нисбатан интизомий, маъмурий, фуқаро-ҳуқуқий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилади.
Интизомий жавобгарликка хайфсан бериш, ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиш, ишга маст ҳолда, наркотик ёки заҳарли моддалар истеъмол қилган ҳолда келганлиги учун ходимга ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши ва ишдан бўшатиш киради. Ҳар бир хатти-ҳаракат учун фақат битта интизомий жазо берилади ва у амал қилиб турган муддатда ходим рағбатлантирилмайди.
Маъмурий жавобгарлик, назорат органлари томонидан, лавозимли шахслар жаримага солиниб (тортилиб) амалга оширилади.
Меҳнат мажбуриятларини бажариш пайтида ўз айби билан корхонага моддий зиён етказган ишловчиларга нисбатан моддий жавобгарлик чора-тадбирлари қўлланилади.
Лавозимли шахсларнинг техника, ёнғин ва саноат санитарияси қоидаларини бузганлиги учун жиноий жавобгарлигида жарима, ишдан бўшатиш ёки ахлок тузатиш ишлари ҳамда бир йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.
Корхонада меҳнат тартиби иш берувчи ва ходимларнинг касаба уюшмаси қўмитаси ёки бошқа вакиллик органи билан келишилиб тасдиқлайдиган ички меҳнат тартиби қоидалари билан билан белгиланади.
Пахта тозалаш корхоналари учун намунавий ички меҳнат тартиби қоидаларида [16] ишчи ва хизматчиларни ишга қабул қилиш ҳамда ишдан бўшатиш, ишчи ва хизматчиларнинг асосий меҳнат мажбуриятлари, иш берувчининг (унинг вакилининг) асосий мажбуриятлари, иш вақти ва унинг фойдаланилиши, ишдаги муваффақиятлари учун рағбатлантириш, меҳнат интизомини бузганлик учун жавобгарлик ва бошқалар кўрсатилган.
1.9. Корхонада меҳнат хавфсизлигининг уч босқичли назоратини олиб бориш тартиби ва муддатлари
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича уч босқичли маъмурий жамоа назорати корхонанинг барча иш жойлари, участкалари, цехлари ва бошқа ҳудудларида меҳнат шароитлари ва хавфсизлигининг ҳолати ҳамда барча хизматлар, мансабдор шахслар ва ишчилар томонидан меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қонунлар, қоидалар йўриқномалар ва бошқа норматив-техник ҳужжатлар талабларига риоя этилишини назорат қилишнинг асосий шаклидир. Пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилишнинг уч босқичли назоратининг биринчи босқичида корхонанинг барча бўлинмаларида ҳар куни иш жойларининг хавфсизлик ҳолатини, ускуналар созлигини, ҳимояловчи тўсиқлар борлиги, тўсқичлагичлар ўрнатилганлиги ва уларнинг созлигини, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланилаётганлигини ва бошқаларни назорат қилади. Аниқланган камчилликлар махсус журналда қайд қилиниб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Уч босқичли назоратнинг иккинчи босқичида цех бошлиғи, тайёрлов маскани бошлиғи, смена устаси, тегишли цех (тайёрлов маскани) касаба уюшмасининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича комиссиясининг раиси, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мухандис ва цех шифокори камида ойига икки марта цехда, тайёрлов масканида, ишлаб чиқариш участкасида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назоратини олиб боради. Иш жойларида ҳамда бутунлай цехлар ва тайёрлов масканларида аниқланган камчиликлар махсус журналда қайд этилиб уларни бартараф этиш чоралари кўрилади.
Учинчи босқични корхона бош мухандиси, корхона касаба уюшмасининг раиси, корхона шифокори, меҳнат хавфсизлиги бўлимининг бошлиғи, бош механик ва бош энергетик билан биргаликда ойида бир марта корхона цехлари, участкалари ва тайёрлов масканларида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиб турадилар. Текширув натижалари корхона раҳбари ёки бош мухандиси ҳузуридаги цех, участка ва тайёрлов масканлари бошлиқларини ишлаб чиқариш бўйича йиғилишида муҳокама қилинади ҳамда камчиликларни бартараф этиш, меҳнат шароитларини яхшилаш тадбирлари, уларни бажариш муддатлари ва бажарувчилари кўрсатилган буйруқ билан расмийлаштирилади ва унинг амалий бажарилиши таъминланади.
1.10. Меҳнатни муҳофаза қилишни иқтисодий аспектлари
Меҳнат шароитлари, ва шунингдек, жароҳатланиш, ўлим ва касб касаллигига чалиниш нафақат алоҳида инсонлар ва уларнинг оилаларига, жамиятга, шу билан бирга муайян корхона, регион ва ҳатто мамлакат иқтисодиётига ҳам таъсир қилади. Хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини яратишни ижобий иқтисодий натижаларига: меҳнат унумдорлигини ошиши; меҳнат ресурсларининг сақланиши ва ишловчиларни касбий фаоллигини ошиши; ва шу икки кўрсаткични яхшиланиши эвазига миллий маҳсулотни кўпайиши киради.
Меҳнат унумдорлигини ошиши муддатидан олдин чарчаб қолишни олди олинганлиги, кичик жароҳатланишлар камайганлиги ҳамда жароҳатланишлар, умумий ва касб касалликларига чалинишлар камайганлиги натижасида вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик ва ишда тўхтаб қолиш вақтлари камайганлиги эвазига содир бўлади.
Меҳнат ресурсларининг сақланиши ишловчилар ҳаёти давомийлигини ошиши, шунинг учун меҳнат стажи ва касб маҳоратининг ошиши, шунингдек, пенсионерлар меҳнатидан уларга мос иш ўринларида фойдаланиш билан боғланган.
Бундан ташқари, зарарли шароитларда ишлаганлик учун имтиёз ва компенсация харажатлари (қисқартирилган иш куни, қўшимча татил, оширилган тариф ставкалари, имтиёзли пенсия, сут ва пархез овқатларнинг текин берилиши) корхонанинг иқтисодий ҳолатига таъсир этмай қолмайди. Ноқулай меҳнат шароитлари билан боғлиқ кадрлар қўнимсизлиги ҳам харажатларнинг кўпайишига (янги ходимларни излаш, уларни ўқитиш ва ишни бошлаш даврида камроқ иш унумдорлигида ва кўпроқ хатолар билан ишлашини инобатга олиб уларни ишга мослаштириш ва б.қ.) олиб келади.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасида иш берувчиларни меҳнат шароитларини яхшилашга йўналтирувчи иқтисодий манфаатлантириш етарли даражада эмаслиги ва кам самаралилиги кейинги пайтларда зарарли ва хавфли меҳнат шароитли иш ўринларини кўпайиб боришига олиб келмоқда.
1.11. Ишлаб чиқариш маданияти ва унга эришиш йўллари
Ишлаб-чиқариш маданияти меҳнатга виждонан ёндошиш билан бошланади. Эркин яратувчанлик меҳнатда инсонни дунёқараши таркиб топади, унинг истеъдоди ва имкониятлари ривожланади, тажриба ва билими кўпаяди. Агар ишлаб-чиқариш маданиятини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлашга йўналтирилган барча тадбирлар узликсиз равишда режа бўйича олиб борилса, ишлаб чиқариш жароҳатининг камайиши қонуний тус олади. Шартли равишда ушбу тадбирлар учта гуруҳга бўлинади.
Биринчи гуруҳга ишлаб чиқаришни самарадорлигини ошириш ва ишловчилар меҳнатини ташкиллаштириш, иш жойларида тозалик ва тартибни назорат қилиш, корхона ҳудуди ва ишлаб чиқариш биноларини кўкаламзорлаштириш, ёритгичларни рационал жойлаштириш, шовқинни ихоталаш ва табиий шамоллатиш қурилмалари, механизмлар, ускуналар, хоналарни техник эстетика талаблари бўйича ранглаш, меҳнат қонунларига ва ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш тадбирлари киради.
Иккинчи гуруҳга: сермеҳнат ва оғир ишларни механизациялаштириш тадбирлари, жумладан, пахта ва пахта маҳсулотларини транспорт воситаларига юклаш, ташиш, пахтани ғарамлаш ва уни технологик оқимга қайта ишлаш учун узатиш; технологик ускуналар ва ишлаб чиқариш участкаларини ҳамда вентиляция, аспирация ва чанг тутиш қурилмалари, гидропресс ускуналари, сепаратор ва шу каби катта ўлчамли ускуна ва машиналарни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш тадбирлари киради.
Учинчи гуруҳга: технологияни такомиллаштириш, янги ишлаб чиқариш ва маиший хизмат кўрсатиш хоналарини қуриш ва реконструкция қилиш, технологик жараёнларни комплекс механизациялаштириш ва автоматлаштириш, юк ортиш-тушириш ишларини ялпи механизациялаштириш, ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш ҳамда ишловчиларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва бошқалар киради.
2. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МУҲИТИ НОҚУЛАЙ ОМИЛЛАРИ ВА УЛАРНИ ТАЪСИРИДАН ҲИМОЯЛАШ
2.1. Ишлаб чиқариш муҳити ноқулай омилларининг синфланиши
Ишлаб чиқариш муҳитининг ноқулай омиллари табиий таъсири бўйича қуйидаги гуруҳларга бўлинади: физикавий; кимёвий; биологик ва психофизиологик.
Ишлаб чиқаришнинг физикавий ноқулай омиллари ўз ичига қуйидагиларни: ҳаракатланаётган машиналар ва механизмлар; ишлаб чиқариш ускунасининг қўзғалувчан қисмлари; силжитилаётган пахта хом-ашёси, пахта маҳсулотлари, материаллар; бузилаётган пахта ғарамлари; иш зонаси ҳавосини юқори чангланганлиги ва газланганлиги; ускуналар, материаллар сиртларининг юқори ёки паст ҳарорати; иш зонаси ҳавосини юқори ёки паст ҳарорати; иш жойида шовқинни юқори даражаси; титрашни юқори даражаси; инфратовуш тебранишларининг юқори даражаси; ультратовушни юқори даражаси; иш зонасида юқори ёки паст барометрик босим ва унинг тез ўзгариши; ҳавони юқори ёки пастки намлиги; ҳавони юқори ёки пастки қўзғалувчанлиги; иш зонасида ионлаштирувчи нурланишнинг юқори даражаси; одам танаси орқали ўтиб туташиши мумкин бўлган электр занжири кучланишининг юқори қиймати; статик электрнинг юқори даражаси; электр магнити нурланишининг юқори даражаси; электр майдонини юқори кучланганлиги; магнит майдонини юқори кучланганлиги; табиий ёритишни етарли эмаслиги ёки йўқлиги; иш зонасини етарли ёритилмаганлиги; ёритишнинг юқори ёрқинлиги; тўғри ва аксланган ялтираш; ёруғлик оқимининг юқори пульсацияланиши; ультрабинфша радиацияни юқори даражаси; инфрақизил радиацияни юқори даражаси; деталлар, асбоблар, ускуналар сиртларидаги ўткир қирралар, ғадир-будирликлар; иш жойини ер (пол) сиртига нисбатан анча юқорида жойлашганлиги ва вазнсизликни олади.
Кимёвий ноқулай омилларга турли агрегат ҳолатидаги ўткир моддалар: дихлорэтан, ацетон, бензол ва бошқа эритувчилар; метан, корбонат ангидрид, ацетилен ва бошқа газлар; лаклар, буёқлар, эмаллар; дори воситалари ва бошқа кимёвий моддалар киради.
Ишлаб чиқариш муҳитининг кимёвий ноқулай омиллари қуйидагиларга бўлинади:
одам организмига таъсирини тавсифи бўйича — токсик, ғаштлантирувчи-ғижинтирувчи, сенсибилизация қилувчи, канероген, мутаген, репродуктив (насл) фаолиятга таъсир этувчи;
одам организмига ўтиш йўли бўйича — нафас олиш органлари орқали; ошқозон-ичак йўли бўйича; тери ва кўзни шиллиқ қавати бўйича.
Ишлаб чиқаришнинг биологик ноқулай омиллари ўз ичига биологик объектлар — патоген микрорганизмлар (бактериялар, вируслар, риккетсии, спирохети, одий қўзиқорин) ва улар ҳаёт-фаолиятининг маҳсулотларини олади.
Асаб-психик юкланганлик ақлий ўта юкланганликка, тахлиллагичларни ўта юкланганлиги, меҳнатни монотонлиги, ҳиссиётли ўта юкланганликка бўлинади.
2.2. Ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари
Одамнинг меҳнат фаолияти ишлаб чиқариш шароитларининг маълум муҳитида кечади ва у гигиеник талабларга риоя қилинмаганда одамни ишлаш қобилияти ва соғлиғига номақбул таъсир кўрсатиши мумкин. Одамни ҳаёти ва соғлиғига номақбул таъсир этадиган ҳодиса, жараён ва нарсага хавф дейилади.
Маълум шароитларда ишловчига номақбул таъсири жароҳатланишга ёки бошқа бехосдан соғлиқни тез ёмонлашувига, ҳатто ўлимига олиб келувчи омил ишлаб чиқаришнинг хавфли омили, номақбул таъсири касалланишга ёки иш қобилиятини пасайишига ва (ёки) кейинги авлодлари соғлиғига салбий таъсир ўтказиши мумкин бўлган муҳит ва меҳнат жараёнининг омили эса ишлаб чиқаришнинг зарарли омили дейилади.
Хавфли ёки зарарли омилнинг таъсири оқибатида содир бўлган ҳодисага бахтсиз ҳодиса, унинг оқибатида одам организми терисини шикастланиши ва унинг функцияларини бузилишига жароҳат дейилади.
Зарарли меҳнат шароитлари таъсири келтириб чиқарадиган касалланиш касбий касалланиш (касб касаллиги) дейилади. Касб касалликларига сурункали чанг бронхити, титраш касаллиги, ўткир моддалар билан заҳарланишлар ва б.қ. киради.
Сонли тавсифига ва таъсирининг давомийлигига кўра ишлаб чиқаришнинг айрим зарарли омиллари хавфли бўлиб қолиши мумкин. Хавфли ва зарарли омилларни мавжуд нисбатидан ва чегаравий рухсатли даражасидан келиб чиқиб меҳнат шароитлари зарарли ва хавфли омиллари даражаси бўйича тўртта синфга бўлинади: 1-синф — оптимал меҳнат шароитлари; 2-синф — рухсатли меҳнат шароитлари, функционал четланиш келтириб чиқаради, аммо регламентланган дам олишдан кейин организм нормал ҳолатга қайтади; 3-синф — зарарли меҳнат шароитлари, гигиена нормаларидан ортиқ, кейинги авлодларга ноқулай таъсир этувчи ишлаб чиқаришнинг зарарли омиллари мавжудлиги билан тавсифланади. 3-синф меҳнат шароитлари зарарлиги бўйича тўрт даражага бўлинади:
қайтадиган функционал ўзгаришлар келтириб чиқарадиган ва касалланиш ривожланиши таваккалини асословчи гигиеник нормалардан четланишларни тавсифлавчи меҳнат шароитлари;
хавфли ва зарарли омилларнинг шундай даражасидаги меҳнат шароитлари, улар турғун функционал бузилишлар келтириб чиқариши, кўпчиллик ҳолларда вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотиш билан бўладиган касалланиш ҳолатларнинг кўпайишига, умумий касалланиш частотасини ошишига, касбий патологиянинг бошланғич белгиларини пайдо бўлишига олиб келиши мумкин;
зарарли омилларнинг шундай даражаси билан тавсифланувчи меҳнат шароитлари, у меҳнат фаолияти даврида енгил шаклдаги касбий патологияни ривожланишига олиб келади, меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотиш билан юқори даражадаги касалланишни келтириб чиқариши мумкин;
касбий касалланишнинг кўрсатадиган шакли пайдо бўлиши мумкин бўлган меҳнат шароитлари, сурункали патологияни аҳамиятли ўсиши таъкидланади ва меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотиш билан юқори даражадаги касалланиш кузатилади.
4-синф — хавфли (экстремал) меҳнат шароитлари, ишлаб чиқариш омилларининг шундай даражаси билан тавсифланадиган, уларнинг таъсири иш сменаси (ёки унинг бир қисми) мобайнида ҳаёт учун хавф солади, ўткир касб жароҳатини оғир шаклини юқори таваккали вужудга келади.
Ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари орасида маълум боғланганлик кузатилади. Кўпчиллик ҳолларда зарарли омилларнинг мавжудлиги хавфли омилларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади. Масалан, ишлаб чиқариш хонасининг ўта намлиги ва ток ўтказувчан чангларнинг (зарарли омиллар) мавжудлиги одамни электр токи (хавфли омил) билан жароҳатланиш хавфини кучайтиради.
2.3. Ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар сабаблари ва хавфли зоналар
Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқариш жараёнларида тан жароҳатланиши олишлар қуйидаги хавфли омиллар сабабли: пахта тозалаш корхоналари технологик ускуналарини ҳаракатга келтирувчи электр токи ва электрқурилмалардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаганликдан; технологик машиналарни ҳаракатланувчи ишчи органлари (шеткали, қозиқли, аррасимон тишли барабанлар, шнеклар, валчалар, аррали валлар ва б.қ.) ва уларни ҳаракатлантирувчи қисмлари (валлар ва бириктирувчи муфталар, тишли, занжирли, тасмали, червякли узатмалар ва уларнинг деталлари- ғилдираклар, занжирлар, тасмалар, шкивлар, ва б.қ.) хавфсизлиги таъминланмаганлигидан; пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари талаблари бузилганлигидан; 45 градусдан юқори ҳароратда қиздирилган сиртлар ва агрессив таъсир этувчи кимёвий моддалар (ишқорли ва кислотали аккумляторлар учун натрий ва калий ишқорлари ҳамда сульфат кислотанинг ишлатилиши) билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганликдан; бехосдан юқоридан нарсаларнинг тушишидан; суянчиқлар билан жиҳозланмаган нарвонлардан фойдаланишдан ва бошқалардан содир бўлиши мумкин
Инсон саломатлиги ва ҳаёти учун доимий ёки вақти-вақти билан хавф содир бўладиган ҳудуд хавфли зона деб аталади. Пахта тозалаш заводларида хавфли зона: пахта ғарамидан 3—4 метр масофагача доимий хавфли зона мавжуд — пахта ғарами қулаб кетиши мумкин; лентали транспортер остида, ғарам бузгич стреласининг иш зонаси остида, машиналар юритмалари яқинида ҳам хавфли зона бўлади; дориланган уруғлик чигитни қопларга солиш жойида зарарли чанг чиққанлиги сабабли, хавфли зона ҳосил бўлади.
Вақти-вақти билан содир бўладиган хавфли зонага гидропресс камераси олдида тола тойини итариб чиқаргич ҳаракат қиладиган зона ва иш камераси фартугини олганда жин ёки линтер олдида содир бўладиган хавфли зоналар киради.
Хавфли зона ўз чегарасини ўзгартириши мумкин: лентали транспортер фермасининг эгилиш бурчаги ва туриш жойига кўра, пахта ғарамининг баландлигига кўра хавфли зонанинг чегаралари ўзгариши мумкин.
2.4. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларнинг вазифалари ва турлари
Ҳимояловчи ва сақловчи воситалар одамни хавфли зонага тушиб қолишини ҳамда хавфли ва аварияли ҳолат вужудга келишини бартараф этишга мўлжалланган бўлиб, ҳар қандай ускунага хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларга:
машинанинг ҳаракатланувчан ёки тегиб кетиш хавфи бўлган қисмларини ёпувчи, юқори ва паст ҳароратдан ҳамда зарарли чанглар ва нурланишлар таъсиридан ишловчиларни жароҳатланиш ва зарарланишдан ҳимояловчи чегараловчилар (ёпгичлар, тўсқичлар);
механизмларни хавфсиз ишга туширувчи ва тўхтатувчи мосламалар (машина иш органларини зудлик билан тўхтатилишини таъминлаш учун электродвигателни электр занжирига тескари улаб айлантириш ҳамда динамик тормозлаш усуллари қўлланилади);
ускуналарнинг юқорида жойлашган қисми ва деталларига хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлайдиган қурилмалар (иш майдончалари, нарвонлар ва б.қ.);
хавфли омил пайдо бўлганлигидан огоҳлантирувчи қурилма ва асбоблар (манометрлар, огоҳлантириш воситалари ва б.қ.);
хавфни бартараф этувчи қурилма ва асбоблар (тўсқичлагичлар, сақловчи клапанлар, муфталар ва б.қ.);
тўсиқлар, газ баллонлари, ишга тушириш ручкалари ва тугмачалари, симларни белгилаш маркалари ва бошқаларидан ажратиш учун бўялиши ва бошқалар киради.
Тўсқичлагичлар (блокировка) қурилмалари одамни хавфли зонага ўтишига тўсқинлик қилади ёки унинг бу зонада бўлган пайтида хавфли омилни бартараф этади. Электр тўсқичлагичлар технологик ускуна электр юритмасини машинанинг хавфли зоналарида ҳимояловчи тўсиқлар (ёпгичлар) мавжуд бўлганда юргизади.
Пахта тозалаш корхоналари машина ва механизмларида пайдо бўладиган шовқин, титраш ва чанг зарарли омиллар жумласига киради.
2.5. Ишловчиларни шовқин ва титрашдан ҳимоялаш
2.5.1. Шовқиннинг пайдо бўлиши ва унинг одам организмига таъсири
Шовқин (товуш) газсимон муҳитларда тўлқинли тарқалади ва одам эшитадиган оралиқда эластик тебраниш ҳосил қилади.
Товуш эластик муҳитни тўлқинли ҳаракати каби тавсифланади, уни одамни эшитиш аппарати қабул қилади.
Ишлаб чиқариш шовқини — турли суръатли ва частотали, вақт бўйича тартибсиз ўзгарувчи ва ишловчиларда ёқимсиз ҳиссиёт келтириб чиқарувчи товушлар тўплами.
Ўзгармас шовқин — «секин» ўлчов прибори стандартлаштирилган вақт тавсифномасида ўлчанганда 8 соатлик иш куни ёки иш сменасида вақт бўйича товуш даражаси 5 дБ дан кўп ўзгармайдиган шовқин.
Ўзгарувчан шовқин — «секин» ўлчов прибори стандартлаштирилган вақт тавсифномасида ўлчанганда 8 соатлик иш куни ёки иш сменасида вақт бўйича товуш даражаси 5 дБ дан кўп ўзгарадиган товуш (шовқин). Ўзгарувчан шовқин тебранувчан, узилувчан ва импульслига бўлинади.
Тебранувчан шовқин — товуш даражаси вақт бўйича узликсиз ўзгарадиган шовқин.
Узликли шовқин — товуш даражаси вақт бўйича поғонали (5 дБ ва кўпроқ) ўзгаради, бунда «импульс» ва «секин» стандартлаштирилган вақт тавсифномаларида ўлчанган товуш даражаси 7 дБ дан камга фарқланади.
Импульсли шовқин — бир ёки бир неча товуш сигналларидан ташкил топган ва «импульс» ва «секин» стандартлаштирилган вақт тавсифномасида ўлчанган товуш даражаси учун фарқ 7 дБ дан кўп бўлган шовқин.
Кенг полосали шовқин бир октавадан кўп узликсиз спектрга эга, тональ (дискрет) спектрида ифодали дискрет тонга эга (частоталари, улардаги товуш даражаси бошқа частоталардаги товуш даражасидан анчагина юқори). Реактив самолёт шовқини -кенг полосали шовқин, дискли арра шовқини — тональ (шовқин спектрида частотаси аниқ ифодаланган афзалли товуш даражали) шовқин.
Механик шовқинлар механизмларларда инерцияли ғалаёнли кучлар, деталларнинг бир-бирига урилиши, ишқаланиш ва бошқалар борлигидан вужудга келади.
Аэродинамик шовқинлар турли жисмларни газли (ҳаволи) оқим оқиб ўтиши, газларнинг ҳаракатланиши натижасида содир бўлади. Аэродинамик шовқин вентиляторлар, ҳаво пуфлагичлар, компрессорлар, газ турбиналари ишлашида, буғлар ва газларни атмосферага ва б.қ. чиқарилишида содир бўлади.
Гидравлик шовқин суюқликлардаги стационар ва ностационар жараёнлар сабабли содир бўлади.
Электромагнит шовқинлар электр энергиясидан фойдаланишда электр машиналарида ва ускуналарида содир бўлади.
Ишлаб чиқаришда содир бўладиган шовқин технология жараёнидаги машина ва механизмларнинг турлари ва сонига боғлиқ ҳолда суръати ва частотаси бўйича ўзгаради. Одамни товушни нормал қабул қилиш оралиғи чегараси 20—20000 Гц, ундан кичиги ифратовушни билдирса, бу оралиқдан каттаси ультратовушни билдиради.
Ишлаб чиқаришдаги товуш диапазонидаги шовқин ишларни бажаришда диққатни пасайиши ва хатоларни кўпайишига олиб келади. Натижада меҳнат унумдорлиги пасаяди ва бажарилаётган иш сифати ёмонлашади. Шовқин техник объектлар ва ички цех транспортидан берилаётган сигналларга одамни реакциясини пасайтиради, бу ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар содир бўлишига олиб келади. Ўзини даражаси бўйича оғриқ чегарасидаги шовқинлар оғриқлар ва эшитиш аппаратида жароҳат (қулоқ пардасини тешилиши ёки ёрилиши) келтириб чиқариши мумкин.
Товуш босими даражаси 30…45 дБ одам учун одатий ва унинг ишлашига халақит бермайди. Товуш даражаси 40…70 дБ гача кўпайиши асаб системасига қўшимча юкланиш яратади, кайфиятни ёмонлашишига олиб келади ва унинг давомли таъсири невроз касаллиги билан касалланишга сабабчи бўлиши мумкин.
Даражаси 80 дБ дан юқори шовқинни узоқ вақтли таъсири эшитишни ёмонлашишига — касбий карқулоқликка олиб келиши мумкин. 130 дБ дан юқори шовқин таъсирида қулоқ пардаси ёрилиши, 160 дБ дан юқори товуш даражасида эса одамни ҳалок бўлиш эҳтимоли мавжуд.
Шовқинни рухсатли даражаси чегараси (РДЧ) — бутун иш стажи мобайнида ҳафтасига 40 соатдан кўп бўлмаган кундалик (дам олиш кунларидан ташқари) ишлашда, ҳозирги ва кейинги авлодларини ишлаш жараёни ёки ҳаётини кейинги даврларида, замонавий изланиш методлари билан топилган, касалланишлар келтириб чиқармаслик ва соғлик ҳолати ёмонлашмаслик даражасини билдиради.
Шовқин таъсирини одамни эшитиши нафақат товуш босими даражасига, балки частотасига ҳам боғлиқ. Паст частотали товушлар шу суръатли юқорироқ частотали товушларга нисбатан пастроқ эшитилади.
Товушни қаттиқлик (баландлик) даражаси (ўлчов бирлиги — фон) — берилган (маълум) частотали иккита товушлар қаттиқлик даражаларининг фарқи, уларда 1000 Гц частотали қаттиқлиги бўйича тенг товушлар, суръати (ёки товуш босими даражаси) бўйича 1 дБ га фарқланади.
2.5.2. Шовқиндан ҳимояланиш воситалари ва методлари
Ишлаб чиқаришда шовқинга қарши кураш мажмуий олиб борилади ва технологик, санитар-техник, даволаш-профилактик тавсифли тадбирларни ўз ичига олади.
Шовқиндан ҳимояланиш воситалари ва методларини синфланиши ГОСТ 12.1.029—80 МХСТ да «Шовқиндан ҳимояланиш воситалари ва методлари. Синфланиш», ҚМ ва Қ II-12-77 «Шовқиндан ҳимояланиш» ларда келтирилган. Улар шовқиндан ҳимояланишни қуйидаги қурилиш-акустикаси методларини назарда тутади:
а) чегараловчи конструкцияларни товушдан ихоталаш, дерезалар, эшиклар, дарвозалар ва ш.ў. ни қиртишларини (оралиқларини) жипслаш, персонал учун товушдан ихоталанган кабиналар қуриш; шовқин манбаъларини ғилофлаб ёпиш;
б) хоналарда шовқинни тарқалиш йўлида шовқин ютгич конструкциялар ва экранлар ўрнатиш;
в) компрессорлар ва ички ёнув двигателларида аэродинамик шовқин сўндиргичлар қўлланилиши; шамоллатиш тизими ҳаво трактларида товуш ютувчи қопламалар қўлланилиши;
г) экранлар ва яшил экинлардан фойдаланиб одамлар бўлиши мумкин бўлган турли жойларда шовқиндан ҳимояланган зоналар яратиш.
Шовқинни секинлаштириш пол остига бинодаги кўтарувчи конструкциялар билан қаттиқ боғланмаган эластик қистирмалар қўйиш, ускуналарни амортизаторларга ёки махсус ихоталанган фундаментларга ўрнатиш йўли билан эришилади. Товуш ютувчи воситалар сифатида: минерал вата, кигиз плиталари, шиша толаси, шунингдек, фаол ва реактив сўндиргичлар қўлланилади.
Аэродинамик шовқинларни сўндиргичлар абсорбцияли, реактив (рефлексли) ва комбинацияланган бўлади. Абсорбцияли сўндиргичларда шовқинни сўниши товуш ютувчи материаллар бўшлиқларида содир бўлади. Реактив сўндиргичларнинг ишлаш принципи сўндиргич элементларида «тўлқинли тўсиқ» ҳосил бўлиши натижасидаги товушни қайтариш эффектига асосланган. Комбинацияланган сўндиргичларда товушни ҳам ютилиш, ҳам қайтарилиш хоссаларидан фойдаланилган.
Товушни ихоталаш ишлаб чиқариш шовқинини унинг тарқалиш йўлида камайтиришни энг самарали тарқалган методларидан биридир. Товуш ихоталаш қурилмалари ёрдамида 30…40 дБ га шовқин даражаси осонгина туширилади. Самарали товуш ихоталовчи материаллар металлар, бетон, ёғоч, зич пластмассалар ва ҳ.к. бўлади.
Хоналарда шовқинни пасайтириш учун уларнинг ички сиртига товуш сўндирувчи материаллар қопланади, шунингдек, донабай товуш ютгичлар жойлаштирилади.
Шовқин товуш суръати, частотаси ва товуш босими билан тавсифланади.
Одамнинг эшитиш органи товуш тебраниши 800—4000 Гц гача оралиқ частотада яхши қабул қилади. Стандарт частота эталони сифатида частотаси 1000 Гц бўлган товуш қабул қилинган. Бу частотада товуш босими (Ро), шовқин суръати (Jo) ва товуш қуввати (Wo) ларнинг энг кам қийматлари — одамни эшитиш органи томонидан аранг фарқланадиган қийматлари чегаравий деб аталади. Бунда Ро=2x10—5, Па; Jo=10…12 Вт/м2; Wo=10…12 Вт га тенг бўлади.
Иш жойларида доимий шовқинни тавсифлаш учун ўрта арифметик частоталари 31,5; 63; 125; 250; 500; 1000; 2000; 4000; 8000 Гц бўлган октав кенгликдаги децебелда аниқланган товушлар босими даражасидан фойдаланилади. У қуйидаги формула билан аниқланади:
Lp = 20lg (P/Po),
бунда: P — товуш босимининг ўрта геометрик қиймати, Па; Po- ҳавода товуш босимининг бошланғич қиймати, Po= 2х10—5 Па.
Ҳар бир октав кенгликлар учун шовқиннинг йўл қўйиладиган қийматлари Дб да мавжуд бўлади. Ҳар қандай октав кенгликда шовқин 135 Дб (товуш босими) бўлса, ишловчининг бу ҳудудда бўлиши мумкин эмас.
Товуш босими Р, тебраниш амплетудасига пропорционал бўлган товуш тўлқини босимининг ўзгарувчан қисми, қуйидагича аниқланади:
P = F/S
бунда: F — сиртга нормал бўйича таъсир этувчи товуш тўлқинининг кучи, ньютон; S — товуш босими таъсир этувчи сирт юзаси, м2.
Товуш интенсивлиги J -вақт бирлигида товуш (шовқин) тарқалишига перпендикуляр бўлган сиртнинг 1 м2 дан ўтувчи товуш энергияси миқдори, Вт/ м2.
J = Р/ (ро С)
бунда: Р — товуш босими, Па; ро — муҳит зичлиги, кг/м3; С-берилган муҳитда товуш тезлиги, м/с.
Товуш частотаси f -одам қабул қиладиган товуш (шовқин) тонининг юқорилигини аниқлайди. Юқори частотали товуш ёки шовқин паст частоталисига нисбатан одам соғлиғига зарарлироқ таъсир этади.
Товуш суръати даражасининг бирлиги сифатида 1 Б (бел) қабул қилинган — бу одам эшитиш органи томонидан қабул қилинадиган энг кам товуш кучи. Амалиётда товуш суръати даражаси 0,1 белга тенг бўлган децебелда (Дб) ифодаланади. Одам қулоғи қабул қиладиган энг кам товуш суръати даражаси 10 Дб га тенг бўлиб, у эшитиш чегараси дейилади.
Спектр — бу товуш тўлқинининг тебраниш частотаси. Уни товуш ва шовқинни тавсифлаш учун билиш зарур.
Қабул қилинаётган товуш кучини таққослашни осонлаштириш учун, товуш баландлигининг ўлчов бирлиги — фон киритилган, шартли равишда эшитилаётган товуш кучи тебраниш частотаси 1000 Гц ва суръати даражаси 1 Дб қабул қилинган. Ишлаб чиқаришда турли хил спектрли ва суръат даражали товуш бўлади. Товуш спектрларини шартли равишда: паст частотали — 380 Гц гача; ўртача частотали — 380—800 Гц ва юқори частотали — 800 Гц дан юқориларга ажратиш мумкин. Шовқиннинг частотали таркиби юқори бўлган сари унинг одам организмига зарарли таъсири кучаяди. Товуш суръати (интенсивлик) даражаси 130 Дб дан ошиши эшитиш органини оғритади. Кўп вақт давомида юқори частотали шовқин таъсири остида одамнинг қулоғи касалланишга дучор бўлиш эҳтимоли мавжуд.
2.5.3.Инфратовуш ва ультратовушларнинг зарарли таъсири ва улардан ҳимоялаш
Инфратовуш — товуш тўлқинини 25 Гц дан кам частота билан тебраниши.
Инфратовушли тебранишларнинг пайдо бўлиш табиати эшитиладиган товушники каби бўлади, шунинг учун инфратовуш ҳам худди эшитиладиган товуш бўйсинадиган қонуниятларга бўйсинади ва уни ифодалаш учун эшитиладиган товуш учун қўлланиладиган математик аппарат қўлланилади (товуш даражаси билан боғланган тушунчалардан ташқари). Инфратовуш муҳитда оз сўнади, шунинг учун аҳамиятли масофага тарқалади. Инфратовуш манбаси секундига 20 дан кам давр частотаси билан ишлайдиган ускуналар бўлади. Инфратовуш марказий асаб тизимига зарарли таъсир кўрсатади ва қўрқув, безовталик, чайқалиш ҳисини ва б.қ. келтириб чиқаради.
Инфратовуш тебранишлари диапазони одамни алоҳида органлари ички частоталарига мос (6—8 Гц), демак, резонанс бўлганлигидан оғир оқибатлар вужудга келиши мумкин. Товуш босимини 150 дБА кўпайиши овқат ҳазм қилиш фаолияти ва юрак ритмини ўзгаришига олиб келади. Эшитиш ва кўришни йўқотиш мумкин.
Ҳимоя тадбирлари: 1) пайдо бўлиш манбасида инфратовушни пасайтириш; 2) шахсий ҳимоя воситаларини қўллаш; 3) инфратовушни ютувчи қурилмалардан фойдаланиш. Назорат приборлари — ФЭ-2 фильтрли ШВК турли шовқин ўлчагич; RFT турли виброакустик аппаратура.
Ультратовуш — товуш тўлқинларининг 20 кГц (эшитиш чегарасидан ташқарида) дан ортиқ частотада тебраниши. Паст частотали ультратовуш тебранишлар ҳаво ва контакт йўли билан тарқалади; юқори частоталиси эса контакт йўли билан тарқалади. Ультратовуш юрак-қон томирлари, асаб ва эндокрин тизимига зарарли таъсир ўтказади; терморостлаш ва моддалар алмашувини бузади. Маҳаллий (жойига) таъсири гунг бўлиб қолишга олиб келиши мумкин. Ҳимоя тадбирлари: 1) тўсқичлантиришдан фойдаланиш; 2) товушни изоляциялаш (экранлаш); 3) масофадан бошқаришни қўллаш; 4) антишовқинларни қўллаш. Назорат қилиш приборлари сифатида RFT турли виброакустик тизими қўлланилади. Ультратовуш эластик тўлқинлар каби хоссалари бўйича эшитиладиган товушдан фарқ қилмайди, бироқ тебраниш жараёни частотаси, энергияни иссиқликка трансформацияланиши ҳисобига, тебранишни тезроқ сўнишига ёрдам беради.
Частотали спектри бўйича ультратовуш паст частотали ва юқори частоталига бўлинади; тарқалиш усули бўйича — ҳаво ва контакт йўли билан тарқаладиган ультратовуш фарқланади. Паст частотали ультратовуш тебранишлар ҳавода яхши тарқалади. Уларни организмга таъсирини биологик самараси интенсивлиги (суръати), таъсири давомийлиги ва ультратовуш таъсирига учраётган жисм сиртининг ўлчамига боғлиқ бўлади. Ҳавода тарқаладиган ультратовушни узоқ вақт систематик таъсири асаб, юрак қон томирлари ва эндокрин тизимларини, эшитиш ва вестибулятор тахлиллагичлари фаолиятларини бузилишига олиб келади. Ультратовуш ускуналарида ишлаётганларда аниқ астения, қон-томирлари гипотонияси, юрак ва мияни электр фаоллигини пасайиши, чекланган ҳудудда, қоронғуликда қўрқув ҳиссиёти, тез-тез приступ олишлар, ортиқча терлаш, қоринда, ингичка ичакда, ўт пуфагида спазмалар кузатилади.
Энг тавсифли шикоятларга тез толиқиш, бош оғриғи ва бошда босим ошишини сезиш, қийинчилик билан диққат қилиш, фикрлаш жараёнининг тормозлашуви, уйқусизлик киради. Юқори частотали ультратовушни қўлларга контактли таъсири қўллар капларида капиляр қон айланишини бузилишига, оғриқ сезишни пасайишига олиб келади, яъни асабий бузилиш ривожланади. Касбий касалланиш фақат ультратовушни қўлларга контактли таъсирида рўйхатга олинган. Таъкидлаш жоизки, ишлаб чиқариш шовқини ва титраши ультратовушдан кўра кўпроқ агрессив таъсир қилади.
Ишловчиларга ультра- ва инфратовушни ёқимсиз таъсирини олдини олиш бўйича чоралар (ташкилий-техник, санитар-гигиеник ва даволаш профилактика) мажмуавий олиб борилади, товушни унинг ҳосил қилиш манбасида пасайтириш, ускуналарни ишлаш тартибини рационаллаштириш ишлари олиб борилади, шунингдек ульратовушни контактли таъсирида жамоа (кузатиш кабинаси, масофадан бошқариш) ва шахсий (шовқинга қаршилар ва икки қаватли перчаткалар — ташқариси резинали ва ичкариси пахтали) ҳимоя воситаларидан фойдаланилади. Ультратовушни контактли таъсирига учрайдиган шахслар дастлабки (ишга қабул қилишда) ва ҳар йиллик даврий тиббий кўриклардан ўтказиб турилиши керак. 18 ёшдан кичик ва ҳомиладорлар ультратовуш манбаси бўлган ишларга қўйилмайди.
2.5.4. Корхоналарда шовқинни меъёрлаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларида шовқинни камайтириш тадбирлари
Шовқин товуш босими даражаси, частотаси, шовқин турига (кўп кенгликли, бир маромли (тонли), импульсли) ва таъсирчанлиги давомийлигига кўра меъёрлаштирилади.
Турли хил частотали шовқин одамга ҳар хил таъсир этганлиги учун, ҳар қайси октав кенгликлар ўрта геометрик частоталар учун шовқиннинг рухсатли даражаси меъёрлари турлича ўрнатилган.
Октав кенгликлар — бу частоталар оралиғи бўлиб, юқори частотаси пасткисидан икки марта кўп, яъни fюқ/fпастки =2.
Октав кенгликлар қуйидагича аниқланади:
f = (fюқ / fпастки) 1/2
Шовқин кенг полосали, кўп товуш частоталари бўлганда, масалан, тозалаш машиналари шовқини, ва бир маромли, бунда муайян тон (маром) эшитилади. Масалан, ҳаво билан ташигич вентилятори шовқини. Бир маромли шовқин зарарлироқдир.
ГОСТ 12.1.003—76 га кўра ишлаб чиқариш хоналари ва корхона ҳудуди учун товуш босимларининг қуйидаги йўл қўйиладиган даражалари ўрнатилган: октав полосалар ўрта геометрик частоталари Гц (товуш босимларининг даражаси Дб 63 (103); 125 (96); 250 (91); 500 (88); 1000 (85); 2000 (83); 4000 (81); 8000 (80)).
Товуш босимининг йўл қўйиладиган даражаси шовқин таъсири муддатига қўшиладиган қўшимча билан тўлдирилади:
Жадвал 2.1
Шовқин таъсири муддатига қўшиладиган қўшимча
Шовқинга қарши кураш тадбирлари биринчи навбатда унинг содир бўлишини бартараф этиш ва унинг тарқалиш даражасини камайтиришга йўналтирилган.
Биринчи гуруҳ тадбирларига: техника ускуналари шовқинни камайтириш кераклиги эътиборга олиниб лойиҳаланиши ва тайёрланиши; ускуналарни соз ҳолатда ушлаб туриш (қўзғалувчан қисмларнинг емирилиши, ўз вақтида уларни мойланмаслиги шовқинга олиб келади); интенсив шовқинли ускунани иш жойларидан ажратишни ташкил қилиш кераклиги киради.
Ушбу гуруҳга шовқинни камайтиришни қуйидаги: тебраниш амплетудасини камайтириш, металл деталларни акустик қаршилиги катта бўлган материаллар билан алмаштириш, думаланиш подшипникларини сирпаниш подшиниклари билан алмаштириш, текис тасмали узатмаларни понасимон тасмали узатмалар билан алмаштириш, тўғри тишли узатмаларни қия ёки шеврон тишли узатмалар билан алмаштириш, илгариланма-қайтма ҳаракатни айланма ҳаракат билан алмаштириш, барча айланувчан деталларни динамик мувозанатлаштириш, демпфер материаллар (резина, пластмасса, войлок, асбест ва бошқалар) дан фойдаланиш ҳам киради.
Иккинчи гуруҳ тадбирларига: шовқин ютувчи материллар (ғовак материаллар) билан деворларни ёпиш, акустик штукатурка қилиш, акустик плиталар ёпиштириш киради. Цехларда товуш ютувчи материаллар ёрдамида шовқин 8…20 Дб гача камайтирилиши мумкин.
Пахтани ҳаво билан ташигични вентилятори (қуввати 75 квт, айланиши 1450 айл/дақ.) аэродинамик шовқин ҳосил қилади: шовқин босими 105 Дба га тенг бўлиб 800…1000 метргача тарқалади. Вентиляторларда шовқин ва титрашни камайтириш учун: 1) вентилятор ғилдирагини (паррагини) мувозанатлаш; 2) вал таянчлари ҳолатини назорат қилиб бориш, вентиляторни емирилган шарикли подшипникларда ишлатилишига йўл қўймаслик; 3) вентилятор ғилдирагида ғадир-будирликлар бўлмаслиги, ғилдирак деталлари: парраклар, диск ва халқанинг емирилган ҳолатда ишлатилишига йўл қўймаслик. Акс ҳолда, буларнинг ҳаммаси толали массанинг ёпишиб тиқилишига ва вентилятор мувозанатининг бузилишига олиб келади; 4) вентиляторни фойдали иш коэффициенти 50% дан кам бўлмаган ҳолатда ишлатиш, бундан кам фойдали иш коэффициентида ишлатиш шовқинни кучайишига сабаб бўлади; 5) қуритиш-тозалаш, тозалаш, жинлаш-линтерлаш ва тойлаш цехларининг технологик ускуналарига хизмат кўрсатувчи вентиляторлар цехлар (бинолар) ташқарисида — очиқ майдонда ёки алоҳида хонада бўлишини таъминлаш керак.
Ишлаб чиқариш биноларида шовқинни камайтириш учун, бино деворларига акустик плиталар ёпиштирилади.
Жамоа ҳимоя воситалари ва бошқа воситалар шовқинни пасайтиришни рухсатли даражага тушира олмаган ҳолатда шовқиндан ҳимояланишни шахсий ҳимоя воситаларини қўллаш мақсадга мувофиқдир.
2.5.5. Титрашни пайдо бўлиши, меъёрлаштириш ва пахта тозалаш корхоналарида титрашни камайтириш
Эластик жисмлар ёки ўзгарувчан физикавий майдон таъсири остидаги жисмларда содир бўладиган кичик механик тебранишлар титраш дейилади. Титрашни одамга таъсирини тебранишни узатиш услуби бўйича, таъсирини йўналиши бўйича, вақт тавсифи бўйича синфлашади.
Одам танасига тебранишни узатиш услубига кўра титрашни ўтирган ёки тик турган одамни таянч сирти орқали танасига узатиладиган — умумий ва одамни қўли орқали узатиладиган -маҳаллий (локал) га бўлишади. Ўтирган одамни оёғига таъсир этувчи, титраётган иш столларини сиртига босилган (тегкан) қўл болдирига таъсир этувчи титраш ҳам маҳаллийга киради.
Титраш таъсирини йўналишига кўра таянч сиртига перпендикуляр, X ўқи бўйича тарқалувчи — вертикал; умуртқадан кўкракка Y ўқи бўйича тарқалувчи — горизонтал; ўнг елкадан чап елкага Z ўқи бўйича тарқалувчи — горизонталга бўлишади.
Вақт тавсифи бўйича назорат қилинадиган парметри кузатув вақтида икки мартадан кўп (6 дБ) ўзгармайдиган — ўзгармас титраш ва назорат қилинувчи параметр икки мартадан кўп ўзгарадиган — ўзгарувчан титрашга бўлинади.
Титраш юқори биологик фаол омилларга киради. Таъсир зонасида тебраниш жараёнининг қуввати ва титраш патологиясини ривожланишини аниқловчи таъсир вақти бош параметрлар бўлади. Унинг таркиби тебраниш частотаси ва амплетудасига, таъсир давомийлигига, таъсир жойи ва таъсир ўқи йўналишига, матоларни қайтариш хоссасига, резонанс ҳодисаси ва бошқа шароитларга боғлиқ.
Тебраниш частоталарининг 0,7 Гц дан ошиши одам органларида резонанас тебранишлар ҳосил қилиши мумкин. Одам танасининг, унинг алоҳида органларининг резонанси, ички органлар тебранишини ўз частотасини ташқи кучлар частотаси билан мос тушганда, ташқи кучлар таъсирида содир бўлади. Бош учун ўтирган ҳолатда вертикал титрашда резонанс зонаси 20…30 Гц, горизонтал титрашда 1,5…2 Гц оралиғида жойлашган бўлади. Кўриш органига нисбатан резонанс муҳим аҳамият касб этади. Кўзнинг қамашиши 60…90 Гц частоталар оралиғида, кўз қорачиғи резонансига мос тушади. Кўкрак қисмида ва қорин тарафда жойлашган органлар учун 3…3,5 Гц резонанс частотаси бўлади. Ўтирган ҳолатда бутунлай тана учун резонанс 4…6 Гц да содир бўлади.
Машина ва механизмлар ҳамда улар қисмларининг айланиши натижасида, мувозанат бузилганидан ёки машина қисмларининг илгариланма-қайтма ҳаракатланишидан содир бўладиган частотаси 16 Гц дан кам бўлган тебранишлар одам томонидан титраш сифатида қабул қилинади.
Титраш тебраниш частотаси (Гц) титраб силжиш амплетудаси (мм) ва титраш тезлиги (мм/сек) билан тавсифланади.
Титраш одам учун зарарли бўлиб унда чарчаш тезлашади, бош оғриғи пайдо бўлади, бўғинларда оғриқ пайдо бўлади, ҳаракатларни мувофиқлаштириш бузилади. Титрашнинг узоқ давомли таъсири титраш касаллиги пайдо бўлишига, юрак-қон томирлари ва асаб системаси фаолиятини ўзгаришига, одамни жисман ва руҳан куч сарфининг кўпайишига сабаб бўлади.
Титраш меъёрлаштирилади, унинг даражаси дБ да унинг чегаравий қийматига нисбатан ўлчанади:
Lv = 20 lg (v/vo) =20 lg (v/5x10—5),
бунда: vo — тебраниш тезлигининг чегаравий қиймати; v- титраш тезлиги, мм/с.
СН-245-71 да титраш параметрларининг йўл қўйиладиган қийматлари келтирилган. Титраш давомийлигига ва иш куни вақтига қараб, у қўшимча билан тўлдирилади.
Иш жойидаги меҳнат фаолияти турига (ижодий меҳнат, юқори малакали иш, доимий назорат қилишни талаб этувчи операторлик иши ва бошқалар) кўра, шовқиннинг ҳар бир ўрта геометрик частотали (Гц) октав кенгликлари учун товуш босими даражаси (дБ) ўрнатилган ҳамда ҳар бир меҳнат фаолияти учун эквивалент товуш даражаси белгиланган (дБА). Меҳнат фаолиятига кўра эквивалент товуш даражаси 50…85 дБА атрофида ўрнатилган.
Иш жойларида шовқин даражаси 85 дБА дан кўп бўлган иш ҳудуди хавфли ҳисобланилади ва бу жойда шахсий ҳимоя воситаларисиз ишлаш мумкин эмас. Товуш босими 135 дБА бўлган жойларда одамнинг қисқа вақт бўлса-да, бўлиши қатъиян ман қилинади.
Пахта тозалаш заводларида титраш айланиш частотаси 960 айл/дақиқадан кам бўлганда вентиляторларда, мувозанатланмаган ҳолларда аррасимон, қозиқ- планкали ва шеткали барабанларда (уларни айланиши 960 айл/дақ. дан кам) титраш содир бўлади.
Машина иш органларининг титраши уларнинг қобиғига, ишлаб чиқариш цехлари биносининг қурилиш конструкцияларига узатилиши мумкин.
Пахта тозалаш заводларида 200 айл/дақ. дан тез айланаётган машиналар айланувчан қисмларини мувозанатлаш керак.
2.5.6. Шовқин ва титрашни ўлчаш ва улардан ҳимояланиш
Шовқин ва титрашни ўлчашда шовқин ўлчагичлар- ИШВ-2, «Шум — 1М20» ва «Шум — 1М30» — шовқин-титраш ўлчагич комплектларидан ва шовқин-титраш ўлчагичлардан фойдаланилади.
Агар шовқин ва титрашни меъёр даражасига туширишнинг имкони бўлмаса, ишловчиларга шахсий ҳимоя воситалари берилиши керак.
Шовқин суръати 130 дБ дан юқори бўлганда шовқиндан ҳимояловчи ниқоблар, суръати кам бўлганда шовқинга қарши қулоқчин берилади. Булар 5000…7000 Гц частотали шовқинни 55 дБ гача пасайтиради.
Қулоқ тиқинлари шовқинни 20 дБ гача камайтиради.
Шовқинни камайтириш тадбирларига: механизмлар ва қурилмаларни кам шовқинли қилиб лойихаланиши ва тайёрланиши; технологик ускуналарни техник соз ҳолатда ушлаб туриш (қўзғалувчан қисмларни ўз вақтида мойланиши, уларни емирилмасидан алмаштирилиши); юқори шовқинли ускунани иш жойларидан ажратишни ташкил қилиш киради.
Шовқинни тарқалиш даражасини камайтиришнинг қуйидаги: тебраниш амплетудасини камайтириш, металл деталларни акустик қаршилиги катта бўлган материаллар билан алмаштириш, думаланиш подшипникларини сирпаниш подшипниклари билан алмаштириш, текис тасмали узатмани понасимон тасмали узатмалар билан алмаштириш, тўғри тишли узатмани қия тишли ва шеврон тишли узатмалар билан алмаштириш, илгариланма-қайтма ҳаракатни айланма ҳаракат билан алмаштириш, барча айланувчан деталларни динамик мувозанатлаш, демпфер материаллардан (резина, пластмасса, кигиз, асбест ва бошқалар) дан фойдаланиш киради.
Қуритиш тозалаш, тозалаш, жинлаш-линтерлаш ва тойлаш цехларини технологик ускуналарига хизмат кўрсатувчи вентиляторлар бу цехлар (бинолар) ташқарисида, очиқ майдонда ёки алоҳида хонада бўлиши, жинлаш-линтерлаш цехида тола ва линтни аррадан ажратиш учун ҳаво бино ташқарисида жойлашган вентилятордан ҳаво қувурлари орқали узатилиши керак. Тозалаш машиналари (шнекли тозалагичлардан ташқари) қобиғи ички сиртини товуш ютувчи мастика билан сайқаллаш керак.
Жин ва линтерларда асосий шовқин манбаъси аррали цилиндрдир. Арралар цилиндр айланганда колосникларга тегмаслиги керак. Арралар ва колосниклар орасидаги оралиқнинг нотўғри қўйилиши жин ва линтерларда шовқинни 50—60 дБ-га кўпайтиради. Арра цехларининг ишига алоҳида эътибор берилиши керак. Ўз вақтида ўтказилган профилактика кўриклари ва ускуналарни таъмирланиши — ишлаб чиқаришда шовқинни камайишининг асосий омилидир.
Ишлаб чиқариш биноларида шовқинни камайтириш учун, бино деворларига акустик плиталар ёпиштирилади. Иш жойларида шовқин даражаси 85 дБА дан кўп бўлган иш ҳудуди хавфли ҳисобланади ва бу жойда шахсий ҳимояловчи воситаларсиз ишлаш мумкин эмас, товуш босими 135 дБА бўлган жойларда одамнинг қисқа вақт бўлсада бўлиши қатъиян маън этилади.
Пахта тозалаш корхоналари машиналари ва технологик ускуналари механизмларини, мувозанати бузилган қисмларининг айланиши ёки илгариланма-қайтма ҳаракатланиши натижасида содир бўладиган, частотаси 16 Гц -дан кам бўлган, тебранишлар одам томонидан титраш сифатида қабул қилинади.
Вентиятордан титрашни узатилишини камайтириш учун, вентилятор рамаси остига эгилувчан элемент ўрнатилади. Агар вентиляторни айланиш частотаси 1800 айл/дақ бўлса, унда рама остига резина ёстиқ қўйилади. Айланиш тезлиги кам бўлганда вентилятор оғир асосга ўрнатилиши, бу оғир асос ўз навбатида пружинали ёки пружина-резинали амортизаторга ўрнатилади.
Агар шовқин ва титрашни меъёр даражасига туширишни имкони бўлмаса, ишловчиларга шахсий ҳимоя воситалари берилиши керак. Шовқин интенсивлиги 100 дБ -дан юқори бўлганда шовқиндан ҳимояловчи ниқоблар, интенсивлик кам бўлганда шовқинга қарши қулоқчинлар берилади. Булар 5000—7000 Гц частотали шовқинни 55 дБ-гача пасайтиради. Қулоқ тиқинлари эса шовқинни 20 дБ-гача камайтиради.
Қўл орқали ўтадиган титрашни ютадиган қўлқоп ёки панжақўлқоплар, оёқ орқали ўтадиган титраш таъсирини камайтириш учун қалин наъматли ёки резина тагликли оёқ кийимдан фойдаланилади.
2.6. Пахта тозалаш заводи ускуналарини чангсизлантириш
Пахта тозалаш заводининг барча ускуналарининг ишлашидан чанг ажралиб чиқади ва чангли ҳавони жойидан сўриш машиналар ва цехларни чангсизлантиришни асосий усули сифатида қабул қилинган.
Пахта тозалаш заводи технологик ускуналарининг алоҳида турлари учун қўлланиладиган чангсизлантириш тартиблари қуйидагича бўлади.
2СБ-10, СБО ва СБТ қуритгичларида ишланган қурилиш агентининг чангланганлиги 2000 мг/м3 га етади. Қуритгич шахтасидан чиқаётган чангли ҳавони ҳажми секундига 5…6 м3 га тенг. Чангсизлантириш ишланган қуритиш агенти билан аралашган чангни қуритгич шахтасидан сўриш ва вакуум клапан билан жиҳозланган ЦС-6 ёки ВЗП -1200 чанг тутқичларда тозалаш орқали амалга оширилади. Бунда чиқиндилар қуритиш барабани лотогидан ҳаво билан ташигичда чиқарилади.
6А-12М1 шнекли (винтли) тозалагични чангсизлантириш икки усулда амалга оширилиши мумкин:
1) чангни чиқинди бункеридан унинг ён томонларида назарда тутилган махсус тешикдан сўриб тортиш йўли билан, бунда ҳавони ҳажмий сарфи 0,8…1 м3/с, аспирация қувурини диаметри 225 мм;
2) пахта хом-ашёсини машинадан чиқиш жойи ёпгичидан сўриб тортиш, сўриладиган ҳаво ҳажми сарфи 0,4 м3/с.
СЧ-02, 1ХК тозалагичларни чангсизлантириш ишлаш жараёнида ажраладиган чиқиндини ташиш усулига кўра икки хил бўлиши мумкин:
1) чиқиндини механик транспорт билан чиқаришда чиқинди бириктирилган қувур билан маҳаллий сўрғич ёрдамида амалга оширилади. Чиқинди бункеридан маҳаллий сўриш билан ҳайдалаётган ҳаво сарфи 0,25 м3/с, сўргич қувури диаметри 125 мм бўлиши керак;
2) чиқиндиларни тозалагичдан пневмоташигичда чиқарилаётганда бирданига машина ҳам чангсизлантирилади. Бунда, битта тозалагич чиқинди бункеридан ҳайдалаётган ҳаво сарфи 0,5 м3/с, қувурнинг диаметри эса 160 мм га тенг бўлади.
УХК мажмуали тозалагичларини чангсизлантириш машинанинг ҳар бир секциясидан 0,25 м3/с ҳаво сарфида аспирация системасида амалга оширилади. Чангланган ҳавони сўриш машина секциясини охирги деворига бириктирилган диаметри 140 мм ли қувур орқали бажарилади.
ЧХ-3М2 ва ЧХ-5 тозалагичларни чангсизлантириш 0,4 м3/с ҳаво сарфида аспирациялаш эвазига эришилади. Чангланган ҳавони сўриш машина орқа деворига уланма ёрдамида бириктирилган диаметри 160 мм бўлган қувур воситасида бажарилади. Ҳар бир машинадан чанг чиқараётган қувурга шибер ўрнатилиши керак.
Пахтани тозалаш машиналари, тақсимот шнеклари ва тозалаш цехини бошқа маҳаллий чангли ҳавони сўргичлари қувурлари цехнинг УВЦ-22М вентиляторли ягона аспирациялаш системасига уланади.
ЗХДДМ, ДП-130 аррали жинларни чангсизлантириш машинадан 0,1 м3 чангли ҳавони сўриш билан ПД таъминлагични аспирациялаш (2.1. Расм) эвазига амалга оширилади.
ПМП-160М, 5ЛП аррали линтерларни чангсизлантириш 0,1 м3/с ҳаво сарфи билан чангли ҳавони таъминлагичдан сўриш йўли билан бажарилади.
Жин ва линтерлар, шунингдек, пахта ва пахта чигитлари шнегидан чанг ҳавони маҳаллий сўргичлари ЦС-46 ёки УВЦ-22М вентиляторли умумий аспирациялаш системасига уланади.
ОВМ-А русумли толали материаллар тозалагичини чангсизлантириш чиқинди конвейеридан чиқиндини пневмоташигичда чиқариб ташлаш эвазига эришилади. Бунда ҳаво ўтказгич қувури диаметри 140 мм, ҳаво сарфи миқдори 0,25 м3/с га тенг бўлади.
Иш зонасини чангланганлигини камайтириш мақсадида технология ускуналарини чанг чиқиши мумкин бўлган жойларида қуйидагилар бажарилиши:
— айланаётган қуритгич барабанини отқинди шахтасига бириктирилган жойи иссиқликка чидамли резина билан жипслаб зичланиши;
— пахта хом-ашёсини қуритгичдан транспорт ускунасига тушаётган жойи ёпгич ўрнатилиб беркитилиши;
— пахта хом-ашёсини конвейердан конвейерга тушаётган жойига чангли ҳавони сўргичли ёпгич ўрнатилиши;
— пахта хом-ашёсини майда чиқиндилардан тозалагичлардан конвейерга тушаётган жойига ёпгич ўрнатиш;
— жин ва линтерлардан чигитлар конвейерига чигитлар тушаётган жойни жипс герметиклаш керак.
Жин-линтер цехини чангланганлигини пасайтириш ва ҳаво айланиш карралигини камайтириш учун, 1ВП ёки 3ОВП-М тола тозалагичлар батареясига ва жин-линтер батереясида ўрнатилган барча сўриш вентиляторларига ҳавони ташкилий келтирилишини таъминлаш керак.
2.7. Электр токи, параметрлари, хавф манбалари, одамга таъсири ва ундан ҳимоялаш
Одам организмига электр токининг термик таъсирида организмнинг тўқималари ва биологик муҳити қизийди, бу бутун организмни қизишига олиб келади, натижада организмдаги алмашиниш жараёнларини бузилиши ва унга боғлиқ нормадан четланишлар вужудга келади. Электролитик таъсирда қонни, плазмаларни ва организмни бошқа физиологик эритмаларини ажралиши содир бўлади, бундан сўнг улар ўз фаолиятларини бажара олмайдилар. Биологик таъсир асаб толаларини ва бошқа органларни ғашланишига ва қўзғатилишига олиб келади.
Электр токи билан шикастланишнинг иккита тури: электр жароҳатланишлар ва ток уришлар фарқланади. Электр жароҳатланишларга қуйидагилар киради:
электрдан куйиш — электр токи тегиш нуқтасига иссиқлик таъсири натижаси;
электр белгиланиши — терини ўзига хос шикастланиши, юқори қатламни қаттиқлашиши ва жонсизланиши;
терини металлашуви — терига кичик металл заррачаларининг кириб жойлашиши;
электрофтальпия — электр ёйини ультрабинафша нурланиши таъсиридан кўз ташқи қаватини шамоллаши;
механик шикастланиш, ток таъсири остида мускулларнинг мажбурий қисқаришидан пайдо бўлади.
Организмни электр токи билан шикастланиши оқибатида тирик тўқималарни қўзғатилиши мускулларни сесканишли қисқариши билан ўтишига электр уриши дейилади. Содир бўлиш оқибатига боғлиқ ҳолатда электр уриши тўрт даражага бўлинади: I — ҳушни йўқотишсиз мускулларни сесканишли қисқариши; II — ҳушсиз мускулларни сесканишли қисқариши, лекин нафас олиш ва юрак ишлаши давом этади; III — ҳушни йўқотиш ва юрак фаолияти ёки нафас олиш бузилади; IY — клиник ўлим ҳолати.
Электр токи билан шикастланиш оғирлиги кўпчиллик омилларга: ток кучи, одам танасининг электр қаршилиги, тана орқали ток ўтишининг давомийлиги, ток тури ва частотаси, одамни шахсий хусусиятлари, атроф муҳит шароитларига боғлиқ. Одамни у ёки бу даражадаги шикастланишини аниқловчи асосий омил — ток кучи бўлади. Унинг одамга таъсирини тавсифлаш учун учта мезон ўрнатилган: сезиладиган порог токи — сезиладиган сескантириш келтириб чиқарадиган токнинг энг кам қиймати; қўйиб юбормайдиган порог токи — мускулларни сесканишли қисқаришини келтириб чиқарадиган, шикастланувчи ўзи озод бўла олмайдиган токнинг қиймати; фибриляция порог токи — юрак фибриляциясини келтириб чиқарадиган токнинг қиймати. Юрак мускуллари толаларини хаотик ва турли вақтлардаги қисқаришидан, унинг ишлашини тўлиқ бузилишига фибриляция дейилади.
Жароҳат оқибати одам танаси қаршилигига боғлиқ бўлади. Энг кўп қаршиликка жонсиз кератинлашган ҳужайралардан тузилган терини устки қатлами эга бўлади. Танани умумий қаршилиги терини устки қатламини қаршилиги эвазига етарлича катта бўлади, лекин бу қатлам шикастланиши билан — унинг қиймати тезда камаяди.
Токнинг таъсирини давомийлигини узоқлиги жароҳат оқибатини деярли белгилайди, чунки вақт ўтиши билан одам терисини қаршилиги тез камаяди, юракни жароҳат олиш эҳтимоли кўпаяди ва бошқа салбий оқибатлар вужудга келади. Токнинг юрак, ўпка ва бош мия орқали ўтиши жуда хавфли бўлади. Жароҳатланиш даражаси ток тури ва частотасига ҳам боғлиқ бўлади. Частотаси 20—1000 Гц бўлган ўзгарувчан ток энг хавфли бўлади. Кучланиш 300 В гача ўзгарувчан ток ўзгармас токдан хавфлироқ. Катта кучланишларда ўзгармас ток хавфлироқдир.
Одамнинг электр токи билан жароҳатланиши қуйидаги ҳолларда бўлиши мумкин:
ердан изоляцияланмаган одамни кучланиш остида бўлган электрускуналарни ток ўтказувчан қисмларига тегиб кетиши;
ердан изоляцияланмаган одамни кучланиш остидаги электрускуналарни изоляцияланмаган ток ўтказувчан қисмларига хавфли масофага яқинлашуви;
ердан изоляцияланмаган одамни электрускуналарни кучланиш остидаги корпусига туташишидан кучланиш остида қолган ток ўтказмайдиган металл қисмларига, тегиб кетиши;
одамни ток тарқалиш майдонининг турли потенциаллари остида бўлган ерни (полни) иккита нуқтаси билан уланиши («қадам кучланиши»);
яшин уриши;
электр ёйининг таъсири;
кучланиш остида қолган бошқа одамни қутқариши.
Электрускуналари деганда электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тарқатиш ва ўзгартириш учун мўлжалланган машиналар, аппаратлар, линиялар ва қўшимча ускуналар (улар ўрнатилган хоналар билан) тўплами тушунилади. Улар 1000 В гача ва 1000 В дан юқори кучланишли электрускуналарга бўлинади, уларнинг иккаласи ҳам изоляцияланган ва ерлатилган нейтраллар билан эксплуатация қилиниши мумкин. Изоляцияланган нейтрал деб ерлатиш қурилмасига уланмаган ёки унга сигналлаш, ҳимоя, назорат ва ш.ў. приборлар орқали уланган трансформатор ёки генераторнинг нейтралига айтилади. Агар нейтрал ерлатиш қурилмасига бевосита ёки кичик қаршилик орқали уланган бўлса у ерлатилган дейилади.
Одамни электр токи билан жароҳатланиш хавфини кўпайтирадиган ёки камайтирадиган шароитларга боғлиқ равишда барча хоналар хавфи юқори хоналар, жуда хавфли ва хавфи юқори бўлмаган хоналарга бўлинади. Хавфи юқори хоналарга намлиги юқори (75% дан кўп) ёки юқори ҳароратли (35о дан баланд) хоналар киради. Ток ўтказувчан чанглар ва поллари бўлган, шунингдек бир пайтнинг ўзида ер ва электрускунани металл корпуси билан боғланган элементларга тегиш имконияти бўлган хоналар хавфи юқори синфга қарайди. Нисбий намлиги юқори (100% га яқин), кимёвий фаол муҳитли ёки бир пайтнинг ўзида хавфи юқори хоналарга мос икки ва ундан кўп шароитлари бўлган хоналар жуда хавфли дейилади. Хавфи юқори бўлмаган хоналарда барча кўрсатилган шароитлар бўлмайди.
Электрускуналар фойдаланилаётган барча жойларда электр токи билан жароҳатланиш хавфи мавжуд бўлади, шунинг учун хавфи юқори бўлмаган хоналарни хавфсиз хоналарга киритиш мумкин эмас.
Ҳаёт фаолиятини хавфсизлигини таъминлаш учун электрускуналарга хизмат кўрсатиш ва ишончли ишлатишда электрускуналарни техник эксплуатация қилиш қоидалари ва электржароҳатидан ҳимояланиш бўйича чораларга аниқ риоя қилиш керак. Шундай йўналишлардан бири хавфсиз — 12 ёки 36 В кучланишни қўллаш бўлади. Уни олиниши учун 220 ёки 380 В стандарт кучланишли электр занжирига уланадиган пасайтирувчи трансформаторлардан фойдаланилади. Одамни электр токи билан шикастланиш хавфини камайтириш мақсадида 42 В дан кўп бўлмаган кичик номинал кучланишдан фойдаланилади. У электрлаштирилган қўл асбоблари, кўчма ёритгичлар ва хавфи юқори хоналар ва жуда хавфли хоналарда маҳаллий ёритишда электр манбаси сифатида қўлланилади. Лекин, шу паст кучланиш ҳам хавфсизликни кафолатламайди, шунинг учун бошқа ҳимоя воситалари ҳам қўлланилиши керак бўлади.
Электрхавфсизлиги бўйича электр ускуналар кучланиш бўйича: 1 кВ ва унгача, 1 кВ дан юқори, шунингдек 42 В дан кўп бўлмаган паст кучланишли ускуналарга бўлинади. Одамни бехосдан электрускуналарни ток ўтказувчан қисмларига тегиб кетишидан ҳимоялаш учун хавфли ускуна ёки очиқ ток ўтказувчан шиналарнинг бевосита яқинида жойлаштирилган кўчма шитлар кўринишидаги тўсиқлардан, деворчалар ва экранлардан фойдаланилади. Тўсиқ (чегаралагич) ишловчини назоратсиз силжишига халақит беради ва унинг хавфли зонага ўтишини бартараф қилади.
Бехосдан электрдан шикастланишнинг олдини олишнинг бошқа усули хавфли ва ҳимояланмаган электр ўтказгичларни хонани одам етмайдиган баландлигида жойлаштириш. Кўпчиллик ҳолларда ҳимояловчи тўсиқларини сигналлаштириш ва тўсқичлантириш воситалари билан биргаликда қўллайдилар. Товуш, ёритиш ва рангли сигналлаш воситаларини персоналнинг кўриш ва эшитиш зонасида ўрнатилади. Тўсқичлантириш қурилмаларининг конструкцияси хавфли зона йўлини тўсишни ва электр аппаратлар ва ускуналарга маълум тартибда боришни таъминлайди, буни бузиш ёки риоя қилмаслик ҳимояланаётган участкада кучланишни автоматик тарзда ўчиришга (тўсқичлантириш-блокировка) олиб келади.
Бехосдан тегиб кетишдан ҳимоялаш учун электрускуналарни ток ўтказувчан қисмлари ва деталларини изоляциялаш муҳим ўрин тутади. Изоляцияни қаршилиги электр занжири кучланишига боғлиқ бўлади. 1 Кв дан кам кучланишли занжирларда унинг қиймати 0,5 МОм дан кам бўлмаслиги керак. Ишчи, иккиланган ва кучайтирилган ишчи изоляциялар фарқланади. Приборлар ва электр қурилмалар доимо ишчи изоляцияга эга, у уларни нормал фаолият юритишини таъминлайди ва электр токидан шикастланишни ҳимоялайди. Ускуналарни ишончлилиги ва электрхавфсизлигини таъминлаш учун, ишчи ва қўшимчадан таркиб топган, иккиланган изоляциядан фойдаланилади. Иккиланган изоляциянинг қаршилиги 5 МОм дан кам бўлмаслиги, бу ишчи қаршиликдан 10 марта кўпни ташкил қилади. Баъзи бир муҳим электрқурилмаларда, иккиланган изоляцияли ҳимоя даражаси кучайтирилиб таъминланадиган, ишчи изоляция қўлланилади.
Одамларни электрускуналарни, изоляцияси шикастланиши натижасида, кучланиш остида қолиши мумкин бўлган, металл ток ўтказмайдиган қисмларига тегиши оқибатида, электр токидан шикастланишидан ҳимоялаш учун ҳимояловчи ерлатиш ёки нуллатиш қўлланилади.
Ҳимояловчи ерлатиш деб электрускуналарни металл корпусини олдиндан ер ёки унинг эквиваленти (ерда жойлашган сув ўтказгич қувурлари, темирбетон балкалари) билан электрли боғланишига айтилади. Бундай боғланишнинг электр қаршилиги минимал бўлиши керак (1000 В гача кучланишли электр занжирлари учун 4 Ом дан кўп бўлмаслиги ва бошқалари учун 10 Ом дан кўп бўлмаслиги керак). Бунда электрускунани корпуси ва унга хизмат кўрсатувчи персонал, изоляцияни тешилиши ва фазани корпусга туташувида ҳам, бир-бирига тенг, нольга яқин потенциалда туриб қолади.
Икки турдаги ерлатиш фарқланади: чиқариладиган ва контурли. Чиқариладиган ерлатишда унинг ерлатгичи (ер билан бевосита туташган ерлатувчи қурилмани элементи) электрускуна ўрнатилган майдончани ташқарисига чиқарилган. Бундай усулдан механика ва йиғув цехлари ускуналарини ерлатишда фойдаланилади. Контурли ерлатиш ҳимояланаётган ускунали майдончани контури бўйича жойлашган бир неча боғланган ерлатувчилардан тузилган бўлади. Бундай турдаги ерлатиш 1000 В дан юқори кучланишли ускуналарда қўлланилади. Нулланиш — электрускунани (одатий тартибда кучланиш остида бўлмайди, лекин электр манбасини ерлатилган нулли сими билан унга тушиб қолиши мумкин) металл қисмларини олдиндан ноль ҳимоя сими ёрдамида электр боғланиши. Ҳимоявий ерлатиш ва нулланишни ўзгарувчан токли 380 В номинал кучланишида ва ундан кўп кучланишда барча ҳолларда қўллаш керак.
Хавфи юқори ва жуда хавфли ишларни бажаришда кичик кучланишдан бошлаб ҳимоявий ерлатиш ва нулланиш бажарилади. Нулланиш занжирида ҳимояловчи нуллагич ва ишчи ўтказгичлар фарқланади. Ҳимояловчи нуллагич ўтказгич деб, электр энергиясини истеъмолчисини (қабул қилувчисини) нуллавчи қисмини, ток манбаини ерлатилган нейтрали билан боғловчи ўтказгичга айтилади.
Нолли иш ўтказгичини электр қабул қилувчиларни ток билан таъминлаш учун қўллашади ва уни ҳам ерлатилган нейтраль билан фақат сақлагич орқали боғлашади. Ишчи нолли ўтказгични ҳимояловчи нолли ўтказгич сифатида фойдаланиш мумкин эмас, чунки сақлагич куйганда барча унга уланган корпуслар фаза кучланиши остида қолиши мумкин. Ҳимоявий ўчиргич қурилмаларига, ток билан шикастланиш хавфи туғилганда, электрускуналарни автоматик ўчиришни таъминлайдиган приборлар киради. Улар датчиклардан, ўзгартирувчилардан ва бажарувчи органлардан ташкил топган. Ерга нисбатан корпус кучланиши ўзгаришини ва авария ҳолатларида фазалар силжишини бартараф этувчи қурилмалар ҳам ишлаб чиқилган.
Изоляцияловчи ҳимоя воситалари, кучланиш остида турган электрускуналар қисмларидан, одамни изоляция қилишга мўлжалланган. Асосий ва қўшимча изоляцияловчи воситалар фарқланади. 1000 в гача кучланишли электрускуналарга хизмат кўрсатиш учун асосий изоляцияловчи воситалар сифатида: изоляцияловчи штангалар, изоляцияловчи ва ўлчовчи клешлар (қисқичлар), кучланиш кўрсаткичлари, диэлектрик перчаткалар, изоляцияловчи дастали чилангарлик-монтаж асбоблари, кучланиш остида таъмирлаш ишларини бажариш учун воситалар (изоляцияловчи нарвонлар, майдончалар ва б.қ.) хизмат қилади.
Қўшимча изоляцияловчи воситаларга: диэлектрик калишлар, гиламчалар ва изоляцияловчи тагликлар киради. Барча изоляцияловчи ҳимоя воситалари, вақтинчалик ерлатиш қўйиш учун мўлжалланган штангалар, гиламчалар ва тагликлардан ташқари, тайёрлангандан сўнг электр синовидан ва эксплуатация жараёнида даврий синовлардан ўтказилиши керак.
Электр хавфсизлиги бўйича кўриб чиқилган фаолиятлар йўналишлари жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларини мажмуали қўллаш билан амалга оширилиши керак. Ҳаракатдаги электрускуналарга хизмат кўрсатиш бўйича ишларга 18 ёшдан кичик бўлмаган, дастлабки тиббий кўрикдан ўтган ва тиббий қарама-қарши кўрсаткичларга эга бўлмаган шахсларга рухсат этилади. Ишлаш жараёнида электрускуналарда банд бўлган персонал икки йилда бир марта тиббий кўрикдан ўтиши керак. Электрускуналарга хизмат кўрсатишга, уларда таъмирлаш монтаж ва созлаш ишларига рухсат этилган шахслар йўл-йўриқдан ўтиши ва меҳнат хавфсизлиги методларига ўқитилиши, хавфсизлик қоидалари ва йўриқномалардан билимлари текширилиши керак. Улар хавфсизлик қоидалари бўйича, техник эксплуатация қилиш ва хавфсизлик қоидалари бўйича талабларга мос тарзда тақдим этилган, тегишли малака гуруҳига эга бўлиши керак.
2.8. Статик электрлаш, хавфли ва зарарли омиллари, ҳимояси
Корхоналарда диэлектрли хоссаларга эга моддалар ва материаллар кенг қўлланилади, бу эса статик электр зарядларини вужудга келишига олиб келади. Статик электрлаш иккита диэлектрикларни бир-бирига ёки диэлектрикларни металларга ишқаланиши (бир-бирига тегиш ёки ажралиши) натижасида ҳосил бўлади. Бунда ишқаланаётган моддаларда электр зарядлари тўпланиши мумкин, улар агар жисм электр ўтказгич ва ерлатилган бўлса, ерга осон ўтади. Диэлектрикларда электр зарядлар узоқ вақт ушлаб турилади, шунинг учун улар статик электрлаш номини олишган. Электр зарядларни моддаларда пайдо бўлиш ва жамланиш жараёни электрланиш дейилади.
Статик электрланиш ҳодисаси қуйидаги ҳолларда кузатилади:
суюқликлар оқимида ва улар сачраганда;
газ ва буғ оқимида;
иккита турли хил қаттиқ жисмларни бир-бирига тегизиб узоқлаштирилганда (контакт- туташув электрланиши).
Статик электрланишни зарядсизланиши диэлектрик ёки ўтказгични сиртида, зарядларни тўпланиши билан боғлиқ, электрстатик майдон кучланганлиги критик қийматига эга бўлганда содир бўлади. Электр статик майдон таъсири остида ишлаётган одамларда турли хил эътирозлар учрайди: ғашланиш-ғижиниш, бош оғриғи, уйқуни бузилиши, иштаҳани камайиши ва б. қ. Электрстатик майдонлар кучланганлигининг рухсатли даражаси иш жойларида туриш вақтига кўра ўрнатилади. Бир соат ичида электрстатик майдон кучланганлигининг чегаравий рухсатли даражаси 60 кВ/м га тенг ўрнатилади. Электрстатик майдон кучланганлиги 20 кВ/м дан кам бўлганда электрстатик майдонда туриш вақти давомийлиги регламентланмайди. 20 дан 60 кВ/м гача персонални электрстатик майдонда ҳимоя воситаларисиз туриш вақти давомийлиги иш жойини кучланганлигига боғлиқ бўлади. Статик электрланишдан ҳимояланиш чоралари статик электрланиш зарядларини пайдо бўлиши ва тўпланишини олдини олишга, зарядларни тарқалиш шароитларини яратишга ва уларни зарарли таъсири хавфини бартараф қилишга йўналтирилган. Асосий ҳимоя чораларига қуйидагилар киради:
ускуналарни электр ўтказувчан қисмларида зарядларни тўпланишига йўл қуймаслик, бунга зарядлар пайдо бўладиган ускуналар ва коммуникацияларни (аппаратлар, резервуарлар, қувур ўтказгичлар, транспортерлар, қуйиш ва тўкиш қурилмаларини) ерлатиш;
қайта ишланаётган моддалар электр қаршилигини камайтириш;
статик электрлаш зарядлари суръатини камайтириш, бунга тегишли тарзда моддаларни сачраши, майдаланиши ва чангланишини истисно қиладиган моддаларни ҳаракатланиш тезликларини танлаш, электрстатик зарядларни ўтказиш, ишқаланиш сиртини танлаш, ёнувчан газлар ва суюқликларни қўшимчалардан тозалаш эвазига эришилади.
Тўпланган статик электрлаш зарядларини одамлардан олиш электр зарядсизланишни бартараф этади. Бу эса ўз навбатида портлаш- ва ёнғин хавфи бор аралашмаларни портламаслиги ва ёнмаслигига сабаб бўлади, шунингдек статик электрланишнинг одамларга зарарли таъсири бартараф этилади. Асосий ҳимоя чоралари қуйидагилар: электрўтказувчан поллар ёки ерлатиш зоналарини, қатламларини ва иш майдончаларини қуриш; эшиклар дасталарини, нарвонлар ушлагичларини, приборлар, машиналар ва аппаратлар дасталарини ерлатиш; ишловчиларни ток ўтказувчан оёқ кийим, антисептик халатлар билан таъминлаш.
Барча объектларда статик электрланишга қарши асосий восита ерлатиш қурилмаларини қўлланилиши бўлади. Ерлатишни ишончлилигини кафолатлаш учун ерлатиш қурилмасини қаршилиги 100 Ом дан кўп бўлмаслиги керак. Ёнувчан суюқликлар ва моддалар билан идишларни ташиш учун қўлланиладиган аравачалар ва электркаралар металл ерлатувчи занжирчалар ёки антистатик тасма билан жиҳозланиши керак. Бочкалар, канистралар ва бидонлар ерлатилган металл лист устига жойлаштирилиб ёқилғи билан тўлдирилади.
2.9. Электр магнит майдони, синфланиши, таъсир қилиш манбалари, нормалаштириш
Атмосфера электри, Қуёш ва галактикалар радионурланиши, Ернинг электр ва магнит майдони, сунъий манбаълар (магнетрон генераторлар), генераторни алоҳида қисмларини бириктирувчи фидер линиялари, тўлқин ўтказгич трактлар фланцли бирикмалари ва тўлқин ўтказгичларни очиқ четлари, кучланиши 1000 В гача электрузатиш линиялари, ҳимоя қурилмалари, автомат приборлар, саноат частотаси манбаъларини бириктирувчи шиналар электр магнити майдонлари манбаълари бўлади. Ўзгармас магнит майдонлари манбаъларига магнитлар, соленоидлар, яримдаврий турли импульс қурилмалари, қуйма металлкерамика магнитлари киради.
Электр магнити майдони — ўзгарувчан электр ва магнит майдонлари тўпламидир. Тўлқин узунлигига боғлиқ ҳолда бутун оралиқ кичик оралиқларга бўлинган: юқори тўлқинли (10 км дан кўп), узун тўлқинли (10 км — 1 км), ўрта тўлқинли (1 км — 100 м), қисқа тўлқинли (100 м — 10 м), ультрақисқа тўлқинли (10 м — 1 мм). Оралиқлар орасида суръатли ўтишлар йўқ, улар баъзан бир-бирини ёпади, улар орасидаги чегара шартли. Электр магнити майдонининг одамга таъсири майдоннинг кучланганлигини қийматига, энергия оқимига, тебраниш частотасига, одам танасининг периметрига боғлиқ бўлади. Электрмагнит майдони одамга қуйидагича таъсир қилади: электр майдонида одамни танасининг атомлари ва молекулалари, (одам танаси шулардан тузилган) қутбланади, бунда қутбланган молекулалар, электролитда (тўқималар суюқликлари ва қон) электр магнити майдонининг йўналиши бўйича тарқалади.
Ўзгарувчан электр майдони диэлектригини қутбланиши ҳисобига одам танаси тўқималарини қизиши келтириб чиқарилади. Майдон кучланганлиги ва таъсир вақти қанча катта бўлса, бу ҳодисада қизиш шунча кучли бўлади. Ортиқча иссиқлик нормал чегарасигача терморостлаш механизмида юкланишни ошириш йўли билан ҳайдалади. Бироқ 10 мВт/см2 иссиқлик пороги дейиладиган энергия зичлигидан бошлаб, танани ҳарорати ошади, бу унга зарар келтиради. Электр магнити майдони майдон суръатлилиги иссиқлик порогидан кичик бўлганда одамни тўқималарига биологик таъсир ўтказади. Ўзгармас магнит майдонларининг таъсири кучланганлик ва таъсир вақтига боғлиқ бўлади. Кучланганлик рухсатли чегарадан ошганда асаб, юрак-қон томирлари тизимларини, нафас олиш, овқат ҳазм қилиш органларини ва қонни биокимёвий кўрсаткичларини бузилиши содир бўлади. Саноат частотали электрмагнити майдонининг биологик таъсирини тавсифловчи асосий параметри электр майдонининг кучланганлиги бўлади. Майдоннинг магнитли таркиби одам организмига сезиларли таъсир ўтказмайди.
Саноат частотали электр майдонининг манбаъси ҳаракатдаги электрускуналарнинг ток ўтказувчан қисмлари (электр узатиш линиялари, индукторлар, термик қурилмалар конденсаторлари, фидер линиялари, генераторлар, трансформаторлар электрмагнитлари, соленоидлар, яримдаврийли ёки конденсатор турли қурилмалар, қуйма ва металлкерамика магнитлари ва б.қ.) бўлади. Электр майдонининг одам организмига узоқ вақтли давомли таъсири асаб ва юрак-қон томирлари тизимининг функционал ҳолатини бузилишига олиб келиши мумкин. Бу юқори даражадаги толиқиш, бажарилаётган иш операцияларининг сифатини пасайиши, юрак олдидаги оғриқлар, қон босимининг ва юрак уришининг ўзгаришида ифодаланади.
Саноат частотали токлар электр майдонининг таъсиридан асосий турдаги жамоа ҳимоя воситаси экранлаштириш қурилмалари бўлади — персонални очиқ тарқатувчи қурилмалар ва электр узатишни ҳаво линияларида ҳимоялаш учун мўлжалланган электрускуналарни таркибий қисми. Экранлаштириш қурилмаси ускуналарни кўрикдан ўтказишда ва зудлик билан ўчириб-ёқишда, ишларни бажаришни кузатишда керак бўлади.
Экранлаштириш қурилмалари айвонлар, бостирмалар ёки ўртатўсиқлар кўринишида металл арқонлар, симчалар тўплами, тўрлар кўринишида қилинади. Худди шундай кўринишда кўчма экранлар ҳам электрускуналарга хизмат қилишда қўлланилади. Экранлаш қурилмалари коррозияга қарши қопламаланиши ва ерлатилиши керак.
Радиочастотали электр магнити майдони манбаълари қуйидагилар бўлади:
60 кГц — 3 МГц оралиғида — ускуналарни экранлаштирилмаган элементлари металлга индукцияли ишлов бериш учун (қаттиқлаш, куйдириш, эритиш, қалайлаш, пайвандлаш ва ш.ў.) ва бошқа материаллар, шунингдек радиоалоқа ва радиоэшиттиришда қўлланиладиган ускуналар ва приборлар;
3 МГц — 300 МГц оралиғида — радиоалоқа, радиоэшиттириш, телевидение, тиббиётда қўлланиладиган ускуналар ва приборларнинг экранлаштирилмаган элементлари, шунингдек диэлектрикларни қиздириш учун ускуналар (пластикатларни пайвандлаш, пластмассаларни қиздириш, ёғоч буюмларни клейлаш ва б.қ.);
300 МГц — 300 ГГц — радиолакация, радиоастрономия, радиоспектроскопия, физиотерапияда ва б.қ. қўлланиладиган ускуналар ва приборларнинг экранлаштирилмаган элементлари.
Барча оралиқдаги радиотўлқинларнинг таъсиридан одам марказий асаб ва юрак-қон томирлари тизимларининг нормал ҳолатидан четланиши характерлидир. Персоналдаги субъектив ҳиссиётларга — тез-тез бош оғриши, уйқусираш ёки умумий уйқусизлик, толиқиш, кучсизлик, юқори даражада терлаш, хотирани пасайиши, бўшанглик, бош айланиши, кўз олди қороғилашуви, сабабсиз безовталик, қўрқиш ва б.қ. киради.
Электромагнит тўлқинлари манбаълари билан хавфсиз ишлашни таъминлаш учун персонални ишлаш жойларида ва бўлиши мумкин бўлган жойларида ҳақиқий нормалаштириладиган параметрларни систематик назоратини олиб борадилар. Тасдиқланган методика бўйича электр ва магнит майдонларининг кучланганлиги ҳамда энергия оқими зичлиги ўлчаниб назорат амалга оширилади. Агар иш шароитлари нормалар талабини қониқтирмаса, радиотўлқинлар таъсиридан персонални ҳимоялаш барча иш турларида қўлланилади. Бу ҳимоя қуйидаги усуллар ва воситалар билан амалга оширилади:
электрмагнит тўлқини энергияси оқими зичлиги ва кучланганлигини пасайтирувчи қувватни келишилган юкламалари ва сўндиргичларини қўллаш;
иш жойини ва нурлатиш манбаъсини экранлаштириш;
ишлаш хоналарида ускуналарни рационал жойлаштириш;
ускуналарни рационал ишлаш тартибини ва персонални меҳнат тартибини танлаш;
огоҳлантириш ҳимоя воситаларини қўллаш.
Электрмагнити нурланишлари таъсиридан самарали ҳимоя воситаси нурланиш манбаъси ва иш жойини электрмагнити энергиясини сўндирувчи ёки қайтарувчи экранлар ёрдамида экранлаштириш бўлади.
Қайтарувчи экранларни асосан қочувчан — паразит нурланишлардан (жуда юқори тўлқинли узатиш линиялари занжирларидаги ток қочишларидан, магнетронларни катодли чиқишларидан ва б.қ.) ҳимоялаш учун қўллашади. Бошқа ҳолатларда, қоидага кўра, ютувчи экранлар қўлланилади. Қайтарувчи экранларни тайёрлаш учун электрўтказувчанлиги юқори материаллар фойдаланилади, масалан металлар (тўлиқ (яхлит) деворлар кўринишидаги) ёки металл асосли пахтали матолар ишлатилади.
Яхлит метал экранлар энг самарали ва 0,01 мм қалинликда электр майдонини тахминан 50 дБ (100000 марта) пасайишини таъминлайди. Ютувчи экранларни тайёрлаш учун электрўтказувчанлиги ёмон материаллар қўлланилади. Ютувчи экранлар махсус таркибли тўлиқ конусли ёки ичи бўш тикилган прессланган резина листлари, шунингдек ғовак резинали пластиналари шаклидаги кабонил темир билан тўлдирилган ва метал тўр билан прессланган шаклда тайёрланади. Бу материаллар каркасга ёки нурланаётган ускуна сиртига клейланади.
2.10. Яшиндан ҳимоялаш
Яшин — бу узунлиги бир неча километр бўлган момоқалдироқли булут ва ер ёки қандайдир ер усти иншооти орасида ривожланадиган электр заряди. Яшинни зарядсизланиши лидерни, бир неча юз ампер токли кучсиз ёритилаётган канални, ривожланиши билан бошланади. Лидерни ҳаракатланиш йўналиши бўйича, булутдан пастга ёки ердаги иншоотдан тепага йўналган, пастлашувчан ва баландлашувчан яшинларга бўлинади.
Бино ва иншоотлар тўғридан-тўғри яшин уришидан, унинг иккиламчи кўринишидан (асоратларидан), ер усти ва ер ости металл коммуникациялари орқали юқори потенциалнинг силжишидан ҳимояланган бўлиши керак. Ташқаридаги ускуналарни тўғридан-тўғри яшин уришидан, унинг иккиламчи кўринишидан ҳимоя қилиш керак. Катта майдонли бинолар ичида (кенглиги 100 метрдан ортиқ) потенциалларни тенглаштириш бўйича тадбирлар бажарилиши керак. Умумий майдонининг 70% дан кўпроғини яшиндан ҳимоялаш керак бўлмаган хоналар ташкил қилганда ва бинони қолган қисмини яшиндан ҳимояланишни I, II ёки III категорияли хоналар ташкил қилса, фақат хоналар ичига киритиладиган коммуникциялар бўйича юқори потенциаллар силжишидан ҳимоялаш назарда тутилиши керак. Бунга коммуникацияларни электр ускуналарнинг ерлатиш тизимига ёки бинони темирбетон арматурасига улаш орқали эришилади. Худди шундай боғланиш ички коммуникациялар учун ҳам назарда тутилиши керак. Ҳар қандай категорияли бино ва иншоотларни тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимоя қилиш мақсадида табиий яшин қайтаргичлар сифатида мажуд юқори иншоотлардан (тутун қувурлари, сув босим миноралари, прожектор мачталари, электр узатиш ҳаво линиялари ва б.қ.) шунингдек бошқа иншоотлар яшин қайтаргичларидан максимал фойдаланиш керак.
Агар бино ва иншоот табиий яшин қайтаргичлар ёки қўшни объектлар ҳимоя зонасига қисман бирикса, тўғридан-тўғри яшин уришидан объектнинг қолган бошқа ҳимояланмаган қисмини ҳимоялаш назарда тутилиши керак. Агар бино ёки иншоотни эксплатация қилиш жараёнида қўшни объектларни реконструкция ёки демонтаж қилиш бу ҳимояланмаган қисмни кўпайишига олиб келса, яшинни тўғридан-тўғри уришидан ҳимояни тегишли ўзгариши энг яқин момақалдироқ мавсуми бошлангунича бажарилиши керак; агар қўшни объектларнинг демонтажи ёки реконструкцияси момақалдироқ мавсуми мобайнида олиб борилса, шу вақтга бино ва иншоотни тўғридан-тўғри яшин урушидан ҳимояланмаган қисмини ҳимоялашни таъминлайдиган вақтинчалик тадбирлар назарда тутилиши керак. Яшиндан ҳимоялаш ерлатишлари сифатида электрускуналарнинг барча тавсияланадиган ерлатишларини, кучланиши 1 Кв гача бўлган электр узатгичлар ҳаво линияларини ноль симларидан ташқари, ишлатишга рухсат этилади.
Пахта тозалаш корхоналари бино ва иншоотларини, шунингдек машина, механизмлари ва технологик ускуналарини яшин уришидан сақлаш учун яшин қайтрагич қурилмаларидан фойдаланилади. Яшин қайтаргичларнинг энг содда икки тури: стерженли ва трослиси амалда кенг қўлланилади. Стерженли яшин қайтаргич ингичка, учли металл стержень кўринишидаги электроддан ва умумий қаршилиги 10—20 ом дан ошмайдиган ерлатгичдан иборат. Тросли яшин қайтаргич эса электр узатиш линиялари устидан тортилган сим (трос) кўринишида ва умумий қаршилиги 10—20 ом дан ошмайдиган пухта ерга улагичдан иборат. Яшин қайтаргич ҳимоя қилинадиган объект устига ўрнатилади.
Яшин қайтаргичнинг ишлаш принципи тож разрядига (зарядсизланишига) асосланган. Атмосферада момақалдироқ бўлган вақтда ҳосил бўладиган кучли электр майдони яшин қайтаргичнинг учида тож разрядни вужудга келтиради. Бу разряд зарядларнинг бино олдида тўпланишига йўл қўймай, уларни ерга ўтказиб туради ва бинони яшин зарбларидан сақлайди. Якка стерженли яшин қайтаргичнинг ҳимоя зонаси (таъсир доираси) шакли бўйича чўққисида 450 бурчак ташкил этадиган конусга яқин бўлади. Бир тросли яшин қайтаргичда ҳимоя зонаси, трос ва унинг ости текислигидаги 450 ли проекциялари қирралар вазифасини ўтайдиган, уч қиррали призма шаклида бўлади.
Электр станцияларида яшин токини ерга ўтказиб юбориш учун ерлатиш симидан фойдаланилади. Тунукаси ерга уланган тунука томли бинолар, марказий иссиқ сув билан иситиладиган, сув ўтказгичлар ва ер остидан электр ўтказилган бинолар яшиндан етарлича сақланган бўлади ва уларга махсус яшин қайтаргичлар ўрнатилмайди. Ичида портлаш хавфини вужудга келтирадиган аралашмалар, чанг, буғ, газлар ҳосил бўладиган биноларни ҳимоя қилиш учун яшин қайтаргич бинолардан нарироқда ўрнатилади. Шунда биноларнинг барча қисмлари яшин қайтаргичнинг таъсир доирасида бўлади.
Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текшириб турилиши ва аниқланган носозликлари бартараф этилиши керак. Момақалдироқ вақтида таъмирлаш, электр ўлчаш ишларини бажариш тақиқланади.
2.11. Огоҳлантириш ранглари, хавфсизлик белгилари ва хавфлардан ҳимоялаш шиорлари
Қуйидаги огоҳлантириш ранглари қабул қилинган:
қизил — «ТЎХТА», «ТАҚИҚЛАНАДИ», «ЖУДА ХАВФЛИ» маънолари учун;
сариқ — «ДИҚҚАТ», «ХАВФ ЭҲТИМОЛИ МАВЖУД» маънолари учун;
яшил — «ХАВФСИЗ», «РУХСАТ ЭТИЛГАН», «ЙЎЛ ОЧИҚ» маънолари учун;
кўк — бошқа маълумотлар учун.
Қизил рангда машиналарнинг тўхтатиш тугмачаларини, хавфли зона тўсиқларининг ички томонини, ёнғинни ўчириш қурилмалари ва воситаларини бўяш мақсадга мувофиқ бўлади.
Сариқ рангда транспорт воситалари (электр юклагич, кўтариш кранлари ва б.қ.) бўялади.
Яшил ранг хавфсизликни таъминловчи воситаларни бўяш учун қўлланилади (захира чиқиш эшиклари, аптечкалар ва б.қ.).
Қуйидаги хавфсизлик белгиларининг шакллари (2.2.Расм) ўрнатилади:
тақиқловчи — қизил кенглик билан чизилган оқ юзли қизил айлана. Айланада рамзий равишда қора рангда тақиқланувчи объект тасвирланган;
огоҳлантирувчи — ичида қора рангда тақиқловчи объект рамзий равишда тасвирланган яшил тенг томонли учбурчак (радиация хавфини ва электр токини — қизил ранг тасвирида белгилаш учун);
кўрсатувчи — оқ стрелка ва кўрсатиш объектининг рамзий тасвири ёки оқ квадрат ичида қора рангли ёзуви бўлган кўк тўртбурчак; тиббий хизмат кўрсатиш пункти ва ёнғин хавфсизлигини кўрсатиш учун белгилар — оқ квадрат ичида кўрсатиш объектини тасвири ёки қизил рангли ёзув.
Моддалар ўтказувчи қувурлар бир-биридан фарқланиши учун улар қуйидагича сон билан белгиланади ва ранг билан бўялади: сув — 1, яшил; буғ -2, қизил; ҳаво -3, кўк; ёнувчан газлар — 4, сариқ; ёнмайдиган газлар — 5, бўялмайди; кислоталар -6, тўқ сариқ; ишқорлар — 7, сиёҳ ранг; ёнувчан суюқликлар — 8, жигар ранг; ёнмайдиган суюқликлар -9, бўялмайди; бошқа моддалар — 0, кул ранг.
Улардан ташқари пахта тозалаш корхоналарини бўлинмаларида, бинолари деворларида, кириш қисмида ва айрим технологик ускуналарнинг кўринарли жойларида қисқа, маъноли, тез тушуниладиган ва ёдланадиган ҳамда эсда сақланадиган равон меҳнатни муҳофаза қилиш шиорлари ёзиб қўйилади. Корхоналарда қўлланилаётган шиорлар тўплами намуналари 2.3-жадвалда келтирилган.
2.3-жадвал
Пахта тозалаш корхоналари цехлари (бўлинмалари) учун меҳнат хавфсизлиги буйича шиорлар тўплами
3. ЖАМОА ШАРТНОМАСИ, МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ТАРАФЛАРИНИНГ МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТЛАРИ
3.1. Пахта тозалаш корхоналарида жамоа шартномаси
Пахта тозалаш корхонасида жамоа шартномаси якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун, бир тарафдан ишловчилар вакиллари ва иккинчи тарафдан иш берувчи ёки унинг вакиллари орасида тузиладиган, меҳнат тўғрисидаги ҳуқуқий ҳужжатдир.
Корхонада ишловчиларнинг вакиллигини ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни касаба уюшмаси қўмитаси амалга оширади. Иш берувчининг вакиллигини ҳамда унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилишни корхона раҳбари ёки у ваколат берган шахслар иш берувчининг таъсис ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.
Жамоа шартномасини тузиш зарурлиги тўғрисидаги қарор ва уни тузиш масаласи бўйича жамоавий музокаралар бошлаш тўғрисидаги таклиф исталган тарафдан берилиши мумкин. Жамоавий музокаралар олиб бориш ва жамоа шартномаси лойиҳасини тайёрлаш учун ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия тузилади.
Жамоа шартномаси умуман корхона бўйича ва унинг алоҳида бўлинмаларида тузилиши мумкин. Корхонанинг алоҳида бўлинмасида жамоавий музокаралар ўтказиш, жамоа шартномасини имзолаш чоғида иш берувчи номидан жамоа шартномасини имзолаш учун, иш берувчи ушбу алоҳида бўлинма раҳбарига ёки бошқа шахсга зарур ваколатлар беради, ходимлар манфаатларини ифода этиш ҳуқуқи эса ушбу бўлинма ходимларининг вакилларига берилади. Жамоа шартномаси ёзма шаклда тузилади.
Жамоа шартномасига иш берувчининг ва ходимларнинг қуйидаги масалалар бўйича ўзаро мажбуриятлари киритилиши мумкин:
меҳнатга ҳақ тўлаш шакли, тизими ва миқдори, пул мукофотлари, нафақалар, компенсациялар, қўшимча тўловлар;
нархларнинг ўзгаришидан, инфляция даражасидан, жамоа шартномасида белгиланган кўрсаткичларнинг бажарилишидан келиб чиққан ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашни тартибга солиш механизми;
ходимларнинг бандлиги, уларни қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, уларни ишдан бўшатиш шартлари;
иш вақти ва дам олиш вақтининг, таътилларнинг давомийлиги;
ходимларнинг, шу жумладан аёлларнинг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнат шароитлари ҳамда меҳнат муҳофазасини яхшилаш, экологик хавфсизликни таъминлаш;
ташкилотни, идорага қарашли уй-жойни хусусийлаштириш чоғида ходимларнинг манфаатларини ҳисобга олиш;
ишни таълим билан қўшиб олиб бораётган ходимлар учун имтиёзлар;
ихтиёрий тиббий ва ижтимоий суғурта;
иш берувчи томонидан ходимларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига қўшимча бадаллар киритиш миқдорлари ва муддатлари;
жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат қилиш, тарафларнинг жавобгарлиги, касаба уюшмаси қўмитаси фаолият кўрсатиши учун нормал шароитлар билан таъминлаш.
Корхонанинг иқтисодий имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда, жамоа шартномасида бошқа шартлар, шу жумладан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган нормалар ҳамда қоидаларга нисбатан имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар (қўшимча таътиллар, пенсияларга устамалар, муддатидан олдин пенсияга чиқиш, транспорт ва хизмат сафари харажатларини компенсация қилиш, ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг фарзандларини умумий ўрта таълим ташкилотларида ва мактабгача таълим ташкилотларида бепул ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш, уяли алоқа, интернет жаҳон ахборот тармоғи учун ҳақ тўлаш, олий таълим ташкилотларида ўқитиш учун ссудалар тўлаш ва ҳақ тўлаш, бошқа қўшимча имтиёзлар ва компенсациялар) ҳам бўлиши мумкин.
Агар қонунчиликда қоидалар жамоа шартномасида албатта мустаҳкамлаб қўйилиши шартлиги тўғрисидаги тўғридан-тўғри кўрсатма мавжуд бўлса, ушбу қоидалар жамоа шартномасига киритилади.
Пахта тозалаш корхоналари учун ишлаб чиқилган жамоа шартномасининг макети [16] қуйидаги бўлимлардан ташкил топган:
1) умумий қоидалар;
2) меҳнатни меъёрлаштириш ва унга ҳақ тўлаш. Кафолатли тўловлар ва компенсация тўловлари;
3) ишдан бўшатилиши мумкин бўлган ҳолатлардаги кафолатлар, бандликни таъминлаш;
4) иш вақти ва дам олиш вақти;
5) меҳнатни мухофаза қилиш;
6) меҳнат муносабатлари билан бевосита боғлиқ ижтимоий
кафолатлар;
7) ёшлар билан ишлаш, уларга қўшимча имтиёзлар ва
кафолатлар;
8) маданий-марифий, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва
спорт ишлари;
9) иш берувчи томонидан касаба ташкилоти фаолиятига
бериладиган кафолатлар ва касаба ташкилотининг
мажбуриятлари;
10) хулосавий қоидалар.
Жамоа шартномасининг лойиҳаси корхонанинг бўлинмаларида ишловчилар томонидан муҳокама қилиниши, келиб тушган таклифлар ва мулоҳазалар ҳисобга олиниб ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия томонидан ишлаб чиқилиши ва меҳнат жамоасининг умумий йиғилишига (конференциясига) кўриб чиқиш учун киритилиши керак.
Жамоа шартномаси, агар меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида ҳозир бўлганларнинг эллик фоизидан кўпроғи уни ёқлаб овоз берган бўлса, маъқулланган ҳисобланади ва тарафларнинг вакиллари уч кун ичида жамоа шартномасини имзолайди. Жамоа шартномаси имзоланган кундан эътиборан ёки жамоа шартномасида белгиланган кундан эътиборан кучга киради ва шартномада назарда тутилган муддат ичида, бироқ кўпи билан уч йил амал қилади. Мазкур муддат тугагач, жамоа шартномаси тарафлар янги шартнома тузгунига ёки амалдаги жамоа шартномасини ўзгартиргунига, тўлдиргунига қадар амал қилади. Тарафлар жамоа шартномасининг амал қилиш муддати тугагунига қадар уни узайтириши мумкин.
Жамоа шартномаси корхонанинг тузилмаси, номи, бошқарув органи таркиби ўзгарганда ёки корхона раҳбари билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганда, шунингдек корхона қайта ташкил этилаётганда, шу қайта ташкил қилиш даврида, ўзининг амал қилишини сақлаб қолади.
Жамоа шартномасининг амал қилиши иш берувчига ва корхонанинг барча ишловчиларига нисбатан татбиқ этилади.
Иш берувчи жамоа шартномаси кучга кирганидан кейин, ўн кундан кечиктирмай, барча ишловчиларни, шунингдек меҳнат шартномасини тузишда ишга қабул қилинаётган ишловчини жамоа шартномаси билан имзо қўйдириб таништириши шарт.
Жамоа шартномасининг бажарилиши устидан назорат шартнома тарафларининг вакиллари, ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича комиссия, меҳнат жамоаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли органлари ҳамда бошқа ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.
Шартнома тарафларининг вакиллари ҳар йили ёки жамоа шартномасида назарда тутилган муддатларда меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида жамоа шартномасининг бажарилиши ҳақида ҳисобот беради.
3.2. Меҳнат шартномаси тарафларининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мажбуриятлари
Меҳнат шартномаси — ходим ва иш берувчи ўртасидаги муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишнинг ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажарилиши ҳақида тарафлар келишувидир.
Меҳнат шартномасида тарафларнинг келишуви бўйича: иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси), ходимнинг меҳнат вазифалари — мутахассислиги, малакаси, лавозими; ишнинг бошланиш куни; меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати; меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатни бошқа шартлари белгиланади.
Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафларидир.
Меҳнат шартномасини тузиш пайтида ходимнинг қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар билан белгиланган меҳнат ҳуқуқлари ҳамда кафолатлари даражаси пасайтирилиши мумкин эмас.
Ўзбекистон республикасининг янги таҳрирдаги меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунининг 22-моддасида ходимнинг ва 23- моддасида иш берувчининг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқлари ва мажбуриятлари кейинчалик Ўзбекистон республикаси Меҳнат кодексининг тегишлича 355 ва 359-моддаларида ҳам келтирилиб мустаҳкамланган. Қуйида ходим ва иш берувчининг меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги мажбуриятларини келтирамиз.
Ходимнинг мажбуриятлари:
меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя этиши;
шахсий ҳимоя воситаларини тўғри қўллаши;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олиши, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан ва малака оширишдан ўтиши;
одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига бевосита хавф туғдирувчи ҳар қандай вазият тўғрисида, шунингдек иш жараёнида ёки у билан боғлиқ ҳолда содир бўлган ҳар қандай бахтсиз ҳодиса ҳақида иш берувчини дарҳол хабардор қилиши шарт.
Ходимнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Иш берувчининг мажбуриятлари:
ҳар бир иш ўрнида меҳнат шароитларининг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига мувофиқ бўлишини таъминлаши;
бинолар, иншоотлар, асбоб-ускуналардан фойдаланиш, технологик жараёнларни амалга ошириш чоғида, шунингдек ишлаб чиқаришда хом ашё ва материалларни қўллаш, ишлар бажариш ва хизматлар кўрсатиш чоғида ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаши;
иш ўринларида меҳнат шароитларининг ҳолати, айниқса зарарли ишлаб чиқариш омиллари ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари юзасидан назоратни амалга ошириши;
меҳнат шароитлари тўғрисида, шу жумладан касб касалликлари ва бошқа касалликлар хавфи мавжудлиги, муайян иш ўринларида ва ишлаб чиқаришда меҳнатни муҳофаза қилишнинг ҳолати ҳақида, шунингдек шу муносабат билан ходимларга берилиши лозим бўлган имтиёзлар ва компенсациялар, шахсий ҳимоя воситалари тўғрисида ходимларни ўз вақтида хабардор қилиши;
қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматини ташкил этиши;
ходимларни белгиланган нормалар бўйича сут, даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув, шахсий ҳимоя ҳамда гигиена воситалари билан таъминлаши, шунингдек жамоавий ҳимоя воситалари қўлланилишини таъминлаши;
ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар олишини, меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича ўқувдан, қайта тайёргарликдан ўтишини, малака оширишини ва билимлари текширилишини таъминлаши;
меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқувдан ўтмаган, йўл-йўриқлар олмаган ва билимлари текширилмаган шахсларни ишга қўймаслиги;
ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар белгиланадиган, имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи бериладиган, ногиронлар банд бўлган зарарли, хавфли ва бошқача меҳнат шароитларига эга иш ўринларида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иш ўринларининг меҳнат шароитлари бўйича аттестациясини ўтказиши;
дастлабки тарзда (ишга кираётганда) ва даврий (меҳнат фаолияти давомида) мажбурий тиббий кўриклар белгиланган тартибда ўтказилишини ташкил этиши;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларга, шунингдек касаба уюшмаларига ва ходимларнинг бошқа вакиллик органларига уларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати, бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини текшириши юзасидан назоратни, текширишни ва мониторингни амалга ошириши учун зарур бўлган ахборот ва материалларни тақдим этиши;
авария вазиятларининг олдини олиш, бундай вазиятлар юзага келганда ходимларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, шу жумладан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар кўриши;
меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга оширувчи органларнинг кўрсатмаларини бажариши ҳамда касаба уюшмаларининг ва ходимлар бошқа вакиллик органларининг тақдимномаларини кўриб чиқиши;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан давлат томонидан мажбурий ижтимоий суғурта қилинишини, шунингдек иш берувчининг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурта қилинишини таъминлаши;
ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва касб касалликларини белгиланган тартибда текширувдан ўтказиши, шунингдек уларнинг ҳисобини юритиши шарт.
Улардан ташқари, меҳнат шартномаси тарафлари мажбуриятларига қонун ҳужжатларига мувофиқ қуйидагилар ҳам киритилиши мумкин.
Фуқароларни соғлиғининг ҳолатига кўра ўзига тўғри келмайдиган ишга қабул қилиш ва ишловчиларни бошқа шундай ишга ўтказиш тақиқланиши, шунингдек соғлиғи ва ҳаётига юқори даражада хавф туғдириши мумкинлиги олдиндан аён бўлган ишга қабул қилиш ҳамда ўтказиш чоғида иш берувчи уларни бу ҳақда огоҳлантириши шарт.
Соғлиғининг ҳолатига кўра енгилроқ ишга ёки ноқулай ишлаб чиқариш омиллари таъсирини истисно этадиган ишга ўтказишга муҳтож ходимларни иш берувчи ана шундай ишга уларнинг розилиги билан, тиббий хулосага мувофиқ вақтинча ёки муддатини чекламай ўтказиши шарт.
Соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш имконияти йўқлиги туфайли, давлат назорат ва текширув органи талаби бўйича, корхона, цех, участка, иш жойи фаолияти тўхтатилганда (бекор қилинганда), иш берувчи ходимни малакасига мос иш билан таъминлашга ёки ходимни янги касбга (мутахассисликка) тайёрлаши ҳамда тайёрлаш даврида ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда бепул ўқитилишини таъминлашга мажбур.
Ишловчи ўзини ҳаёти ва соғлиғи учун бевосита хавф туғилганда шундай ишларни ва меҳнат шартномасида назарда тутилмаган меҳнат шароити оғир ва зарарли ишларни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга.
Меҳнатда майиб бўлганлиги ёки иш билан боғлиқ ҳолда соғлиғига бошқача тарзда шикаст етказилганлиги муносабати билан вақтинча камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилган ходимларга уларнинғ соғлиғи шикастланганлиги учун жавобгар бўлган иш берувчи аввалги иш ҳақи билан янги ишда оладиган иш ҳақи ўртасидаги фарқни тўлайди.
Иш берувчи иш жойида касал бўлиб қолган ходимларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиши, даволаш-профилактика муассасасига олиб бориши керак.
Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ўқиш ва йўл-йўриқдан ўтмаган ҳамда меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалар, нормалар ва йўриқномалардан билимлари текширилмаган шахсларни ишлашига рухсат этиш тақиқланади.
Корхоналар маъмурияти ишловчилар ишлаш нормаларини бажаришлари учун нормал шароитларни таъминлашга мажбурдирлар, яъни машиналар, ускуналар, мосламаларни соз ҳолатда бўлишини таъминлашлари; керакли ёритилганлик, иссиқлик ва шамоллатиш яратишлари; шовқин, нурланиш, титраш ва ишловчилар соғлиғига салбий таъсир ўтказадиган бошқа омиллар зарарли оқибатларини бартараф қилишлари керак.
Меҳнат шартномасида меҳнат шароитларини ишончли тавсифи, ишловчиларга оғир меҳнатлар ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларида ишлаганлик учун имтиёз ва компенсациялар кўрсатилади.
Давлат томонидан иш берувчи билан меҳнат шартномаси бўйича меҳнат жараёнида қатнашаётган ишловчиларнинг меҳнатни мухофаза қилиш ҳуқуқи кафолатланади ва унинг номидан фаолият юритувчи қонунчилик, ижрочи ва суд ҳокимияти органлари томонидан бажарилиши таъминланади.
4. КОРХОНАЛАРДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШНИ БОШҚАРИШ
4.1. Пахта тозалаш корхоналарини меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришдан мақсади ва унга эришиш йўналишлари
Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришдан мақсад: иш жойларида, ишлаб чиқариш участкаларида, цехлар ва тайёрлов пунктларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ишловчиларни ишлаб чиқаришдаги зарарли ва хавфли омиллар таъсиридан ҳимоялаш, меҳнаткашларни узоқ ва юқори меҳнат қобилиятларини сақлашдан иборат.
Корхона фаолиятидан мақсад, хом-ашё тайёрлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, уни сотиш ва фойда олиш билан бир қаторда меҳнат жамоаси турмушини яхшилаш, ҳаётини ижтимоий ривожлантириш ва атроф муҳитни мухофаза қилишдир.
Меҳнат жамоасини ҳаётини ижтимоий ривожлантириш деганда меҳнатдан қониқиш даражасини ошириш, меҳнат жамоаси аъзоларини моддий ва маънавий талабларини қондириш, меҳнат, маиший хизмат кўрсатиш, дам олиш шароитларини яхшилаш, ҳар бир ишловчини ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича ишлар тушунилади.
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришни ҳуқуқий ва меъёрий асосларини меҳнат кодекси, меҳнатни мухофаза қилиш қонуни талаблари, ҳукумат органлари қарор ва фармойишлари, меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими ва бошқа меъёрий-техник ҳужжатлар ташкил килади.
Иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратилишини таъминлаш, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитар-гигиена, даволаш-профилактика, реабилитация қилиш, бошқа тадбирлар ва воситаларни тайёрлаш, қарорлар қабул қилиш ва амалга ошириш меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш тизими (ММҚБТ) ёрдамида амалга оширилади. Иш жойларида, ишлаб чиқариш участкаларида ва бутунлай корхонада таркибий бўлинмалар, функционал хизматлар ва алоҳида ишловчиларни хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини таъминлаш бўйича фаолияти корхонада меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш объекти бўлади.
Корхона бўйича меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш органини корхона маъмурияти номидан унинг раҳбари, бош мухандиси, бош мухандис муовини ва меҳнат мухофазаси бўлими бошлиғи ташкил килади. Бошқариш органи корхона цехлари, тайёрлов пунктларида меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги маълумотларни тахлил қилади, меҳнат шароитлари омилларини меъёрий қийматидан четга чиқишларни бартараф этиш мақсадида, бошқариш қарорини қабул қилади ва уларни бажарилишини таъминлайди. Меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш органи корхона раҳбари (бош мухандис ва б.қ.) хизмати ва корхонани ишлаб чиқариш бўлинмалари ва хизматлари раҳбарлари бўлади.
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш ишида корхона хўжалик фаолиятини бошқариш механизмини деярли барча бўғинлари хизматлари ва лавозимли шахслари иштирок қилади. Шунинг учун корхона бўйича бошқариш фаолиятини самародорлиги корхонани барча хизматлари ва лавозимли шахсларининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда вазифаларини аниқ кўрсатилишига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ҳар бир корхонада меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишларни ташкиллаштириш тўғрисида низом ишлаб чиқилиши керак. Унда меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш тизимида қатнашаётган хизматлар ва лавозимли шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ўзаро боғланганлиги ва бир-бирига бўйсинганлиги ўрнатилади.
Ҳар бир хўжалик бўлинмаси: тайёрлов пункти (маскани), цех, ишлаб-чиқариш участкаси ва бригадаси ва корхонанинг хизматлари меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини кўрсатувчи ўзининг бошқариш органи, бошқариш объекти ва маълумот таъминотига эга бўлади. Шунинг учун, таркибий бўлинмалар ва хизматларни бошқариш фаолияти, меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш органи томонидан, умуммиқёсда мувофиқлаштирилган ва тезкор бошқариладиган бўлиши керак.
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш бўйича ташкилий-методик ишларни, бошқарув қарорларини тайёрлаш ва уларни бажарилишини назорат қилишни, бевосита корхона раҳбари ёки бош мухандисга бўйсинувчи, меҳнатни мухофаза қилиш хизмати амалга оширади. Алоҳида иш жойлари, участкалар ва бутунлай корхона бўйича меҳнат шароитлари ҳақида объектив маълумотлар бўлган тақдирдагина ММҚБТ ни нормал фаолият юритиши ва такомиллаштирилиши таъминланиши мумкин. Пахта тозалаш корхонасида меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш тизимини фаолият юритиши, иш берувчига қонунларда белгиланган меҳнатни мухофаза қилишдан ўз мажбуриятларини самарали амалга ошириш имкониятини беради.
4.2. Меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш функцияси
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш функцияси (корхоналар ва уларнинг бўлинмалари миқёсида) қуйидаги бўлимлардан ташкил топган:
меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиш;
меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш;
меҳнатни мухофаза қилиш ишларини режалаштириш;
меҳнатни мухофаза қилиш ишлари юқори даражада бўлганлиги учун рағбатлантириш;
тарбиялаш ва интизомни мустаҳкамлаш.
Барча назорат турлари, нафақат меҳнатни мухофаза қилиш меъёрлари ва қоидалари, стандартларидан четга чиқишларни аниқлаш, қоида бузилишлар сабабларини тахлил қилиш ва уларни бартараф этиш тадбирларини ҳам ишлаб чиқишни тақозо этади.
Меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш меҳнат қонунлари талабларига, меҳнатни мухофаза қилиш стандартлари, меъёрлари ва қоидаларига риоя этмаслик сабабларини аниқлаш ва умумлаштириш ҳамда меҳнатни мухофаза қилишдан режалаштирилган ишлар ва тадбирларнинг бажарилмаганлик сабабларини аниқлаш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш учун аниқ чоралар кўришни талаб этади. Тахлил қилиш учун бахтсиз ҳодисалар ҳисобини олиб бориш, касб касалликлари ҳисоботи ва меҳнатни мухофаза қилишдан ҳисоботлар, иш жойларини шаходатлаш ҳамда санитар-техник паспортлаштириш маълумотлари ва барча назорат турлари материалларидан фойдаланилади.
Иш жойларида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиш ҳисоботини олиб бориш ва тахлил қилиш асосида, меҳнатни мухофаза қилишнинг тезкор, истиқболли иш режасига киритиш учун тавсиялар ишлаб чиқилади.
Режалаштириш ўз ичига 5 йиллик (истиқболли) меҳнатни мухофаза қилиш ва шароитларни яхшилаш ҳамда санитар-соғломлаштириш тадбирларини комплекс режасини ишлаб чиқиш, жорий (йиллик) меҳнатни мухофаза қилиш тадбирларини ишлаб чиқиш — бу жамоа шартномасининг меҳнатни мухофаза қилиш қисмига киритилади ҳамда алоҳида цехлар, участкаларнинг меҳнатни мухофаза қилиш тадбирларининг тезкор (ўн кунлик-декада, ойлик, чораклик) режасини ўз ичига олади.
Меҳнатни мухофаза қилиш ишларини юқори даражага кўтарганлик учун моддий ва маънавий рағбатлантириш қўлланилади.
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқариш касблар бўйича танлашни ташкиллаштириш, меҳнатни мухофаза қилишга ўқитиш ва уни тарғибот қилиш, ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш, оптимал меҳнат ва дам олиш тартибини таъминлаш, меъёрий санитар-маиший хизмати кўрсатилишини таъминлаш, ишловчиларга зарарли ишларни бажарганликлари учун имтиёзлар ва компенсация тўловлари жорий этиш, даволаш-профилактика ишларини олиб бориш йўли билан амалга оширилади.
4.3. Меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришнинг асосий вазифалари
Меҳнатни мухофаза қилишни бошқаришни асосий вазифалари қуйидагилардан:
ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитиш ва меҳнатни мухофаза қилиш масалаларини ташвиқот қилиш;
ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш;
ишлаб чиқариш жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш;
бино ва иншоотларни хавфсизлигини таъминлаш;
меҳнатни санитар-гигиеник шароитларини меъёрлаштириш;
ишловчиларни шахсий ҳимояловчи воситалар билан таъминлаш;
ишловчиларга даволаш-профилактика хизмати кўрсатилишини ташкиллаштириш;
ишловчиларга санитар-маиший хизмат кўрсатиш;
ишловчиларни алоҳида мутахассисликлар бўйича касб малакасига кўра танлашдан иборат.
Ишловчиларни меҳнат хавфсизлигига ўқитиш тегишли тармоқнинг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалари, низомлари ва йўриқномалари бўйича амалга оширилиши керак. Ишловчиларни меҳнат хавфсизлиги бўйича ўқитишни — бўлинма бошлиғи, ишлаб- чиқариш техникаси бўлими, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, бош механик бўлими ва бош энергетик бўлимлари ҳамкорликда олиб борадилар.
Меҳнатни мухофаза қилиш масалаларини тарғибот қилиш барча тарғибот қилиш воситалари: турли қўлланмалар, плакатлар, радио, телевидение, кино, кўрик-танловлар, маърузалардан фойдаланилиб, бўлинма раҳбарлари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими томонидан бажарилиши керак.
Ишлатилаётган ишлаб-чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлаш, уларни меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, давлат назорат органлари меъёрлари ва қоидалари ва меҳнат хавфсизлигининг бошқа меъёрий ҳужжатлари талабларига мос ҳолатга келтириб, керак бўлганда — янги хавфсиз ускуналар билан алмаштирилиб ечилиши керак. Фойдаланилаётган ишлаб чиқариш ускуналарини хавфсизлигини таъминлашни — бош механик бўлими, бош энергетик бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси ва техник назорат бўлими бажарадилар.
Ишлаб чиқаришда технология жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш амалдаги технологияларни меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, давлат назорат органлари меъёрлари ва қоидалари ва меҳнат хавфсизлигининг бошқа меъёрий ҳужжатларига мос ҳолатга келтириш ҳамда янги хавфсиз технология жараёнлари, механизациялаштириш ва автоматлаштириш воситаларини ишлаб чиқаришга тадбиқ этиш йўли билан амалга оширилиши керак. Ишлаб чиқариш жараёнларини хавфсизлигини таъминлаш — бош технолог, техник назорат бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси, бош механик бўлими, бош энергетик бўлими томонидан бажарилади.
Ишлаб-чиқариш бино ва иншоотлари хавфсизлигини таъминлаш уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва улардан фойдаланишда меҳнатни мухофаза қилиш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш талабларини бажариш йўли билан бажарилади. Қурилаётган бино ва иншоотларни хавфсизлигини таъминлаш — капитал қурилиш, меҳнатни мухофаза қилиш ва моддий-техника таъминоти бўлимлари томонидан; фойдаланилаётган бино ва иншоотларнинг хавфсизлигини таъминлаш — бош механик бўлими, бўлинма бошлиғи, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, ёнғин хавфсизлиги бўлими ва моддий-техника таъминоти бўлимлари томонидан бажарилади.
Меҳнат шароитларини санитар-гигиеник меъёрлаштириш иш ўринларида ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари пайдо бўлиш сабабларини бартараф этиш ва самарали жамоа ҳимоя воситаларини қўллаш йўли билан амалга оширилади. Меҳнат шароитларини санитар-гигиеник меъёрлаштиришни — бўлинма раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, касаба уюшмаси, бош технолог бўлими ва тиббиёт пункти бажарадилар.
Ишловчиларни шахсий ҳимояловчи воситалар билан таъминлаш амалдаги меъёрлар ва улар учун ўрнатилган берилиш, сақланиш ва фойдаланиш тартибига кўра амалга оширилиши ҳамда улар билан таъминлашни моддий-техника таъминоти бўлими раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими ва касаба уюшмаси томонидан бажарилиши керак.
Оптимал меҳнат ва дам олиш тартиби яратилишини таъминлаш барча ишловчилар учун уларнинг меҳнат хусусиятлари ҳисобга олиниб, биринчи навбатда ишлаб-чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари таъсир этаётган ва узликсиз юқори жисмоний ва асаб-руҳий кучланганлик билан ишлаётганлар учун назарда тутилиши керак. Ишловчилар учун имтиёзли меҳнат ва дам олиш тартиби меъёрий ҳужжатлар асосида таъминланади. Оптимал меҳнат ва дам олиш тартибини меҳнатни илмий ташкиллаштириш ва иш ҳақи бўлими, бўлинма раҳбари, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими ва касаба уюшмаси таъминлайди.
Ишловчиларни даврий, янгидан ишга қабул килинаётганларни, тиббий профилактика кўригидан ўтказилишини, пархез овқатлар билан таъминлаш ва уларнинг касалланишларини олдини олиш тиббий-профилактика тадбирларини ўтказилишини ташкиллаштиришни ва тиббий-профилактика хизмати кўрсатишни тиббиёт пункти, бўлинма раҳбари, касаба уюшмаси ва меҳнатни мухофаза қилиш хизмати ташкил этади.
Санитар-маиший хизмат кўрсатиш ишловчиларни санитар-маиший хоналари, қурилмалари билан таъминлаш ҳамда уларни амалдаги меъёр ва қоидалар талабларига кўра ишлатилишини назарда тутиши керак. Ушбуни бўлинма бошлиғи, меҳнатни мухофаза қилиш бўлими, моддий-техника таъминоти бўлими, капитал қурилиш бўлими ҳамда касаба уюшмаси ташкиллаштиради.
Касбий танлаш ишловчиларни алоҳида касбларга (пахта ғарами бузгич РБХ операторлиги, иссиқлик генераторлари ва пахтани қуритиш барабанлари, тозалаш машиналари, жин ва линтерлар операторлари, маҳсулотларни тойловчилар ва бошқалар) жисмоний ва руҳий жиҳатдан ишларни хавфсиз бажаришга мослигини назарда тутади. Алоҳида касблар ва мутахассисликлар бўйича касбий танлашни кадрлар бўлими, меҳнатни мухофаза қилиш хизмати ҳамда тиббиёт пунктлари бажарадилар.
5. КОРХОНА ЛАВОЗИМЛИ ШАХСЛАРИНИНГ МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ БЎЙИЧА МАЖБУРИЯТЛАРИ
Корхона раҳбари, бош мухандиси, бош технологи, бош механиги, бош энергетиги, бошқа мутахассислари, таркибий бўлинмалар раҳбарлари, сменалар усталари — буларнинг ҳар бири ўз фаолият соҳалари ва участкаларида хавфсиз ва зарарсиз меҳнат шароитларини таъминлашга мажбурдирлар.
5.1. Корхона раҳбарининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мажбуриятлари
Корхона раҳбарининг корхонада соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мажбуриятларига:
меҳнатни мухофаза қилиш хизматини тузиши ва унга мутахассислар танлаши;
жамоа шартномаси ва унинг шароитларни яхшилаш, меҳнатни мухофаза қилиш, санитар-соғломлаштириш ва санитар-маиший хизмат кўрсатиш тадбирларини МХСТ талабларига мос комплекс режасини ишлаб чиқишни ташкиллаштириши ва тасдиқлаши, унинг бажарилишини молия, материаллар, ишлаб чиқариш ускуналари, механизациялаштириш ҳамда автоматлаштириш воситалари билан таъминлаши;
корхона ишчи ва хизматчиларини санитар маиший, умумовқатлантириш, соғломлаштириш бинолари ва хоналари, махсус кийим бош, махсус оёқ кийим, шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаши;
санитар-маиший хизмат кўрсатиш хоналари ва қурилмаларини меъёр бўйича ишлатилишини ҳамда шахсий ҳимоя воситаларини сақлаш, тозалаш, ювиш, қуритиш, дезинфекциялаш, газсизлантириш, дезактивлаштириш, текшириш, синаш ва таъмирлашни ташкиллаштириши;
уч босқичли назоратнинг ташкил этилиши ва олиб борилиши устидан доимий назорат ўрнатиши;
корхонада ички меҳнат тартиби қоидаларини ва таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассислари учун меҳнатни мухофаза қилишдан мажбуриятларни ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ташкиллаштириши;
таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассилари, меҳнатни мухофаза қилишнинг жамоа нозирлари иштирокидаги ишлаб чиқариш мажлисларида вақти-вақти билан меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳолати, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар, касалланишлар сабабларини олдини олиш тадбирларини, шароитларни яхшилаш, меҳнатни мухофаза қилиш ва санитар-соғломлаштириш тадбирларининг бажарилиш ҳолатини кўриб чиқиши ва б.қ. киради.
5.2. Корхона бош мухандисининг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мажбуриятлари
Бош мухандиснинг мажбуриятларига:
жамоа шартномаси ва унинг меҳнатни мухофаза қилиш бўйича шароитларни яхшилаш, хафсизликни таъминлаш, санитар соғломлаштириш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширилишига раҳбарлик қилиш;
меҳнатни мухофаза қилиш хизматини комплектлаш, унга раҳбарлик қилиш ва корхонада меҳнат хавфсизлиги талабларининг тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаш;
ишчиларни ишлаб чиқариш касбларига тайёрлашда хавфсиз иш услублари ва усулларини ўргатиш, уларни билимларини текширишни ташкиллаштириш;
меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мухандис-техник ходимларга, ёш мутахассилар ва ўқув юртлари ўқувчиларига кириш йўл-йўриқларини шахсан ўтказиши, бевосита иш жойларида меҳнатни мухофаза қилиш бўйича дастлабки, даврий, навбатдан ташқари йўл-йўриқларни ўз вақтида берилишини ташкиллаштириш;
таркибий бўлимлар раҳбарлари ва мутахассисларини меҳнат қонунлари, МХСТ, меҳнатни мухофаза қилиш меъёрлари ва қоидаларидан билимларини текширишни ташкиллаштириш ва ўтказиш;
ускуналарни ишлатиш, ишлаб чиқариш жараёнларини олиб бориш ва ташкиллаштиришда меҳнатни мухофаза қилиш талабларига риоя этилишини назорат қилиш, технология хариталари (регламентлари) ва иш бажариш лойиҳаларида меҳнат хавфсизлиги тадбирларининг тўлиқ ва сифатли ишлаб чиқилишини таъминлаш;
юқори ташкилотлар кўрсатмалари ва давлат назорат органлари тақдимотлари тавсияларини бажарилишини ташкиллаштириш, тайёрлов масканлари ва заводнинг таркибий бўлинмаларида меҳнат хавфсизлиги ва санитария-гигиена шароитлари ҳолатини текшириш, аниқланган камчиликлар бўйича тезкор чоралар қабул қилиш;
даврий равишда ва бир маротаба синашни талаб этадиган шахсий ва жамоа ҳимоя воситаларининг синалишини, юк кўтариш машиналарининг юк кўтариш-тушириш мосламаларини, босим остида ишловчи идишлар ва давлат органлари назорати остида бўлган бошқа ускуналарни техник шаҳодатлашни ташкиллаштириш;
ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисаларни текширилиши, ҳужжатлаштирилиши ва ҳисоботининг тўғри олиб борилиши ҳамда текшириш далолатномаларини ўз вақтида тасдиқланилишини, жароҳатланишлар ва касалланишларни тахлил қилиши, уларни содир бўлиш сабабларини бартараф этиш тадбирларини ишлаб чиқиши ва амалиётга тадбиқ қилинишини таъминлаш;
корхонада бахтсиз ҳодисалардан зиён кўрганлар ва меҳнатни мухофаза қилиш харажатларини, бахтсиз ҳодисалардан зиён кўрганлар сонини асосий сабаблари ва жароҳатланиш омилларига кўра тақсимланишини ҳамда шароитларни яхшилаш, меҳнатни мухофаза қилиш ва санитар-соғломлаштириш тадбирларининг бажарилиш ҳисоботларини ўз вақтида тузилиши ва тадбирларни бажарилишини назоратини олиб бориш;
корхонага МХСТ, илмий-текшириш ва конструкторлик-лойиҳалаш ташкилотларини меҳнат хавфсизлиги бўйича техник ечимлари ва таклифларини, меҳнат шароитларини яхшилаш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланиш ва касалланишларнинг олдини олиш, ишлаб чиқариш маданияти ва техник эстетикадан илғор тажрибаларни тадбиқ қилиш;
жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларини, хавфсиз техникаларни, шамоллатиш ва чангсизлантириш системаларини, санитар-маиший ускуналарни тадбиқ қилишни ташкиллаштириш;
меҳнатни мухофаза қилишдан уч босқичли назоратнинг 1- ва 2- босқичларининг ўтказилишини назорат қилиши ва методик ёрдам кўрсатиши ҳамда 3- босқичини ўтказиш ва назорат қилишда қатнашиш;
белгиланган тартибда мажлислар (семинарлар), кўрик танловлар, маърузалар, экскурсиялар ўтказиш ҳамда меҳнатни мухофаза қилиш кабинетларини жиҳозлаш, меҳнатни мухофаза қилиш бурчаклари ва кўргазмаларини ташкил этиш йўли билан соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитларини тарғиботини олиб бориш;
раҳбарлар ва мутахассисларни меҳнатни мухофаза қилиш саволлари бўйича билимлари ва малакаларини оширишни ташкиллаштириш, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ўрнатилган ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этилишини, бахтсиз ҳодисалар ва уларни бартараф этиш бўйича бажарилаётган ишлар тўғрисидаги тезкор маълумотларни тақдим этилишини таъминлаш;
барча касб ишловчилари ва бажариладиган ишлар учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини ташкиллаштириш;
хавфсизлик талабларини ҳисобга олиб технология ва конструкторлик ҳужжатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда уларга керакли ўзгартиришлар ва қўшимчаларни киритиш;
корхонани таркибий бўлимларини меҳнат хавфсизлигидан меъёрий ҳужжатлар ва ўқув қўлланмалари билан таъминлаш;
корхонанинг таркибий бўлимлари бошлиқлари ва мутахассислари учун меҳнатни мухофаза қилиш мажбуриятларини ишлаб чиқиш;
меҳнатни мухофаза қилишни ташвиқотини амалга ошириш ва ишловчиларни меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалар ва йўриқномалар билан таъминлаш ҳамда таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассилари, меҳнатни мухофаза қилишнинг жамоа нозирлари иштирокидаги ишлаб чиқариш мажлисларида вақти-вақти билан меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳолати, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар, касалланишлар сабабларини олдини олиш тадбирларини, шароитларни яхшилаш, меҳнатни мухофаза қилиш ва санитар-соғломлаштириш тадбирларини бажарилиш ҳолатини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш ва б.қ. киради.
5.3. Корхонани бош технологининг мажбуриятлари
Корхонани бош технологи мажбуриятларига:
технология жараёнларини хавфсиз ва зарарсизлигини таъминлаш учун жамоа шартномасининг шароитларни яхшилаш, меҳнатни мухофаза қилиш ва санитар соғломлаштириш тадбирларини технологияга тегишли бўлимлари тадбирларини ишлаб чиқиш ва келишиш, уларни бажарилишини назорат қилиш;
хавфли ёки зарарли ишлаб чиқариш омиллари пайдо бўлишига сабаб бўлувчи технологик жараёнларни хавфсиз ёки зарарсиз меҳнат шароитларини таъминловчи технологик жараёнлар билан алмаштиришни режалаштириш;
ишловчиларга хавфсиз ва зарарсиз меҳнат шароитларини таъминловчи ишлаб чиқариш (технология) жараёнларини, механизациялаштириш воситаларини, ностандарт ускуналарни ишлаб чиқиш ва тадбиқ қилиш;
технология жараёнлари ва ускуналари стандартлари ва техник шартлари лойиҳаларини, технология карталари топшириқларини кўриб чиқиш ва келишиш;
технология жараёнларида қатнашувчиларга ишларни бажариш лойиҳаларини, меҳнатни мухофаза қилиш йўриқномаларини ишлаб чиқиш;
технология жараёнларини бажариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар сабабларини тахлил қилишда қатнашиш, уларни олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиш ва тадбиқ қилиш;
ишлаб чиқариш жараёнларини ташкиллаштириш ва бажаришда меҳнатни мухофаза қилиш талабларига риоя қилинишини назорат қилиш;
таркибий бўлинмалар раҳбарлари, мутахассисларини меҳнатни мухофаза қилиш бўйича билимларини текшириш комиссияси ишида қатнашиш;
корхонада меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини уч босқичли — маъмурий-жамоа назоратининг 3- босқичини амалга оширишда қатнашиш ва б.қ. киради.
5.4. Корхонани бош механигининг мажбуриятлари
Корхонани бош механиги:
технологик машиналар, ускуналар ва қурилмаларнинг соз ва хавфсиз ҳолатда бўлишини ва меҳнатни мухофаза қилиш талабларига биноан фойдаланилишини таъминлаши;
жамоа шартномасига киритиш учун шароитларни яхшилаш, меҳнатни мухофаза қилиш ва санитар-соғломлаштириш тадбирларини тегишли бўлимларини ҳамда машиналар ва ускуналарни бузилмасдан таъмирлашнинг график режаларини, уларнинг «нуқсонлар рўйхати”ни тузиб, ишлаб чиқиши ва бажарилишини таъминлаши;
технология ускуналарини, юк кўтариш машиналари ва механизмларини, буғ ва сув иситиш қозонхоналарини, босим остида ишлайдиган аппаратлар ва қурилмаларни, компрессор ускуналарини, электротехника ускуналари ва қурилмаларини, шунингдек вентиляция ва иситиш системаларига техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашни ўз вақтида ўтказилишини;
ускуналарни таъмирлаётган ишловчиларни ишларни хавфсиз бажариш усуллари ва услубларига ўқитиши, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар беришни ташкиллаштириши ва ўтказиши;
корхона технологик ускуналари, машиналари ҳамда қурилмалари ва мосламаларини таъмирлаш ишловчилари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар ишлаб чиқиши;
хавфсизлигига юқори талаблар қўйиладиган ишларни «наряд-рухсатлар» расмийлаштириб бажарилишини таъминлаш;
таркибий бўлимлар раҳбарлари, мутахассларининг меҳнатни мухофаза қилиш меъёрлари ва қоидаларидан билимларини текшириш комиссияси ишида қатнашиши;
давлат органлари назорати остида бўлган ускуналарни қайд этиш ва техник шаҳодатлаш, паспортларига ўзгартиришлар киритишни ташкиллаштириши;
технологик ускуналарни ишлатиш билан боғлиқ содир бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг сабабларини тахлил қилишда қатнашиши, уларни олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиши ва тадбиқ этилишини таъминлайди.
5.5. Корхона бош энергетиги мажбуриятлари
Корхона бош энергетиги мажбуриятларига:
жамоа шартномасига киритиш учун шароитларни яхшилаш, меҳнатни мухофаза қилиш ва санитар-соғломлаштириш тадбирларининг комплекс режасининг тегишли бўлимларини ҳамда электр қурилмалари, энергетика ускуналари ва системаларини бузилмасдан таъмирлашнинг график-режасини ишлаб чиқиши ва келишиши, уларни бажарилишини назорат қилиши;
электр қурилмалари, энергетика ускуналари ва системаларига хизмат кўрсатувчиларига меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар бериши, меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари, йўриқномаларига ўқитиши, вақти-вақти билан билимларини текширишни ўтказилишини ташкиллаштириши;
корхона электр қурилмалари, энергетика ускуналари ва системаларининг соз ва хавфсиз ҳолатда бўлишини ҳамда уларни хавфсиз ишлатилишини назорат қилиши;
электр қурилмалари, энергетика ускуналари ва системаларини, жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқаришга фойдаланишга қабул қилишда қатнашиши, уларни текшириш ҳамда синашни ташкиллаштириши;
давлат органлари назорати остида бўлган энергетик ускуналар ва системаларни қайд этиш ҳамда техник шаҳодатлаш, паспортларига ўзгартиришлар киритишни ташкиллаштириши, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини хавфсиз бажарилишини, хавфсиз жиҳозлар ҳамда самарали ҳимоя воситаларини тадбиқ этиши;
меҳнатни мухофаза қилишдан уч босқичли назоратнинг 1- ва 2- босқичларининг ўтказилишини назорат қилиши ва методик ёрдам кўрсатиши ҳамда 3- босқичини ўтказиш ва назорат қилишда қатнашиш;
электр ускуналари, энергетика қурилмалари ва системаларига хизмат кўрсатиш ҳамда таъмирлаш ишларини бажариш лойиҳаларини ишлаб чиқишда, меҳнатни мухофаза қилишдан намунавий йўриқномаларга қўшимчалар киритишда қатнашиши;
электр қурилмалари, энергетика ускуналари ва системаларини ишлатиш билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларни текширишда ва сабабларини тахлил қилишда қатнашиши, уларни олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиши ва тадбиқ қилиши;
таркибий бўлинмалар раҳбарлари, мутахассисларини МХСТ, меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари ва меъёрларидан билимларни текшириш комиссияси ишида қатнашиши, лавозимига кўра, электр хўжалиги ишларини хавфсиз бажарилишини таъминлаш киради.
Пахта тозалаш корхоналари цехсиз таркибли бўлиб, уларда пахтани тозалаш, пахта маҳсулотларини ишлаб чиқариш, пахтани қайта ишлашнинг узликсиз машиналари тизимида бажарилади ва смена бошлиғи — смена устаси бу машиналар системасини (асосий ишлаб чиқариш жараёнини) бошқарилишини ташкиллаштиради. Смена устасининг иш зонасига пахтани ҳаво билан ташигич қувурларига узатиш, пахтани қуритиш, тозалаш, жинлаш, линтерлаш, пресслаш, уруғлик чигитларни тайёрлаш, ишлаб чиқариш чиқиндиларини йиғиш, тозалаш ва қайта ишлаш участкалари, толали маҳсулотлар тойларини тахтлаш ва чигитларни омборларга жойлаштириш жойлари киради.
5.6. Тайёрлов маскани бошлиғининг мажбуриятлари
Тайёрлов маскани бошлиғи пахта хом-ашёсини қабул қилиш, майдончаларга жойлаштириш ёки қайта ишлаш тизимининг тезкор майдончасига узатишни бенуқсон ва хавфсиз амалга ошириш учун — тайёрлов маскани иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишини, санитар-маиший хизмат кўрсатилишини тобора яхшиланишини, бино ва иншоотларни хавфсиз ва соз ҳолатда бўлишини, ишлаб чиқариш жараёнларини ва ускуналарини ишлатилишини МХСТ талаблари асосида олиб борилишини таъминлайди; меҳнатни мухофаза қилиш бўйича жамоа нозири билан биргаликда ишчиларни меҳнат қонунларига, меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари ва йўриқномаларига риоя қилишларини назорат қилади; ишчиларни хавфсиз иш усуллари ва услубларига ўқитиш, билимларини текшириш, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича бевосита иш жойларида дастлабки, даврий, навбатдан ташқари ва мақсадли йўл-йўриқларини ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди; иш жойида йўл-йўриқларни рўйхатдан ўтказиш журналини юритади ва иш участкасида бажариладиган йўриқномаси бўлмаган ишлар ва касбларга йўриқномалар ишлаб чиқилишини ташкиллаштиради; ишлаб чиқариш ускуналари, бино ва иншоотларини бузилмасдан режали таъмирлашни ўз вақтида олиб борилиши ҳамда уларни таъмирлашда хавфсиз меҳнат шароитларини яратилиши, хавфсизлигига юқори даражадаги талаблар қўйиладиган хавфли ишларни бажарилишига «наряд-рухсат”ларни расмийлаштириб ишларни бажарилишини ташкиллаштиради; ускуналар, қурилмалар, ёпгичлар (чегараловчилар, тўсиқлар), сигналлаш воситаларини тўғри ишлатилиши ва ҳолатини, иш жойларини ёритилганлиги, электр ускуналари, электр-газ-пайвандлаш ускуналаридан хавфсиз фойдаланишни назорат қилади, меҳнатни мухофаза қилиш тадбирларини амалга оширади; санитар-маиший хоналар ва қурилмаларнинг (кийим алмаштириш, ювиниш, исиниш хоналари ва б.қ.) қониқарли даражада бўлиши ва уларнинг ўз ўрнида ишлатилишини таъминлаши; иш жойидаги юриш, маскандаги ўтиш жойлари чекланмаслиги, тўсилмаслиги, пахта хом-ашёси сақлаш майдончаларида хом-ашё ва бошқа материалларнинг бетартиб тўпланишига йўл қўймаслиги; ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар тўғрисида зудлик билан корхонани иш берувчисига хабар беради, бахтсиз ҳодисаларни текширишини олиб бориш, жароҳатланишлар ва касалланишлар сабабларини олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиши ва тадбиқ этиши; меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатининг уч босқичли (маъмурий-жамоа) назоратининг иккинчи босқичини ўтказилишини ташкиллаштириши ва унда қатнашиши; ишловчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ишловчиларга амалдаги меъёрларга кўра ўз вақтида тиббий профилактика таомлари, сут ва махсус совунлар беришни ташкиллаштириш; меҳнатни мухофаза қилиш бурчагини ташкил қилиш ва ишларни бажарилишини хавфсиз усуллари ва услубларини тарғиботини уюштиради, меҳнатни мухофаза қилишнинг кўргазмали тарғибот ва ташвиқот воситалари билан участкани таъминлайди, меҳнат хавфсизлиги бўйича тайёрлов масканларининг илғор тажрибаларини қўллашни ташкиллаштиради.
5.7. Смена устасининг мажбуриятлари
Смена устаси — иш жойларида соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратилишини, санитар-маиший хизмат кўрсатилишини тобора яхшиланишини, бино ва иншоотларни хавфсиз ва соз ҳолатда бўлишини, ишлаб чиқариш жараёнларини ва ускуналарини ишлатилишини МХСТ талаблари асосида олиб борилишини таъминлайди; меҳнатни мухофаза қилиш бўйича жамоа нозири билан биргаликда ишчиларни меҳнат қонунларига, меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари ва йўриқномаларига риоя қилишларини назорат қилади; ишчиларни хавфсиз иш усуллари ва услубларига ўқитиш, билимларини текшириш, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича бевосита иш жойларида дастлабки, даврий, навбатдан ташқари ва мақсадли йўл-йўриқларини ўз вақтида ўтказилишини таъминлайди; иш жойида йўл-йўриқларни рўйхатдан ўтказиш журналини юритади ва иш участкасида бажариладиган йўриқномаси бўлмаган ишлар ва касбларга йўриқномалар ишлаб чиқилишини ташкиллаштиради; ишлаб чиқариш ускуналари, бино ва иншоотларини бузилмасдан режали таъмирлашни ўз вақтида олиб борилиши ҳамда уларни таъмирлашда хавфсиз меҳнат шароитларини яратилиши, хавфсизлигига юқори даражадаги талаблар қўйиладиган хавфли ишларни бажарилишига «наряд-рухсат”ларни расмийлаштириб ишларни бажарилишини ташкиллаштиради; ускуналар, қурилмалар, ёпгичлар (чегараловчилар, тўсиқлар), сигналлаш ва автоматика воситаларини тўғри ишлатилиши ва ҳолатини, иш жойларини шамоллатиш (вентиляция) қурилмалари, ёритилганлиги, электр ускуналари, электр-газ-пайвандлаш ускуналаридан хавфсиз фойдаланишни назорат қилади, меҳнатни мухофаза қилиш тадбирларини амалга оширади; санитар-маиший хоналар ва қурилмаларнинг (кийим алмаштириш, ювиниш, исиниш хоналари ва б.қ.) қониқарли даражада бўлиши ва уларнинг ўз ўрнида ишлатилишини таъминлаши; иш, ҳудуддаги юриш, цехлардаги ўтиш жойлари чекланмаслиги, тўсилмаслиги, хом-ашё ва тайёр маҳсулотларни сақлаш майдончаларида материаллар ва чиқиндиларнинг бетартиб тўпланишига йўл қўймаслиги; ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар тўғрисида зудлик билан корхонани иш берувчисига хабар беради, бахтсиз ҳодисаларни текширишини олиб бориш, жароҳатланишлар ва касалланишлар сабабларини олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиши ва тадбиқ этиши; меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатининг уч босқичли (маъмурий-жамоа) назоратининг иккинчи босқичини ўтказилишини ташкиллаштириши ва унда қатнашиши; ишловчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, ишловчиларга амалдаги меъёрларга кўра ўз вақтида тиббий профилактика таомлари, сут ва махсус совунлар беришни ташкиллаштириш; меҳнатни мухофаза қилиш бурчагини ташкил қилиш ва ишларни бажарилишини хавфсиз усуллари ва услубларини тарғиботини уюштиради, меҳнатни мухофаза қилишнинг кўргазмали тарғибот ва ташвиқот воситалари билан участкани таъминлайди, меҳнат хавфсизлиги бўйича корхоналарнинг илғор тажрибаларини қўллашни ташкиллаштиради.
5.8. Корхонада меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг мажбуриятлари
Корхонада меҳнатни мухофаза қилиш хизмати — корхонани бевосита раҳбарига ёки бош мухандисига бўйсинадиган мустақил таркибли бўлинма ва унинг асосий вазифаларига корхона ишловчиларига соғлом ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратишни ташкиллаштириш ишларини доимий такомиллаштириш, ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар ва касб касалликларининг олдини олиш, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича илғор тажрибаларни ва илмий ишларни тадбиқ қилиш ҳамда меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатини назорат қилиш киради.
Меҳнатни мухофаза қилиш хизмати, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича мухандис ёки уни вазифаларини бажарувчи шахслар мажбуриятларига:
меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишларни ташкиллаштириши ва корхонада амалда бўлган меҳнат ва меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонунларни, МХСТ талаблари, меҳнатни мухофаза қилиш бўйича қоидалар ва йўриқномаларга риоя қилинишини назорат қилиши;
корхона бўлинмаларига ишлаб чиқариш атроф-муҳити ҳолатини ўлчаш ишларини ташкиллаштиришда ёрдам кўрсатиши;
кириш йўриқномаси дастурини ишлаб чиқиши ва унинг ўтказилишини таъминлаши;
корхона бўлинмаларига меҳнатни мухофаза қилишдан йўриқномаларни ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишда услубий ёрдам кўрсатиши ҳамда ишчиларни хавфсиз ишлаш усулларига ўқитиш дастурларини тузишда иштирок этиши;
техника хизматлари раҳбарлари иштирокида, алоҳида касблар ва алоҳида ишлар турлари учун меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўриқномалар рўйхатини тузиши;
хавфлилиги юқори бўлган ишларни рўйхатини тузиши, уларни бажарилишини рўйхатдан ўтказиши ва хавфсиз бажарилиши устидан назоратни амалга ошириши;
буғ қозонлари, босим остида ишлайдиган идишлар, сиқилган, суюлтирилган ва эритилган газлар баллонларини, назорат аппаратлари, кранлар, кўтаргичлар, ишлаб чиқариш муҳити ҳавосини, шовқинни, титрашни параметрларини ўлчаш ва уларнинг рухсатли чегарасида фойдаланилишига риоя қилинишини назоратини олиб бориши;
техник тўсиқларнинг такомиллаштирилган конструкцияларини, сақлагич қурилмалари ва ишлаб чиқаришнинг хавфли омилларидан ҳимояловчи бошқа воситаларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда тадбиқ этилиши бўйича корхона раҳбариятига таклифлар тайёрлаши ва киритиши;
корхонанинг тегишли хизматлари ва касаба қўмитасининг меҳнатни мухофаза қилиш вакили билан бинолар, иншоотлар, ускуналарнинг техник ҳолатини, вентиляция ва чангсизлантириш системаларининг самарали ишлаши, санитар-техник қурилмалари, санитар-маиший хоналари, ишловчиларни жамоа ва шахсий ҳимоя воситалари ҳолатини текширишда иштирок этиши;
корхонада ва унинг бўлинмаларида меҳнатни мухофаза қилиш ҳолатининг уч босқичли назоратини ўтказилишини ташкиллаштириши ва унда қатнашиши;
меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишловчиларни қоидалар, меъёрлар ва йўриқномалардан билимларини текшириш бўйича комиссияларда, малака комиссиясининг малака имтиҳонларини ўтказиш бўйича ишларда қатнашиши;
лавозимли шахслар, мутахассисларни меҳнат ва меҳнатни мухофаза қилиш қонунлари, меҳнатни мухофаза қилиш меъёрлари ва қоидаларидан билимларини текшириш бўйича имтиҳон комиссияларининг ишида қатнашиши;
ишловчиларни шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланишини ва улардан тўғри фойдаланилишини назоратини олиб бориши;
меҳнат шароитларини яхшилаш, ишловчиларни соғлиғини мустаҳкамлаш саволларига тегишли жамоа шартномасининг бўлимини тузишда қатнашади ва корхона бўлинмалари санитар ҳолатини паспортлаштириш ишларини бажарилишини ташкиллаштириши;
ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалланишлари текширувида қатнашиши, уларни олдини олиш бўйича тадбирлар тузиши ҳамда ҳисобга олиш ва сабабларини тахлиллаши;
давлат ихтисослаштирилган назорат органлари тақдимномаларида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш тадбирларини тузиши ва тадбирларни бажарилишини назорат қилиши;
меҳнатни мухофаза қилиш саволлари бўйича ишловчиларга консультациялар бериши, меҳнатни мухофаза қилиш кабинети ишига раҳбарлик қилиши, корхонада меҳнатни мухофаза қилишни тарғиботини амалга ошириши;
тегишли хизматлар орқали корхонани қоидалар, меъёрлар, плакатлар ва бошқа меҳнатни мухофаза қилиш қўлланмалари билан таъминлашни ташкил қилиши ҳамда меҳнатни мухофаза қилиш маълумот стендларини жиҳозлашда услубий ёрдам кўрсатиши;
танловлар ва кўрикларни якунловчи комиссиясининг ва корхона баланс комиссиясининг ишларида қатнашиши;
меҳнатни мухофаза қилиш масалалари бўйича меҳнаткашларнинг хатлари, аризалари ва шикоятларини кўриб чиқиши, улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиши;
меҳнатни мухофаза қилишдан белгиланган муддатда ўрнатилган шаклларда ҳисоботлар тайёрлаши киради.
Ундан ташқари, бинолардан фойдаланиш хизмати ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини хавфсиз ҳолати устидан техник назоратни амалга оширади
Автотранспорт ва темир йўл транспорти воситаларида ва кириш йўлларидан фойдаланиш ва уларни ҳолатини хавфсизлигини; юкларни ортиш-туширишни ташкиллаштириш; ҳудудларни ва санитар-маиший хоналари қониқарли даражада ушлаб туриш, ичимлик сув билан таъминлаш, жамоа ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлашни корхона раҳбарини шу йўналишлар бўйича ўринбосарлари ва уларга бўйсунувчи бўлинмалар таъминлайди.
6. ПАХТА ТОЗАЛАШ КОРХОНАЛАРИДА МЕҲНАТНИ МУХОФАЗА ҚИЛИШ БЎЙИЧА ИШЛАРНИ ТАШКИЛЛАШТИРИШ
6.1. Меҳнатни мухофаза қилиш хизматини ташкиллаштириш
Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш қоидаларига риоя қилишга жавобгарлик иш берувчига юклатилган. У қуйидагиларни таъминлаши керак:
ишлаб чиқариш бинолари, иншоотлари ва ускуналарини хавфсиз эксплуатация қилишни, технология жараёнларини хавфсизлигини, шунингдек жамоа ва шахсий ҳимоя воситаларини қўлланилишини;
қонунлар билан ўрнатилган меҳнат ва дам олиш тартибларини;
ҳар бир иш жойида тегишли меҳнат шароитларини;
меҳнатни мухофаза қилиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқилиши ва бажарилишини;
қонунларга биноан дастлабки (ишга қабул қилишда) ва даврий тиббий кўрикларни олиб бориши;
меҳнатни мухофаза қилиш талабларига биноан иш жойларини ва ишлаб чиқариш объектларини сертификациялашни олиб бориши;
ишловчиларни махсус кийим, оёқ кийим ва бошқа шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланишини, шунингдек уларни ўз вақтида тозаланиши, ювилиши ва таъмирланишини;
меҳнат шароитларининг ноқулайлиги ва хавфлилиги оқибатида ишловчиларнинг соғлиғига етказилган зарарни қопланишини;
ишловчиларга иш жойидаги шароитлар ва меҳнатни мухофаза қилишнинг ҳолати тўғрисидаги, соғликни шикастланиш таваккали мавжудлиги тўғрисида ва уларга берилиши керак бўлган шахсий ҳимоя воситалари, компенсациялар ва имтиёзлар тўғрисида ахборот берилишини;
Ўзбекистон республикасининг меҳнатни мухофаза қилиш тўғрисидаги қонунида ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилиши ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши, меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати корхонанинг мустақил таркибий бўлинмаси бўлиб, бевосита корхона раҳбарига бўйсиниши қонунлаштирилган.
Ишловчилар сони 50 кишидан кам бўлган корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг яратилиши тўғрисидаги қарорни раҳбар ташкилот фаолияти хусусиятларини ҳисобга олиб қабул қилади. Корхоналарда меҳнатни мухофаза қилиш бўйича комитетлар (комиссиялар) тузилади, уларнинг таркибига иш берувчининг, касаба уюшмаларининг ёки ишловчиларнинг бошқа ваколатли органи вакиллари киради. Бу комитетлар меҳнатни мухофаза қилишдан жамоа шартномасини ишлаб чиқилишини ташкиллаштиради, иш берувчи ва ишловчиларни меҳнатни мухофаза қилиш талабларини таъминлаш, ишлаб чиқариш жароҳатланишлари ва касб касалликларини олдини олиш ишларини бажаришларини мувофиқлаштириб боради.
Корхона раҳбарияти меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишларга оддий ишловчиларни жалб қилиши, жароҳатланиш ва аварияларни камайтиришга йўналтирилган қабул қилинаётган чоралар, янги технологияларни тадбиқ этиш масалалари ва б.қ. бўйича улар билан консультациялар олиб бориши керак. Корхонада меҳнатни мухофаза қилиш хизматини яратилиши, бошқа хизматлар ва бўлинмалар ишловчиларни хавфсизлигини таъминлаш муаммолари билан шуғулланмайди, дейилгани эмас. Меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ходимларни ўқитиш ва қабул қилинган қарорларни бажариш у ёки бу даражада корхонани барча таркибий бўлинмаларига тегишли бўлади. Меҳнатни хавфсиз шароитларини яратиш бўйича ишларни бажарилишини қуйидаги умумий тамойиллар раҳбарлигида таъминлаш керак:
1) хавфсизлик чоралари ва воситалари мажмуи бўлиши мумкин бўлган таҳдидлар ва таваккалларга мос бўлиши керак;
2) ташкилий ва техник хавфсизлик чоралари персоналга ўзини ишлаб чиқариш топшириғини бажаришга халақит бермаслиги керак;
3) қўлланилаётган хавфсизлик методлари ва воситаларининг ўзи ишловчилар учун хавф солмаслиги керак;
4) хавфсизлик чоралари амалдаги қонунчиликка қарши бўлмаслиги керак;
Ишловчиларни ҳаёти ва соғлиғини устиворлигини таъминлаш меҳнатни мухофаза қилиш соҳасидаги стратегик йўналиш бўлади. Бу стратегияни муваффақиятли амалга оширилишини таъминлаш учун корхонада меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишларни қуйидаги тамойиллар раҳбарлиги асосида бажарилишини ташкиллаштириш керак:
1) барча бошқарув даражаларида ишлаб чиқаришнинг барча масалаларини ечишда меҳнат хавфсизлиги муаммоларини ҳисобга олишни мажбурийлиги. Бу барча босқичларда, жараёнларни лойиҳалашдан то эксплуатациялашгача, меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари ва нормалари риоя қилиниши ва бажарилиши керак дегани бўлади;
2) корхонада меҳнат хавфсизлиги учун раҳбарларнинг ҳар бирининг жавобгарлиги, иш берувчидан то мастергача. Меҳнатни мухофаза қилиш саволлари бўйича ҳар бир раҳбарнинг фаолият мажбуриятлари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари лавозим мажбуриятларида аниқ қайд қилинган бўлиши керак;
3) меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг корхонанинг бевосита юқори даражадаги раҳбарига бўйсинганлиги;
4) меҳнатни мухофаза қилиш хизмати ва корхонани бошқа хизматлари олдида турган масалаларни аниқ чегаралаш, меҳнатни мухофаза қилиш хизмати етакчилигида корхонани бошқа бўлинмалари билан биргаликда ишлаб чиқаришни хавфсизлигини ташкиллаштириш;
5) меҳнатни мухофаза қилиш хизматининг тадбирларида иш жойларини меҳнат шароитларини назоратли текширувининг устиворлиги;
6) меҳнатни мухофаза қилиш муаммоларини ечишда корхонани барча ходимларини жалб қилиш; меҳнат жамоаси вакиллари билан яқиндан мулоқат қилиш;
7) хавфсизлик ва гигиенани таъминлаш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
8) иш жойларида таваккал ва хавфларни чуқур текширилишини олиб бориш;
9) меҳнатни мухофаза қилиш бўйича ишларни қатнашчилари ва ташкилотчиларини компетентлилигини таъминланганлиги.
6.2. Ишловчиларни тиббий кўриклардан ўтказишни ташкиллаштириш
Ишчилар ва хизматчиларни дастлабки тиббий кўриги ишга кираётганда, даврий кўриги эса қонунчиликка биноан ўтказилади. Меҳнатни мухофаза қилишнинг давлат норматив талабларини ишлаб чиқиш бўйича методик тавсиялар қуйидаги ҳужжатларни ишлаб чиқилишини назарда тутади:
1) ишловчилари дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтиши мажбурий бўлган зарарли, хавфли моддалар ва ишлаб чиқариш омилларининг вақтинчалик таркиби;
2) ишловчилари дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтиши мажбурий бўлган ишларнинг вақтинчалик таркиби;
3) ишловчиларни ишга киришда дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан мажбурий ўтказиш тўғрисида Низом;
4) касб касалликлари рўйхатини қўлланилиши бўйича Йўриқнома.
Тиббий кўриклар тегишли лицензия ва сертификатга эга бўлган даволаш-профилактика ташкилотлари томонидан ўтказилади. Психиатр кўриги текширилаётган шахсни доимий рўйхатда турган жойидаги психоневрологик диспансерда ўтказилади. Тиббий кўриклар касалликлардан, бахтсиз ҳодисалардан огоҳлантириш ва меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек у ёки бу касбга тегишли тиббий қарши кўрсатмаларга кўра касбий танлаш мақсадида олиб борилади. Касби ёки бажариладиган иш турига боғлиқ ҳолда даврийлиги — бир, икки, уч йилда бир марта бўлади.
Худди шу мақсадларда, юқори хавф шароитларида касбий фаолиятнинг алоҳида турларини амалга ошириш учун, психиатрик қаршиликларни аниқлаш бажарилади. Бундай психиатрик қаршиликларга алкоголизм, гиёҳвандлик, токсикомания, эпилепсия, чегаравий ақлий заифлик, сўзлашдаги нуқсонлар ва оғир шаклдаги дудуқланиш ва б.қ. киради. Даврийлиги — беш йилда бир марта.
Тиббий кўрикдан ўтилиши керак бўлган ишловчиларнинг лавозимлар рўйхати Ўздавсанэипидназоратнинг жойлардаги марказлари ва иш берувчилар ҳамда касаба уюшмалари ёки бошқа жамоа ташкилотлари билан биргаликда (цехлар, касблар, хавфли, зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш омиллари бўйича) бундан аввалги йилнинг 1-декабридан кечиктирмай аниқланади. Тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма, ишловчига таъсир ўтказувчи зарарли, хавфли моддалар ва ишлаб чиқариш омиллари рўйхатига биноан, иш берувчи томонидан ишловчининг қўлига берилади.
Иш берувчига тавсия қилинади:
Ўздавсанэипидназорат марказидан даврий тиббий кўриклардан ўтиши керак бўлган шахслар контингенти тўғрисида маълумот олгандан кейин, бир ой муддатда бундай шахсларнинг номлари билан рўйхатини тузишлари, унда ишлаб чиқариш, цехлар, касблар, ишловчиларга таъсир ўтказадиган хавфли, зарарли моддалар ва ишлаб чиқариш омиллари, берилган шароитлардаги иш стажи кўрсатилиши керак;
кўрсаткичлар мавжудлигида ишловчиларни ўз вақтида даврий ва навбатдан ташқари тиббий кўрикларга йўллаш, йўлланмаларда барча керакли маълумотларни кўрсатиш;
тиббий кўрикдан ўтмаган ёхуд тиббий кўрик кўрсаткичлари бўйича ишга рухсат этилмаган шахсларни ишлашига рухсат этмаслик;
дастлабки тиббий кўрикдан ўтишга йўлланаётган шахсларни йўлланма бланклари билан таъминлаш, унда тиббий текшириш натижалари ва топширилган ишларни бажариши мумкинлиги ҳақида хулоса қайд этилади.
Касбий меҳнат қобилиятини йўқотилиш даражасини аниқлаш шифокор техник эксперт комиссиясиялари (ШТЭК-ВТЭК) зиммасига юкланган, улар тегишли ногиронлик гуруҳини ва жабрланувчининг қўшимча ёрдам турларига муҳтожлигини аниқлайди.
6.3. Ишчиларга йўл-йўриқлар бериш ва уларни ўтказилишини ташкиллаштириш
Ишчиларга меҳнатни мухофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар бериш, тавсифи ва ўтказилиш вақтига кўра, қуйидаги турларга бўлинади: кириш, иш жойидаги дастлабки йўл-йўриқ, қайта, режадан ташқари ва мақсадли йўл-йўриқ бериш. Буларнинг барчасида ўқитиш ва билимларни текшириш элементлари мавжуд.
Бесплатный фрагмент закончился.
Купите книгу, чтобы продолжить чтение.